Боғ ва узумни парвариш пиширади

Юртбошимизнинг 2021 йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур соҳага бўлган эътиборни янада кучайтириб, унинг хуқуқий ва иқтисодий асосларини кафолатладики, бу айниқса, боғдорчиликни бутун чоралар билан тараққий эттириш йўлида агротехник қаровни изчил олиб боришини тақоза этади. 
Жорий йилда қишнинг ижобий ва баҳорнинг нисбатан эртароқ ва серёғин келиши, ундан сўнг эса ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кам учрайдиган ҳодиса бўладики, бу ўз навбатида боғ қаровини илмий тавсиялар ҳамда илғор тажрибалар билан узвий равишда олиб боришни тақоза этади. 
Шундан келиб чиққан ҳолда шу ойда боғ-роғлар камида 2 марта суғорилгач, дарахт атрофлари юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади.  
Шу мақсадда ёш боғ қатор ораларига 10-12 см чуқурликда ишлов берилиб, эски новдалари ва бегона ўтлар олиб ташланади. Интенсив боғларни ҳам томчилатиб суғориш ва бир йўла азотли ўғит билан (100-120 г/ кўчат) эритма ҳолда озиқлантирилади. Ҳосилли боғларда эса 70-80 см оралиқда 22-25 см чуқурликда эгатлар олиниб, 1-2 кун давомида заҳлатиб, бўз типли тупроқларда 700-800 м 3 /га, тошлоқ ерларда эса 400-500 м 3/ га  ҳисобида суғорилади. 
Жорий йилда ёғин миқдорининг меъёридан ортиқ бўлиши боғда баргнинг тешик доғ (клястеспориоз), калморез (парша), ун шудринг қўйиш (монилиоз), каби касалликлар шунингдек, олма қурти, шира ва бурга (медяница) зараркунандалари хуружи ҳам кузатилади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда олма, нок, ол-хўри қурти, ва бургаларга қарши ривожига қараб ҳар 10-15 кунда, олмалар эса гуллагандан 40-45 кун ўтгач карбофос (100 л сувга 200-300 грамм), циперфос (100 грамм) ёки дсуле (30-40 граммга) фуфанан (100 грамм) каби кимёвий воситаларини қўллаш яхши натижа беради. Бироқ эрта пишар олма навларига ишлов бериш истеъмол қилиниши муносабати билан бундан мустасно ҳисобланади. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилда мевали боғларимизда ҳосилнинг пишиб етиши ҳар йилгига нисбатан ўрта ҳисобда 15-20 кун аввал рўй беришини ҳисобга олишимиз даркор, албатта. Шу муносабат билан ҳозирда меваларимиздан қулупнай, гилос, олча, оқ олма ва бошқа эртанги олмалар, малина ва қарағат (смородина) лар пишиб етиладики, улар бозорларимиз расталарида аҳоли эхтиёжи учун, қолаверса жойларда қайта ишлаш корхоналари учун экспорт қилиш ҳам йўлга қўйилмоқда. Уй хоналарда эса қулупнайнинг биринчи ҳосилидан халқимиз баҳра топди ва иккинчи ҳосили етиши учун қулупнайзорларга ишлов бериб, бегона ўтдан тозалаш, сўнгра эса 90-120 кг/га азот ва 60-90 кг/га фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилади, ортидан эса оби-тобида суғорилади. Шундай қилинса ривожи тезлашиб ҳосил бўладиган ипчаларини ерга қадаб кўпайтириш учун тайёр бўлади ва улар келгуси ойда янги ерга экилиши мумкин бўлади. 
Агарда янги қулупнайзор барпо этиладиган бўлса у ҳолда бундай майдонга 30-35 т/га гўнг ташлаб,  30-35 см чуқурликда ҳайдалгач, чизел қилиб текисланади ва кўчат экиш учун 60-70 см кенгликда ариқчалар олинади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, боғзорлардан ташқари токзорларга ҳам жорий йилда алоҳида эътибор билан қаров ўтказилади. Ток туклари қалинлашиб, сербарг бўлишининг олди олинади ва хомтак нисбатан эрта ўтказилади. 
Умуман эса токзорларда ток қаторидан, 50-60 см масофада бир жуфт суғориш учун жой (ариқ) лар олиб қўйилади. Жорий йилнинг баҳор ойлари ва май ойида бўлиб ўтган ёғингарчилик боис токзорларимизда оидилум, антракноз, баъзи туман (Тайлоқ, Жомбой, Самарқанд) ларда эса мильдю касаликлари ривожланиши ва буровига олиши мумкин. Шу мақсада уларга қарши ҳар 8-10 кунда икки марта олтингугурт (25-30 кг/га ҳисобида) махсус мослама (насос, чанглатгич ва бошқ) лар ёрдамида чанглатиш тавсия этилади. Бунда олтингугуртнинг таркибига яна 20 кг оҳак кукуни ҳам қўшиб ишлатилса, унинг самарадорлилиги янада юқори бўлади. 
Башарти аҳоли хоналарида олтингугурт кукунини қўллаш имкони бўлса, у ҳолда Вектра, Топаз, Тиль (10 л эрувчи 3-5 г) ёки Топсин (10 г) каби доривор воситаларини қўллаш мумкин.
Шундай қилиб, юқоридагилар асосида мазкур агротехник чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилса бу шубхасиз, боғ ва токзорлардан жорий йилда ҳам мўл ҳосил олиш учун пухта замин яратган бўламиз.       

Хидирали БОТИРОВ, 

  қишлоқ хўжалиги фанлари

 доктори.

Мавзуга оид: