ТАДБИРКОР ОИЛА ИБРАТИ

Паррандачилик нозик, шу билан бирга сердаромад соҳа ҳисобланади. Юртимизда парранда гўшти ва тухумини етиштириш борасида анчагина ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу соҳа билан шуғулланиш истагида бўлганларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Буларнинг барчаси аҳолини даромадини ошириш, етти хазинанинг бири бўлган паррандачиликка катта эътибор берилиши, истеъмол бозорларимизни безаб турган сифатли парҳез гўшт ва тухум маҳсулотлари натижасидир. Қолаверса, аҳоли томонидан паррандачилик билан шуғулланаётганлар сони ҳам ортиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир. Биргина Даҳбед маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам ўз хонадонларида хонаки товуқ боқиб, ундан яхши даромад кўришаётир. Айни пайтда нафақадаги педагог Баҳодир Жўраев билан турмуш ўртоғи Малоҳат Жўраевалар қарийб 30 йилдан бери паррандачиликнинг ҳар-хил турларини кўпайтириб, оиласига қўшимча даромад келтиришаяпти. Асли касби математика ўқитувчиси бўлган Баҳодир Жўраев ёшлигидан ғоз, индаутка, ўрдак, курка, хонаки товуқларнинг бир неча хилларини кўпайтиришга қизиқиб келади.
-   Бу соҳа менга ота касб. Болалик чоғларимда ҳам уйимизда паррандалар бўлар эди, келган ҳар бир инсон дарҳол ноёб бўлган хўроз турларини томоша қилишга қизиқар эди, - дейди Баҳодир ака. - Мен кўпроқ зотдор тувуқ навларини яратишга қизиқаман. Бунга сабаб нима, деган савол туғилади. Биринчидан, товуқнинг килограмми ортади, иккинчидан шунга яраша тухуми анча катта ва шифобахш бўлади. Ҳозир товуқнинг "Брама" ва "Қора шаҳзода" зотларига ҳам талаб кучли, ҳам харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тухумининг ўзи ўн беш минг бўлса, жўжаси икки юз минг, бирга кирмаган хўрози эса беш юз минг сўмдан сотилмоқда. Энг муҳими эса паррандалар билан шуғулланиш ўзимга мароқ бағишлайди. Ўзим бундан ҳузурланаман.
Шунингдек, мазкур оилада парваришланаётган турли хил паррандаларга талаб юқори бўлганлиги боис, улар кўпайтирилиб, икки юз эллик минг сўмдан сотилмоқда. Бундан ташқари қуёнчилик соҳасидан ҳам анча фойда кўраётганликларини яшириб ўтиришмади. Умуман олганда, ўртача йилига 35-40 миллион даромад топаётганлигини аниқ рақамларда баён этишди. Шу ўринда устоз Малоҳат опа ҳам айни пайтда нафақада бўлишига қарамасдан, табиий гуллар, тувакларда етиштириладиган гулларнинг бир неча хилларини кўпайтирмоқда. Гулларнинг хушбўй таровати хонадонга кирган ҳар бир инсоннинг баҳри дилини очиши аниқ. 
Хулоса қилиб айтганда, файзли хонадоннинг пиру бадавлат бу инсонларининг юз-кўзида шукроналикни кўриш мумкин. Меҳнат билан рўзғор ободлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Бундай меҳнаткаш, саранжом ва чиройли оилалар туманимизда кўпаяверсин.
С.Ибрагимов.
Суратда: тадбиркор Баҳодир Жўраевни кўриб турибсиз.
Мавзуга оид: