ОЗИҚЛАНТИРИШ ҲОСИЛНИ ОШИРАДИ

Маълумки, кузги ғалла экинлари биологик хусусиятига кўра қишнинг ҳар бир илиқ кунларида ҳам ривожланишида давом этадики, бу айниқса, ҳозирда, яъни эрта баҳорги илиқ нафасида яққол номоён бўлади. Бу аввало, қишдан толиқиб чиққан мурғак майсаларнинг илдиз тизими ҳали тупроқнинг юза қатлами (10-15см) да бўлганлиги ва найчалаш даврининг бошланишидан аввал бир оз бўлса-да тин олиб, сўнгра жадал ривожланишига ишорадир. Қарангки, айнан шу паллада  кўк майсалар намлик билан азот озиқ моддаларига  эҳтиёж сезади. Бу уларга сув ва ҳаводек зарур, албатта. Чунки, қишда туплаб чиққан илдиз  тизими ҳали нимжон ва ёғиб ўтган қор заррачаларига тўйинган бўлса-да, нафақат елвизак шамолларга, ҳатто қуёшнинг тиғли тафтига ҳам дош бера олмайди.
Шу боис айнан шу даврда бепарволик ва ўзи бўларчиликка асло йўл қўйиб бўлмайди ва ҳар бир кечиккан фурсат пироварида ғалла ҳосилининг муқаррар камайишига олиб келиши тажрибаларда исботини топган. Агарда бунинг акси бўлса у ҳолда ғалла эрта баҳорги энг муҳим босқич, яъни найчалаш даврини жадал ўтайди. Чунки айнан шу даврда ўсимлик бўлғуси ҳосил яратувчи аъзолари (бошоқ, гул, дон ва бошқ.)ни шакллантиради. Натижада экин туп сони ортиб, поя барг ва бошоқлари бақувват, дони эса йирик ҳамда салмоқдор бўлади.
Бундай агротехник тадбир шубҳасиз, ғалла ривожини тезлатади ва қисқа фурсатда ўз вақтида, самарали фойдаланиш имконини беради. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбар-мутахассислари биринчи озиқлантиришни муайян сабабларга кўра кеч экилган, сийрак униб чиққан ва ривождан орқада қолган ёки қишлаш жараёнида заифлашган ва уруғлик майдонида камида 120-150 кг/га ҳисобида қўшимча озиқлантириш тавсия этилади.
Ушбу агротехник тадбирлар орқали ҳар бир майдондаги майса туп сони тўлишади ва кўчатлар барқарорлашади. Агарда ривожи суст майдонларда орадан 1,5-2 ҳафта ўтиб аммиакли селитра билан ўғитланса натижада 4-5 ц/га ҳисобига қўшимча хирмон ҳосили яратилади. Фермерларимиз биринчи озиқлантиришнинг ўзидаёқ эрта пишар навларга ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда, бундай майдонларни ҳам ҳафта-ўн кун аввал (баравж ривожланишини ҳисобга олган ҳолда) озиқлантиришлари зарур.
Қолган майдонларда эса шу кеча-кундузда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 25% (физик ҳолда 150-170 кг/га) ни беришни охирига етказиш лозим бўлади. Ер ости суви чуқур ва қор кам бўлган туманларда далага техниканинг кириши билан майсаларини барги орқали эритма (суспензия) озиқлантиришга ҳам киришиш мумкин бўлади. Бу агротехник тадбир ғалла ривожига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки бунда ўсимлик барг сатҳи ортиши боис қуёш нури (фотосинтез)ни яхши ўзлаштиради, касаллик ҳамда зараркунандаларга бардошлиги бирмунча юқори бўлади ва ҳоказо.
Сўнгра орадан 10-12 кун ўтиб эса навбатдаги муҳим тадбир - иккинчи озиқлантиришга киришилади. Чунки бу паллада ғалла майсалари биринчи озиқадан сўнг жадал ривожланиш даврига киришиши боис ер устки вазни кескин ортади, поя ва баргларнинг сони кўпаядики, бу эса озиқ моддаларга кучли эҳтиёж сезади.
Шу мақсадда майсалар азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 50%и, (250-300кг/га) ҳисобида озиқлантирилади. Ўғитлашдан сўнг ҳафта-ўн кун ўтгач тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ғаллазорларни ўртача 700-800 м3/га ҳисобида яхшилаб суғориш тавсия этилади. Ушбу муҳим агротехник тадбир  "шарбат" усулида қўшимча озиқлантириш билан олиб борилса янада самаралироқ бўлади. 
Аммо бу даврда ғалла майсалари ер бетини қоплайдиган даражада ўлишигига эътибор қаратилади ва бу ғалла майсалари тўлиқ найчалаш даврда ўтказилиши тавсия этилади. Натижада ана шу биргина тадбир орқали камида 3-5 ц/га қўшимча ҳосилга замин яратилади. Кузги бошоқли дон экинлари учун учинчи озиқлантириш эса об-ҳаво шароитига қараб бу йил март ойининг бошига тўғри келади ва одатда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг қолган қисми билан амалга оширилади.
Шундай қилиб, таъкидлаш жоизки, кузги ғалла экинларини ўз вақтида, тезу-соз ва сифатли ўтказиш шубҳасиз, бўлғуси ҳосил учун пухта замин яратади, деб ҳисоблаймиз.
Хидирали БОТИРОВ, 
қишлоқ хўжалик. фанлари доктори;
                  Саъдулла КАЗАКОВ, 
Ўз ҚХИИЧМ вилоят бўлими бош мутахассиси; 
Мавзуга оид: