САВОДСИЗЛИКНИНГ САБАБИ НИМАДА?

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Инсон бошқа маҳлуқотлардан фарқли ўлароқ,  ўз фикрини бошқаларга етказиш имкониятига эга. Фикр оғзаки ва ёзма шаклда етказилиши мумкин. Нутқнинг бу икки шаклининг ўз афзалликлари ва заруриятлари борки, уларнинг иккисидан ҳам ўз ўрнида фойдалансак, ҳақиқий мулоқот ҳосил бўлади. Оғзаки нутқ товуш орқали ифода этилиб, ҳамсуҳбатга бевосита етказилади. Ёзма нутқ эса турли ашёларга кўриш асосида идрок қилинадиган доимий белгилар, ҳарфлар орқали битиб қўйилади. Ёзув кишиларнинг ўзаро фикр алмашиш ва билимларни эгаллашнинг қудратли воситаси ҳисобланади.
Минг афсуски, кейинги йилларда ёзма нутққа, айниқса, саводхонликка эътиборсизлик кучайиб бормоқда. Негаки, бугунги кунда агар таъбир жоиз бўлса, инсон ҳаётининг ҳар бир кунини, ҳар бир сониясини эгаллаб олаётган, борган сари ўз домига тортаётган интернет ва ижтимоий тармоқлар сабаб сўзлашув нутқимиз, ёзувларимиз ўзбек тилининг имло луғатига мос келмайдиган сўзлар, иборалар билан тўлиб тошаётганлигини кўриб ҳайрон қоласан киши. Ижтимоий тармоқдаги ёзувлардан айрим намуналарни (айнан қандай ёзилган бўлса, шундайлигича) мисол келтирамиз: 
- Ассаломалайкум хурматли группамиз азолари малол келмаса янги кушилганлар группага контактиздан одам кушиб куйизлар этиборлариз учун каттакон рахмат
 - Ман хам хайронман сабаби нимада екан айтворинг билсез
- Luboy narsa bor
- Nma krey bosa bor
- Асалому алайкум акала ва опала сизларга сифати ало даражада емдф ешик ромларни тавсийа киламиз хамда ошхона мебеларини мурожат учун тел…
Ана сизга саводхонлигу, ана сизга она тилига бўлган эътибор! Албатта, тез ёзганда айрим хато ва камчиликка йўл қўйиш мумкиндир, лекин бу даражадаги саводсизликка қачонгача индамай жим туриш мумкин. Аслида ижтимоий тармоқларга кириб қолсангиз бундан ҳам баттарига дуч келасиз, айрим кимсаларнинг ўзбек луғатида йўқ бўлган қўпол сўзлар билан бир-бирларини ҳақоратлашларига эса чидаб бўлмайди.
Энг ёмони ана шундай саводсиз ва қўпол, беҳаё сўзлари билан бутун дунёни, интер-нет оламини бузаётган инсонлар ўзларининг бу хатти-ҳаракатлари энг биринчи ўринда фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилишини ўйлаб кўришмайдими? Аслида интернет тармоқларини ҳаётимизга жорий қилишдан мақсад, ёшларимизнинг дунё миқёсидаги билим ва дунёқарашини оширишга мўлжалланган экан, интернетдан оқилона фойдаланишда уларга намуна бўлишимиз, интернетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз лозим.
Юқорида ижтимоий тармоқларда авж олиб бораётган саводсизлик ҳақида гапирдик. Минг афсуски, бу каби саводсизлик ўқимишли, зиёлилар орасида ҳам илдиз отиб бораётганга ўхшайди гўё. Яқинда таҳририятимизга ташриф этган бир зиёли киши бу ҳақда шундай деб қолди:
Ташкилотимизда ишлайдиган барча ишчи-хизматчиларнинг саводхонлигини аниқлаш мақсадида ёзма иш олинганда уларнинг деярли 90 фоизи 2 баллик натижани кўрсатишди. Ёзма саводхонликка эътиборсизлик бу жиддий масаладир.
Дарҳақиқат, ёзма нутқ авлодларни бир-бирига боғлайди, узоқ даврлар мобайнида сақланади. Ёзув туфайли кишилар фикри, инсоният қўлга киритган билимлар авлоддан-авлодга етиб боради, узоқ муддат яшайди. Шундай экан, азиз ота-оналар, ҳар биримиз келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизнинг оғзаки ва ёзма нутқини ривожлантиришга алоҳида диққат-эътиборни қаратмоғимиз даркор. Фар-  зандларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишишида таълим ва тарбия беришдек, шарафли вазифани зиммасига олган мактабгача ва умумтаълим муассасалари ҳам бу борадаги муаммоларни бартараф этишда масъулдирлар. 
ШУКРОНА.
Мавзуга оид: