КЎМАКЧИ ҚУШЛАР

Маълумки, инсондан тортиб жами тирик жониворларнинг моддий неъматларга бўлган  эхтиёжини муттасил қондиришдек энг оғир ва маъсулятли юк деҳқон зиммасига тушади. У шу йўлда йил бўйи заҳмат чекади, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, тинмай меҳнат қилибгина қолмай, балки жуда кўплаб табиат инжиқликлари ва тўсиқларини мардларча енгиб ўтишга шай туради. Не бахтки, тонг палласиданоқ унинг сўнгсиз меҳнатини қадрлаш мақсадида замонавий техника ва технологиялар билан бирга унга қанотли қушларимиз ҳам ёрдамга келади.
Барчамиз улар ҳақида кўп ва хўп билсак-да, аммо қушлар деҳқон меҳнатига ҳақиқий қанот бағишлаши назаримизда кам ёритилгандек ва эътирофдан бир оз бўлса-да, четда қолган кўринади. Қушлар - баракотли, хосиятли, инсон ҳаётида ажралмас ҳамкор, таъбир жоиз бўлса, деҳқондек ҳалол, она табиатдек беғубор, пок ва мушфиқ кўринади. 
Олимларнинг таъкидлашича, она табиатга аёвсиз бўлиш ҳамда унинг нодир неъматларига ёвузлик ҳолатлари ҳозиргидек давом этса яна чорак аср ўтиб қушларнинг кўпчилик турлари йўқ бўлиши мумкин экан. Яна бир мисол, агарда табиатда экинлар ўсимликлар чанглатмаса ва углеродни ютишда қатнашмаса бунинг учун ер шарида ҳар йили 6 триллион доллор сарф бўлар экан. Не ажабки, буларнинг барчасида темирқанот дўстларимиз - қушларнинг хизмати ва ҳиммати бениҳоя салмоқлидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хал-қимиз ва жумладан, деҳқонларимиз қадимдан қалдирғоч, қарға, лайлак, мусича, тўрғай, чумчуқ, тўтиқуш, бедана, каклик, тус-товуқ, ўрдак каби қушларни ғоят қадрлаганлар. Таъбир жоиз бўлса уларни барака хабарчиси, баҳор муждаси, деҳқон ва чорвадор йил боши, ҳосил байрами, ерга уруғ қадаш, мева йиғиштириш ва хирмон кўтариш каби маросимлар жарчиси деб билганлар. Шу боис улар аждодларимиз то-монидан куйга солиниб, шеърият ва наср қаҳрамонлари сифатида куйланган. Бундан ташқари, улар эстетик завқ олишда, табиат қўйнида бетакрор ва соҳир овозлари билан ҳассос куйловчиларга ҳам айланган.
Тиббиётда эса улардан тайёрланган экологик тоза маҳсулотлар кўплаб ҳасталиклар учун парҳез таом ҳамда дори воситаси ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, қушларнинг деҳқон меҳнатида ҳозиру-нозир бўлишлари эса унга том маънода қанот бағишлайди. Чунки улар табиатни мусаффо асрашнинг бебаҳо соҳиблари ва хазинабонлари ҳам ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йили кўк қарғани кўрган деҳқонлар роса қувонишди. Негаки, у бошоқли дон экинлари кушандалари ва қурт-қумурсқаларга қирон келтиради. Масалан, бир дона кўк қарға бир кун мобайнида ўртача 350-400 граммгача озиқа тўплайди. Ёки бойўғлини олайлик. У асосан тунда турли қўнғиз, капалаклар ёки дала ва уй сичқонларининг асосий кушандаси ҳисобланади. "Тунги овчи" номини олган япалоқ қушни айтмайсизми?! У ёз давомида мингга яқин сичқонни ғорат қилади ва бир тонна атрофида ғаллани сақлашга кўмаклашади. Қалдирғоч ҳам бундан қолишмайди ва у ҳам бир соатда 20 марталаб полапонлари ҳузурига шошади ва шу алфозда мингдан зиёт ҳашаротга қирон келтириб, уларнинг тенг ярмини ўз эҳтиёжи учун сарф этади.
Демак, юқоридагилар асосида таъкидлаш керакки, қанотли қушлар фермерларимизнинг бетакрор кўмакчилари ҳам экан.       
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори.
Мавзуга оид: