СИЗГА ТАСАННО, ПАХТАКОРЛАР!

"Меҳнатнинг таги роҳат",- дейишади доно халқимиз. Албатта, меҳнат қилган ҳар бир инсон вақти келиб ўз  меҳнатлари натижасини кўради.  Бу қоидага бизнинг  "Пичоқчи"  маҳалла фуқаролар йиғини фермерлари ҳам амал қилиб келишмоқда. Бугунги  кунда ҳам маҳалламизнинг  пахта   далаларида деҳқоннинг машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган мўл ҳосилни нест нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Маҳалламизга қарашли бўлган ҳудудда жами 9 та фермер   хўжаликлари  бўлиб,  бугунги кунга қадар  уларнинг   барчаси туманда пешқадамлар сафида пахта режасини ортиғи  билан   бажаришди. Бу борада "Пичоқчи   кадастр"  фермер хўжалиги, "ўуломжон чиройли боғлари",   "Тарновхўжа",   "Пичоқчи-Саидхон", "Мирзо", "Икром-Жавоҳир", "Пичоқчи Барака", "Шахноза-Нозанин омадли", "Тарнов унумдор замини" фермер хўжаликларининг номларини фахр билан тилга оламиз.  
Шуни қувонч билан таъкидлаш лозимки, пахта далаларида терим мавсуми бошланиши билан маҳалла аҳолиси ҳам не-не машаққатлар эвазига етиштирилган саноат хом ашёсини йиғиб-териб олишда пахтакорларга ёрдам бериш учун отланишди. Айни пайтда ҳам маҳалланинг 80-100 нафардан ортиқ хотин-қизлари ўз ташаббуслари билан пахта йиғимида қатнашишмоқда. Ўзининг жонкуярлиги  ва меҳнатсеварлиги билан  ажралиб турувчи  теримчиларимиздан Кенжаева Бувиражаб, Омонуллаева Камола, Норсаидова Замираларнинг номларини бу борада алоҳида тилга олиб ўтсак арзийди. Номлари тилга олинган бу теримчилар ўз оила аъзолари билан теримда фаол иштирок этишиб, кунига 400-500 килограммгача пахта  теришмоқда. Бугунги кунга қадар бу теримчиларнинг оилалари билан терган пахтаси 8-9 тоннадан ошиб кетди.  
Пахтазор - мардлар майдони, дейишади. Об-ҳавонинг барча қийинчиликларини ўзларининг мардонавор меҳнатлари билан енгиб, халқимизнинг тўкин-сочинлиги йўлида оқ олтин етиштираётган қадоқ қўлли фермерларимиз ва уларга камарбаста бўлаётган чевар теримчиларимизнинг самарали меҳнатини ҳар қанча мақтасак камлик қилади. Юртимиз тараққиёти йўлида ўзларининг муносиб улушларини қўшаётган пахтакорларимизнинг эзгу мақсад йўлидаги ишларида улкан ютуқлар ва куч-қувват тилаймиз.
Зарнигор ЭШМИРЗАЕВА,
                                                                 Пичоқчи маҳалласи.