Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш соддалаштирилади

Президентимизнинг жорий йилнинг 11 ноябридаги "Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. 
Фармон билан тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат НҲҲ ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этиш белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
*вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
2023 йил 1 январдан бошлаб соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солишни назарда тутувчи "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.
Махсус ҳуқуқий режим тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади. Бунда келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади.
Ҳар бир лойиҳа бўйича Махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади. Махсус ҳуқуқий режим якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади. Маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестри тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича ўрнатилган барча талаблар, уларнинг муддатлари, улар билан боғлиқ молиявий харажатлар, талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қи-лувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чораларини ўз ичига олиши белгиланди.
Д.АШУРОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи.