1 март - Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун БАҲОР, МУҲАББАТ ВА САДОҚАТ КУЙЧИСИ

Зулфия Исроилова - Зулфия номи билан танилган ўзбекистонлик шоира, журналист, таржимон, жамоат арбоби ҳамда Ўзбекистон халқ шоири (1965) ва Меҳнат Қаҳрамони (1984).
Шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси. Хотин-қизлар педагогика билим юртини тугатгач (1931-1934), Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасига ўқишга кирган (1935). Сўнг Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти нашриётида муҳаррир (1938-1940), Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1941-1950), "Ўзбекистон хотин-қизлари" ("Саодат") журналида бўлим мудири (1950-53), бош муҳаррир (1954-1985) бўлиб ишлаган.
Унинг илк шеъри 1931 йилда "Ишчи" газетасида босилган. Дастлаб 1932 йил "Ҳаёт варақалари" шеърлар тўплами нашр этилган. Шундан кейин унинг "Темирой" (1934),      "Шеърлар", "Қизлар қўшиғи" (1939) шеърий китоблари эълон қилинган. Зулфий шеърий ижодининг порлаши "Уни Фарҳод дер эдилар" (1943), "Ҳижрон кунларида" (1944) ва "Ҳулкар" (1947) тўпламлари билан боғлиқ. Айниқса, Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан кейин (1944) ёзилган, руҳий силсилалар ва қалб изтироблари билан тўла шеърлар Зулфия ижодида жиддий ўзгаришлар содир бўлганидан дарак беради. У шахсий фожиаси тасвири орқали Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқнинг дард ва аламларини ифодалади.
   40-йиллар охирида эълон қилинган собиқ Иттифоқнинг санъат ва адабиёт тўғрисидаги қарорлари ўзбек адабиётига ҳам катта зарар келтирди. Зулфия бадбин кайфиятлар - пессимистик кечинмалар куйчиси сифатида таъна тошлари остида қолди. Шундан кейин у, бошқа қаламкаш биродарлари сингари, "давр ғоялари"ни ифодаловчи шеърлар ёзишга ўтди. Лекин кўп ўтмай, ўзбек аёллари ҳаётини яхши билувчи шоира ва журналист сифатида дугоналари ҳақида шеър ва публицистик мақолалар ёзди, уларни ижтимоий фаолликка чақирди, инсоний ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлмаслиги учун курашди.
1950 йилларнинг 2-ярмида у Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик ва халқаро бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатида фаол қатнашиб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бўлди. Ҳиндистон, Миср, Япония ва қўшни республикаларга қилган сафари шоира ижодида чуқур из қолдирди. "Мушоира", "Ўғлим, сира бўлмайди уруш", "Қозоғистон ўланлари", "Мен чизолмаган сурат" сингари шеърлари Зулфияга шуҳрат келтирди. Зулфия шеърларида тасвир этилаётган ҳаёт кўлами кенгайиб, ижодига хорижий халқлар ҳаёти манзаралари ҳам кириб келди. 70-йиллардан бошлаб унинг ижодидаги миллий ҳаёт тасвирида янги ранглар камалаги пайдо бўлди, ҳаққонийлик ва ҳис-ҳаяжон кучайди. "Ўйлар" (1965) шеърий гулдастаси билан бошланган воқеликни фалсафий идрок этиш тамойили "Висол" (1972), "Йиллар, йиллар…" (1975) шеърий китобларида давом этиб, шоира ижодида чинакам бадиий юксалиш даври бошланганини намойиш этди. У яна достон жанрига қайтиб, устоз Ойбекнинг сўнгги сафарига бағишланган "Қуёшли қалам" (1970) достонини яратди. Айни  пайтда шоира болаларга бағишланган туркум шеърлар ҳам ёзди ("Лолақизғалдоқ", 1975).
Зулфия ҳаётининг муҳим бир қисмини Ҳамид Олимжоннинг адабий меросини ўрганиш ва нашр этиш ишига бағишлади. Ана шу жараённинг узвий қисми сифатида у шоирнинг "Семурғ ёки Паризод ва Бунёд" достони асосида қўғирчоқ театри учун "Семурғ" пьесаси (С. Сомова билан ҳамкорликда) ҳамда "Зайнаб ва Омон" операси либреттосини ёзди.
А.С.Пушкин, М. Ю.Лермонтов, Н.А. Некрасов, М. Воқиф, Л. Украинка, М. Дилбозий,        С. Капутикян, Э. Огнетсвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Й.Багряна ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари кўплаб чет тилларда, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган. Зулфия халқаро "Жаваҳарлал Неру" (1968), "Нилуфар" (1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти (1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг "Кирилл ва Мефодий" (1972) орденига сазовор бўлган.
Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди. Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилган.
Баҳор келди сени сўроқлаб…
Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекинди нари.
Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил япроқларни қидириб чиқди.
Топмай, сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.
Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Барида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…
Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.
Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна эл бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:
"Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
"Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб"
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?
Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Элда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?
Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.
Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?"
Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим.
Баридан тутдим-у, келдим қошингга.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.
Аламда тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан элиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.
Гулу райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.
Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!
МЕН ЎТГАН УМРГА
Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса - телбача суйдим.
Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима - билдим.
Шу-да бир яшаш!..
СЕН ҚАЙДАСАН, ЮРАГИМ
Қалб бўлганда йироқда,
Ирода экан ожиз.
Дўстлар ҳам кўп атрофда,
Аммо мен якка-ёлғиз…
Бирдан қалбим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан.
Сен, сирдошни ахтариб,
Хаёл кетар изингдан.
Қайга кетдинг, юрагим,
Битди бардош ва тоқат.
Суҳбатингдир тилагим,
Тилда ҳасратим қат-қат.
Кўпдир айтажак сўзим,
Ўгитларингга зормен,
Йиғлайсан деб дўстларим
Таъна қилар. Нетай мен?
Совуш бермайди менга
Ёқиб кетганинг олов.
Нетай, етмайман сенга,
Ўртага ташланган ғов.
Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм -
Руҳим сени истайди.