ҚОНУНБУЗАРЛИК ОҚИБАТИ

Судланувчи Владислав Андропов (исми-шарифи ўзгартирилган), миллати рус, Оқдарё тумани, "Даҳбед" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли А.Темур номли кўчасида яшайди. Муқаддам судланган бўлсада, бундан тегишли хулоса чиқармасдан, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Шу мақсадда 2022 йил 30 сентябрь куни соат 18:50 лар чамасида ўзи яшаб келаётган маҳалладаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватига кириш жойидаги йўлак ичига олиб кириб қўйилган қўшниси фуқаро А.А.га тегишли "Бике" ёзувли 26 русумли, бозор баҳоси 800.000 сўм бўлган велосипедни атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бундан ташқари, судланувчи В.Андропов ўзининг жиноий фаолиятини давом эттириб, 2022 йил 30 сентябрь куни соат 20:15 лар чамасида Оқдарё тумани, "Даҳбед" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, А.Темур номли кўчасида жойлашган "Ижтимоий уй"нинг биринчи кириш йўлагидаги зина остига олиб кириб қўйилган ушбу "Ижтимоий уй"да яшовчи фуқаро Х.Н.га тегишли 28 русумли, бозор баҳоси 1.500.000 сўм бўлган велосипедини ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Шунингдек, судланувчи В.Андропов ўзига нисбатан жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман суди томонидан 2022 йил 15 август куни 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилиб, ҳар ойнинг 15 ва 30 санасида Оқдарё туман ИИБга келиб қайддан ўтиб кетиши, кеч соат 23:00 дан эрталаб 06:00 га қадар яшаш уйида бўлишлиги ҳамда спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслиги белгиланган. Шунга қарамасдан, била туриб қасддан 2022 йил 5 сентябрь куни кеч соат 23:50 лар чамасида яшаш уйидан чиқиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг 2022 йил 6 сентябрь кунидаги қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси МЖтК 206-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилди. У базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, яъни 300.000 сўм миқдорида жарима жазосига тортилган бўлсада, шундан кейин ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармасдан қасддан 2022 йил 30 сентябрь куни спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Судланувчи Владислав Андроповга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Б.Нарбаев,
туман прокурори ўринбосари, 
адлия кичик маслаҳатчиси.