УЛУҒ СИЙМО

Дунёда кўплаб етакчилар ўтган, ҳар қандай етакчининг номи ҳам ўз мамлакати тимсолига айланавермайди. Бу факат ноёб шоҳларгагина берилган неъматдир. Мустақил Ўзбекистон учун ХХ аср охири ва ХХI аср бошида Ислом Каримов ҳақли равишда ўз мамлакатининиг сиёсий тимсолига айланди. Ҳар бир давлат раҳбарига тарихнинг ўзи баҳо беради. Кадр-қимматини жойига қўяди. Ислом Каримов ҳам тарих силсилаларидан ўтиб, қадр-қиммат топган улуғ инсонлар қаторидан жой олади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг орамиздан кетганига тўрт йил бўляпти, аммо у инсоннинг турли учрашувлардаги нутқлари,телевидение орқали чиқишлари, қалб қўридан отилиб чиққан сўзлари ҳамон қулоғимизга қайта-қайта эшитилаверади. Ўтган йил ичида у кишини соғиниш уни билган барча инсонларга тинчлик бермай келмокда, десак, хато бўлмайди.
Ҳа, Ислом Каримов ҳаётимизга, қалбимизга чуқур сингиб кетганини энди ҳис қилмокдамиз. Назаримизда, буларнинг замирида фақат бир нарса ётади у киши ўз юртини, ўз халқини дил-дилини яхши кўрар эди. Ислом Каримов ишни аввало, Ўзбекистонни дунёга танитишни, унинг халқаро нуфузини оширишдан бошлади. Бу айтишга осон, аммо ўша давр учун амалга ошириш ўта мураккаб бўлган жараён эди. Қисқа қилиб айтганда, дунёга ўзбекнинг кимлигини кўрсатиш керак бўлган вақт келган эди. Ислом Каримов қисқа давр ичида ўз халқининг йулбошчиси, иродали, катъиятли, бир сўз билан айтганда, доно раҳбар сифатида ишончини қозонди. Халқнинг меҳр- муҳаббатига сазовор бўлди, одамларнинг юрагидан чуқур жой олди. Ислом Каримов юртимиздагина эмас , яқин ва узоқ хориж мамлакатларида ҳам катта шуҳрат қозонган эди. Германия матбуотида Ислом Каримов “Ўрта Осиёдаги энг кучли Президент” Ўзбекистонни эса “Ҳамдўстлик мамлакатлари орасидаги энг тинч ва ривожланаётган мамлакат” деб тан олган эди. Америка Қўшма Штатларида чиқадиган “Новое Русское слова ” газетаси эса Ислом Каримовни Тожикистонда ва умуман Марказий Осиё минтақасида тинчликни сақлашдаги буюк хизматлари ҳамда халқаро ташкилотлар фаолиятига самарали ёрдам кўрсатганлиги учун халқаро тинчлик Нобель мукофотига муносиб деб баҳолаган эди. Бундай муносабатлар эса Ислом Каримов номи ва фаолияти туфайли Мустақил Ўзбекистон давлатининг, ўзбек миллатининг шаъни улуғланаётганини намоён этган эди.
Ислом Каримов нафақат давлат арбоби, балки олижаноб ва бағрикенг инсон, миллатпарвар , юртпарвар ўз халқининг ҳақиқий фидойиси, жонкуяри эди. Ислом Каримовнинг дўстлари, шогирдлари, кўнглидан жой олган инсонлари кўп эди. Бундай улуғ инсон билан видолашишга чиққан одамлар шаҳримиз кўчаларига сиғмай кетди. Бу манзарани кўрганимда беихтиёр Абдулла Каҳҳор асарларидан бирида асар каҳрамонига берилган: “Бу одам дунёга келиб, одам экиб кетган экан”, деган таърифи беихтиёр эсимга тушади. Ҳа, ҳалол, покиза одамни ҳамма бирдай яхши кўради, унинг улуғ сиймоси эса одамлар қалбида абадул-абад яшаб қолади. Ўзбек халқи дунёда мавжуд экан, унинг фоний умри адоғига етган бўлса ҳам буюк ишлари асрлар оша яшайверади. Шундай улуғ Юртбошим бўлганидан ғурурланаман ва бир даврда яшаганимдан фахрланаман.
Маҳқулой МАҲМУДОВА,
40-мактаб ўқитувчиси.