Ҳамкасбларимиз дил сўзлари МАТБУОТ - ҲАЁТИМ МАЗМУНИ

Инсон яшар экан, унинг босиб ўтган умр йўли, ҳаётининг мазмун-моҳияти ўзининг танлаган касб-кори, яъни меҳнат фаолияти билан чамбарчас боғлиқ экан. Оқдарё туманининг Даҳбед қўрғонида туғилиб, ўрта мактабни тугатганимдан сўнг раҳматли отам мени қўлимдан тутиб, босмахонага ишга киритди-ю, назаримда мустақил ҳаётимга тамал тошини қўйди. Негаки, туманимиз газетаси "Ленинизм йўлидан" (ҳозирги "Оқдарё овози") газетаси ўша йиллари Даҳбеддаги босмахонада чоп этилар эди. Икки йил давомида босмахонада ҳарф терувчи ва бошқа ишларда ишлаганимдан сўнг, мени газетанинг ўша даврлардаги муҳаррири М.Мардиев редакцияга "машинистка"ликка таклиф қилди. Негаки, муҳаррир менинг ҳар ишга чаққонлигимни, саводхонлигимни, қолаверса, босмахонадаги қийин иш шароитларига чидамли эканлигимни кузатиб юрган экан. Мен ҳам рози бўлдим. Лекин редакцияда ишлаш ҳам осон эмас эди. Ҳозиргидек шароит қайда дейсиз? Газета материаллари машинкада ёзилар, сўнгра босмахонада линотипда терилиб, қўрғошин ҳарфларда саҳифалар қўлдан тайёрланар эди. Кунлик газетанинг тайёрлаш жараёни кечаси соат 2-3 ларгача давом этарди. Бундай пайтларда мен корректорлик вазифасини ҳам бажарар эдим.

Газета туман маркази Лойишда чиқа бошлаган йиллари Даҳбеддан қатнаб ишлаш қийин бўлсада, 1991 йилга қадар иш фаолиятимни давом эттирдим. Негаки, ўтган йиллар даврида газета менинг ҳаётимнинг бир бўлагига, таъбир жоиз бўлса умримнинг мазмунига айланиб қолган эди. Мен газетада оддий бир ходим сифатида ишлар эканман, мен билан бир сафда туриб ўзларининг ҳар бир мақоласини, у хоҳ бадиий лавҳа бўлсин, хоҳ танқидий фельетон бўлсин ёки шеърий сатрлар бўлсин, бари-барисини мен билан машинкада биргаликда ёзар, бу эса менинг шу касбга бўлган қизиқишимни оширган бўлса ажаб эмас. Негаки, йиллар ўтиб, менинг ҳам газета саҳифаларида мақолаларим, шеърларим мунтазам равишда чоп этиладиган бўлди. 

Лекин, ўша даврларда газетада ишлаш осон эмас эди. "Ленинизм йўлидан" газетаси ҳафтада ҳар куни чоп этилар, айниқса, пахта мавсуми даврида жадвал асосида пахта теримининг кунлик жадвали берилиб, эрталаб райкомнинг столи устида бўлиши шарт эди. Ўша даврларда ишлаган муҳаррирлар М.Мардиев, Қ.Мизомов, Н.Алиевлар, қалами ўткир журналистлар Т.Муҳаммадиев, М.Хўжаев, Ҳ.Бошмонов, Р.Аминов, Г.Исмоилова, Й.Муҳаммадиев, Г.Тинибековаларнинг номларини бу борада алоҳида тилга олиб ўтаман. 

"Оқдарё овози" газетаси бугунги кунда ҳам ўз овози, ўз ўрнига эга бўлган отахон газета сифатида вилоят ва республикамиз миқёсидаги босма нашрлар билан бемалол рақобатлаша олади, деган фикрдаман. Негаки, газета муҳаррири сифатида кўп йиллар мобайнида фаолият кўрсатган иқтидорли журналист Йўлчи Муҳаммадиев ва у раҳбарлигидаги ижодий жамоа бугунги кун талаби асосида газетанинг ҳар бир сонини, ҳар бир саҳифасини ўқимишли, мазмунли қилиб чиқаришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Мен ҳам айни пайтда кексалик гаштини сураётган бир ижодкор сифатида севимли газетамиз "Оқдарё овози"нинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутаман ва севиб мутолаа қиламан. Газета саҳифаларида ҳамон мақолаларим, шеърларим ўз муштарийларига етиб бораётганидан беҳад мамнун бўламан. Ўз ўрнида газета ижодий жамоасининг келгуси ишларида юксак омадлар тилаб қоламан.

 Зулфия ПЎЛАТОВА,

                      Даҳбед шаҳарчаси.

Мавзуга оид: