Афсонавий спортчилар ҳақида ҳикоялар "ТОШКЕНТ ЙЎЛБАРСИ"НИНГ ДОВРУҒИ

Ўзбеклардан чиққан бокс бўйича биринчи жаҳон чемпиони Руфат Ризқиев ҳақида эшитмаган, билмаган инсон юртимизда бўлмаса керак. 1974 йилда Куба пойтахти Гаванада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида барча рақиблари устидан ғалаба қозониб, 25 ёшида чемпион бўлган бу инсонни босиб ўтган йўли шарафли ва машаққатли бўлганлигини кўпчилик билмаса керак. Шу боис унинг босиб ўтган ҳаёт йўлига бир назар ташлаймиз.

Қаҳрамонимиз 1949 йилнинг 2 октябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 12 ёшидан бошлаб бокс билан шуғуллана бошлаган. 15 ёшидан бошлаб "Динамо" спорт клубида мураббий Гранадкиндан сабоқ олган. 1971-75 йилги V-VI Бутуниттифоқ Спартакиада ғолибликни эгаллади. АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испания давлатларида ўтказилган халқаро мусобақаларда ғолиб чиқди. Монреалда бўлиб ўтган XXI олимпиада ўйинларида кумуш медаль соҳиби бўлди. Спортдаги фаолияти давомида 189 та жангдан 174 тасида ғолибликни қўлга киритган.  Эришган муваффақиятлари учун "Ҳурмат белгиси", "Буюк хизматлари учун", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан мукофотланган. Афсонавий боксчининг ҳаёти ҳақида "Рингга чақирилади" номли бадиий фильм яратилган бўлиб, унда бош қаҳрамонни спортчининг ўзи ижро этган. Журналист Фотима Шарипова 2011 йилда Руфат Ризқиевга бағишлаб "Тошкент йўлбарси" китобини ёзган.

Руфат Ризқиевнинг кейинги йилларда оёғида муаммо пайдо бўлди. Шу боис 2016 йил 25 августда Чилонзордаги Республика "Тез тиббий ёрдам" шифохонасида ўнг оёғининг тиззасининг юқорисидан кесишга мажбур бўлишди. Оқдарёда Руфат Ризқиевнинг дўстлари жуда кўп. Бундан бир неча йил илгари қаҳрамонимиз  Оқдарёга ташриф буюриб, "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳига бориб, кейин эса Човка қишлоғидаги мухлислари билан учрашганди. Умуман олганда у туманимизда уч марта меҳмон бўлиб, спорт фахрийлари Анвар Абдураҳмонов, Равшан Туймаев, Йўлчи Муҳаммадиев, Ўктам Икромов, Назар Абдураҳмонов, Тўлқин Ҳасанов ва бошқа ўнлаб мухлислари билан учрашиб бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қилишди. Бундан икки йилча илгари 45 нафар оқдарёлик спорт мухлислари Тошкентдаги "Пахтакор" футбол ўйингоҳи олдидаги "Олимпиада" шифохонасига бориб, Руфат Ризқиевнинг ҳолидан хабар олишиб, у билан мароқли суҳбат қилишганди. Тошкент шаҳридаги Руфат Ризқиев истиқомат қилаётган хонадоннинг дарвозаси ҳеч қачон ёпилмайди. Чунки бу уйга ҳар куни республикамизнинг ва қўшни давлатлардан ўнлаб шогирдлари, дўстлари ва мухлислари ташриф буюришади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўп йиллар давомида ватанимиз шаънини ҳимоя қилиб келган     боксчимизнинг пенсия миқдори дастлабки пайтларда анча кам эди. Тегишли ташкилотларнинг ташаббуси ва ҳаракатлари туфайли унинг пенсия миқдори анча оширилди. Бундан эса ҳикоямиз қаҳрамони беҳад мамнун эканлигини такрор-такрор айтади.

- Боксчи бўлиш учун энг аввало инсонда сабр-тоқат, жасорат ва жисмоний куч бўлмоғи керак, - дейди дўстим Руфат Ризқиев суҳбат чоғида. - Очиғини айтиш керакки, айрим спортчилар бир неча турнирда ғолиб чиққандан сўнг ҳаволаниб кетишади, босар-тусарини билмай қолишади. Боксчи қанчалик кўп ғалабани қўлга киритмасин, камтар бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда ўзбек боксини оламга донг таратаётган Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Ҳасанбой Дўстматов, Бектемир Мелиқўзиев, Шаҳрам ўиёсовларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламан. Улар доимо камтарликни ўзларига фазилат деб билишади. Шу боис халқ ўртасида ҳурматлари баланд.

 Яна саноқли кунлардан сўнг Ўзбек бокси дарғаларидан бири бўлган Руфат Ризқиев ўзининг 74 ёшини қарши олади. Фурсатдан фойдаланиб, биз бу камтарин инсонни оқдарёликлар  номидан яқинлашиб келаётган шукрона куни билан муборакбод этиб, унинг доимо соғ ва саломат бўлишини, юз билан юзлашиб юришини яратгандан сўраб қоламиз. Миллатимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азиз дўстим!

Бурхон УМИРОВ,

спорт фахрийси.