ХАЁЛПАРАСТ “ТАДБИРКОР”

Солижон ҳўкизини яхши нархда сотиб, хурсанд бўлиб уйига қайтди. Эрининг мамнун қайтганлигини кўрган хотини деди:

- Дадаси шу пулга машина олайлик.

- Эй, хотин, бу пулга машина бермайди-да.

- Эски, минилган машина бўлса ҳам майли. Етмаса яна битта мол сотамиз.

- Йўқ, - деди Солижон кескин оҳангда. Бу пулга ёнғоқ оламан, чақиб мағзини сотаман, пўчоғи фойдага қолади. Қишга ўтин. Ҳозир қишлоқда ҳамма одамлар молини сотиб ёнғоқ олаяпти, керак бўлса машинасини ҳам сотиб тонналаб ёнғоқ олаяпти.

 Адибанинг асаби бузилди:

- Одамлар томдан ташласа сиз ҳам ташлайсизми? Хўп, майли, сиз айтгандек ёнғоқни олиб келдингиз. Уни ким чақади? Мен ишга бораман, болалар эса мактабга кетади.

- Сен ишдан келиб, болаларинг мактабдан қайтгач ёнғоқни чақасанлар…

- Улар қачон дарс тайёрлайди?

- Ўқиган билан болаларинг олим бўлармиди, ҳисоб-китобни билса бўлди-да, менга ўхшаб катта тадбиркор бўлади. Эй, хотин кўп гапирма, жуда бўлмаса ҳашарчи олиб келамиз.

- Ҳашарчи текинга ишламайди-ку? Унинг ош-овқати-чи…

Адибанинг сўнгги гапларига Солижон қулоқ ҳам тутмади. У ҳозир ширин хаёллар оғушида эди, гуёки осмонда учиб юрибди: “Бошқалардан кам жойим борми, мен ҳам мағиз сотиб, тезда бойиб кетаман ва  аввал “Нексия”, кейин эса “Каптива” сотиб оламан”.

Дастлаб ёнғоқнинг фойдаси Солижон айтганидек “зўр” бўлди. У ўша пайтлари  “Каптива” олишни орзу қилди. “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деганларидек, ёнғоқ мағизини чақиб сотиш билан ҳамма ҳам бойиб кетмас экан, унинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги, машаққати бўлар экан. Солижон илгари ҳечам эътибор бермаган экан: Оқ мағизли ёнғоқ – “ғилак”нинг нархи бозорда жуда баланд, новвот рангли мағизнинг нархи ўртача, “капалак” номли мағиз эса чаққанда иккига бўлиниб кетаркан. Тадбиркорлар тили билан айтганда “кўр ёнғоқ”. Ундан яхши мағиз чиқмайди, чақиб ҳам барака топмайсан, бигиз билан мағзини ковлаб олиш керак. Ковлаш учун эса кўп вақт кетади. Майда мағиз бозорда яхши кетмайди.

Солижон орзулар оғушида. У энди “Ласетти” маркали машина олмоқчи: “Оқ ранглисидан олсамми ёки қора ранглиси яхшими? Оқ тез чанг олади, қораси яхши”. У ҳар сафар ҳар хил машинани кўз олдига келтирар, тинмай ёнғоқ бозорга бориб-келар, оёғи бозорда бўлса, хаёли машиналар билан банд эди.

Ёнғоқ сотишнинг ҳам, олишнинг ҳам ҳийла-найранглари бор экан. Масалан, “оқ мағизли” ёнғоқни халтанинг юза қисмига, “қизил мағизли” ёнғоқни ўртага, “кўр ёнғоқ”ни охирига жойлаштириб сотадиган “уддабурон тадбиркор” лар ҳам учраб туради. Улар Солижонга ўхшаган тажрибасиз тадбиркорларни бир бозорнинг ўзида “синдириб” кетадилар. Солижон ана шундай айёрларнинг макрига тушиб бир неча марта “синди”. 

У ёнғоқ чақиб чарчади. Энди бозорнинг ўзида мағиз олиб сотди. Дастлаб ишлари яхши юришди, фойда “зўр” бўлгани учун “шу ишни эртароқ бошласам бўларкан”, деб афсусланди. У энди “Ласетти” ўрнига “Жентра” маркали машина олишни орзу қилди. 

Ниятига етишиш учун ҳар куни бозорга боради. Кунлардан бир куни ўзи сотиб олган мағизни кўриб ёқасини ушлаб қолди. Чақилган икки палла “капалак”дан битта “ғилак мағиз” ясалган. Қандай қилиб дейсизми? Иккита паллали мағизни бир-бирига ёпиштириш учун уни оқ ип билан боғлаб чиққан. Ипни ҳам шунчалик усталик билан боғлаганки, моҳир тикувчи ҳам бундай ишни эплай олмайди. Мағиз оппоқ, оқ ип билан боғлангани учун унчалик билинмайди.

Солижон бозордаги бундай “ўйинлар”ни қаердан билсин. У сотиб олган мағзининг устига тўрт-беш сўм қўшиб бошқа бир тадбиркорга сотаётган эди, у дарҳол ёнғоқ мағзининг ясама эканлигини билиб қолди. Яхшиямки, у Солижонни яхши танийди. Агар бошқа биров бўлганда борми, Солижонни бир уриб майиб қилиши ҳеч гап эмас эди.

Тажрибали тадбиркор Солижоннинг оқ ипли мағизини олмади. Солижон қаттиқ хафа бўлди. Чунки у оқ ипли мағиздан анча сотиб олган эди. Энди уни у қанчага, кимга сотади?! Сотиш учун оқ ипларни ҳаммасини мағиздан узиб олиши керак. Солижон тақдирга тан бериб, оқ мағиздан оқ ипларни бирма-бир  қирқиб чиқди. Аммо уларнинг сифати бузилди, нархи бутунлай ўзгарди. Бир амаллаб олган нархидан анча паст нархда сотди.

Солижон қаттиқ асабийлашди. Ҳар бозорга борганда уни “чув” туширган ўша фирибгарни излади. Лекин сира топа олмади. У қайтиб бу бозорга оёқ босмади. Солижон эса қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Узоқ вақт даволанди, анча харажатга тушди.

Орадан ойлар ўтиб, Солижон соғлигини анча тиклаб олди. Бироқ, у мағиз бозорга қайтиб бормади. Қолган пулини олиб мол бозорга борди. Бозордан аранг битта бузоқча олиб қайтди.

ДИЁРА.