Оила - муқаддас қўрғон БОЛАЛАР ЕТИМ ҚОЛДИ, НЕГА?

- Қизимни узатганимизга ўн йилдан ошган бўлса ҳам доимо қайнота ва қайнонасидан шикоят қилиб келади. Бу орада бир неча марта маҳалла фаоллари ўртага тушиб яраштириб қўйишди. Бироқ аҳвол ўзгармади. Турмуш ўртоғи ота-онам нима деса шу, мен уларнинг сўзларини икки қилолмайман дер экан. Ўртада икки нафар фарзанди бор. Эшитишимизга қараганда, қизимни ҳайдаб бошқа аёлга уйланибди. Бошимиз қотган. Наҳотки, биринчи никоҳни бекор қилмасдан туриб иккинчи аёлга уйланиш мумкин бўлса. Қонунларимиз бунга йўл қўярмикин? Бу ҳақда бир қанча ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмаяпти. Айрим ҳуқуқшуносларнинг айтишига қараганда, иккинчи марта уйланаётган эркакка никоҳ ўқиган мулла жавобгар бўлар экан. Ахир ҳамма қилғиликни эркак қилиб, бошқа аёлга уйланса-ю нима учун фақат муллага чора кўриш мумкин. Бу адолатданми?
Бундай мурожаатлар кейинги пайтларда масъул ташкилотларга тез-тез бўлиб турибди. Бундан хабаримиз бор. Энг ачинарлиси, турмуш қурганларига унча кўп бўлмаган, нари борса икки уч йил бўлган ёш оилалар ўртасида ҳам ажралишлар сони борган сари ошиб бораяпти. Бу нимадан далолат? Наҳотки ота-оналаримиз ўз фарзандларини турмушга тайёрлашда хатоликларга йўл қўйишаётган бўлса. Бундан 30-40 йиллар илгари туман миқёсида оладиган бўлсак, ажралишлар ҳақида эшитмасдик. Очиғини айтганда, ажралиш бу оғир гуноҳ саналарди. Афсуски, бугунги кунга келиб бу оилавий ажримлар оддий ҳолга айланиб қолди. Айрим оилаларда эса келиннинг оналари томонидан ҳам ажралиш ташаббуслари кўпаймоқда. Афсуски айрим қайноналаримиз никоҳни муқаддас эканлигини, оила муқаддас қўрғон эканлигини ҳали англаб етишмаяпти. Натижада ёш гўдаклар етим бўлиб қолаяпти. Оқибатда эркаклар томонидан алимент тўловлари-ни амалга ошириш ҳолатлари борган сари кўпайиб бормоқда. Хўш, бунинг учун нима қилмоқ керак? Биз шу савол билан туман "Нуронийлар" Кенгашининг раиси Ҳамидулло Қаршиевга мурожаат қилдик:
- Жамиятимизда оилавий ажримларнинг кўпайиб бориши ҳар биримизни ташвишга солади, - дейди у. - Бунинг асосий сабаби фарзандлар оилада яхши тарбия топишмаганлигида деган фикрдаман. Айрим ота-оналаримиз қизларини узатишаётганда куёвининг аҳли фаросатига эмас, балки бадавлатлигига, машинаси бор ёки йўқлигига, уйининг ҳашаматли эканлигига эътибор беришаяпти, холос. Натижада ҳали ҳаётга тайёр бўлмаган қизларимиз турмуш қургандан сўнг куёв томонидан ҳар хил зарбаларга дуч келаяпти. Энг ачинарлиси, келинга хўжайинликни унинг эри эмас, балки қайнонаси ёки қайнотаси ўз зиммасига олган бўлиб чиқаяпти. Буни жойларда бўлаётган шикоятлар мисолида яққол кўришингиз мумкин. Агар келин билан куёв келишмас экан, оилавий жанжаллар, ажримлар давом этаверади. Шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилада ҳар томонлама ҳаётга тайёрлашимиз керак. Афсуски бизда бунинг тескариси бўлаяпти. Оилада фарзанд яхши тарбияланмас экан, уни на маҳалла, на давлат тарбиялай олади. Буни унутмаслигимиз керак.
Бу мавзуда ўнлаб аёллар ва фаоллар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Уларнинг аксарияти ҳозирги турмуш қураётган ёш йигит-қизларнинг бирор касбни эгалламаганлиги, турмушга тайёр эмаслигини мисоллар орқали исботлаб беришди. Демак, ажралишларни олдини олиш учун энг аввало ҳар биримиз ўз фарзандларимизни ўқимишли ва фаросатли қилиб тарбиялашимиз талаб этилади. Буни асло унутмайлик, азизлар!
ЖЎШҚИН
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00