ТОҒЛАР ОРАСИДАГИ ШИФОБАХШ МАСКАН
Ўлкамизга зумрад қиш фасли кириб келди. Бутун борлиқ оппоқ тусга кириб киши қалбига олам-олам қувонч бахш этади. Тонг чоғи осмондан товус мисол товланиб тушаётган оппоқ қор парчалари юрагимда тош каби қотиб қолган мискин ғуборларни аритгандек беихтиёр кўнглим равшан тортади. Атрофга завқланиб қарайман. Аскардек саф тортган саноқсиз арчаларга шу қадар чиройли шакл берилганки, гўёки санъат оламига кириб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни. Арчаларнинг чиройли қоматларига инган оппоқ қор парчалари уларга янада тенгсиз гўзаллик бахш этиб, арча дарахтлари оппоқ либосга бурканган санамларга ўхшайди гўё. Бундай гўзал таърифлар севимли диёримизнинг барча гўшаларига мос келади, аслида. Лекин, ушбу дамда Косонсой санаториясининг бундай ўзгача гўзал манзараси бизни ўзига ром этган эди.
Қишнинг илк кунларини республикамизнинг ана шундай гўзал ва бетакрор гўшаларидан бири бўлган Наманганнинг тоғли ҳудудида жойлашган Косонсой санаториясида турмуш ўртоғим билан биргаликда кутиб олдик. Ушбу шифобахш маскан қўшни Қирғизистон республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, чор атрофи тоғлар билан ўралган. Тоғ ён бағридан сизиб чиқаётган шифобахш булоқ суви, тоғу тошлардан шарқираб оқиб келаётган Косонсой дарёси, унинг ўзига хос иқлими, табиати кишини ўзига бутунлай мафтун этади.
Тонгги сайр чоғида бепоён арчазорлар бўйлаб юриш, тоғнинг мусаффо ҳавосидан нафас олиш, шифобахш маъданли сувларидан, турли хил гиёҳлардан тайёрланган доривор ичимликларни истеъмол қилишнинг ўзиёқ инсон кайфиятини кўтариб, организмига шифо бахш этади. Шунингдек, санаториядаги шифобахш балчиқ, парафин терапияси, маъданли сув муолажаси, туз ғори, озон терапияси ва бошқа кўплаб даволаш муолажаларини олган ҳар қандай кишининг соғлигига соғлик, умрига умр қўшилишига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Энг асосийси, санаторияда фаолият кўрсатаётган шифокорлар, тиббиёт ҳамширалари ўз ишларини бекаму кўст, сидқидилдан бажараётганлигини кўриб тасаннолар айтгингиз келади. Айниқса, уларнинг хушмуомалалиги, ширинсўзлиги киши кайфиятига кайфият қўшади. Шифо масканининг ошхонасида тайёрланаётган парҳезбоп таомларнинг хилма-хиллиги, хуштаъми, кўрсатилаётган хизмат маданияти барчага бирдек манзур бўлди. Ҳар бир даволанувчи дам олиш масканида замонавий тиббий хизмат кўрсатувчи шифокорлар ва тиббиёт ходимлардан ҳамда ошхона ошпазларининг беминнат хизматидан мамнун эканликларини алоҳида эътироф этишди.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардимки, мазкур дам олиш масканида даволанар эканмиз, наманганликликларнинг ўзбек халқига хос бўлган миллий маданияти, урф-одатлари, катта-ю кичикка бўлган муомаласи, ўзаро ҳурмат-эътибори диққатимизни тортди. Бундай самимий ва инсоний лутф-илтифотни Самарқанддан Наманганга қадар бўлган 10 соатлик масофани биз билан биргаликда босиб ўтган ёшгина таксичи йигит Шоҳрухнинг ҳамда бизнинг оила билан жуда яқин бўлиб қолган наманганлик оила - Равзахон ҳожи она ва у кишининг турмуш ўртоғи ҳожи боболар мисолида ҳам кўрдик. Таксичи йигитнинг катталарга бўлган иззат-ҳурмати, моддиятдан маънавиятни устун қўйиши, ҳожи оналар оиласининг эса ҳар бир кишига ўзини яқин қариндошидек муносабатда бўлиши, ҳар кўрганда канда қилмасдан ҳол-аҳвол сўраши уларга бўлган ҳурматимизни янада оширди. Таксичи йигит ҳам, ҳожи оналар оиласи ҳам бизни ўз хонадонларига тинмай таклиф этишди, дам олишдан сўнг ҳеч бўлмаса бир кун албатта меҳмон бўлишимиз лозимлигини қайта-қайта уқдиришди.
Минг афсуски, баъзида шундай ҳолатларга ҳам дуч келамиз: Қаршингизда келаётган кўпгина ёшлар фақат сизнинг танишингиз ёки қариндошингиз бўлсагина салом беради, холос. Бундай нохуш ҳолатларга албатта фақат ёшларни айблашимиз тўғри эмасдир балки. Негаки, биз катталар кейинги пайтларда бир-биримиз билан саломлашиш, бир-биримизнинг уйимизга бориб ҳол-аҳвол сўраш, бир-биримизни меҳмонга таклиф этиш сингари ўзбекона урф-одатларимизни унутиб қўяётганга ўхшаймиз. Буларнинг ўрнига эркаклар қолиб, биз аёллар ҳам барча меҳмондорчиликларни, гап-гаштакларни турли хил ресторанларда, тўйхоналарда ўтказишга одатланиб қолмоқдамиз. Кўпгина бўш вақтларимизни эса миллий маданиятимизга хос бўлмаган бачкана телесериалларни кўриш, телефонларда ижтимоий тармоқлардаги шов-шувли воқеа-ҳодисаларни кузатиш билан ўтказмоқдамиз. Қариндош-уруғлар билан фақат телефонда ҳол-аҳвол сўрашамиз. Уйда кўрмаган урф-одатларни ёшларимиз қаердан ҳам ўргансин? Ахир, қуш уясида кўрганини қилади, деб бежизга айтилмаган-ку!...
Ана шундай ўй-хаёллар билан Наманган сафаридан қайтар эканмиз, қорли-виқорли, узундан-узун, олис ва машаққатли водий довони ортда қолди. Қиш фаслининг совуқ-бўронли кунларида ҳам менга ўзгача таассуротлар бахш этган Косонсойнинг шарқираган сувлари, бетакрор ва хушманзара табиати, мусаффо ҳавоси, самимий ва дилкаш инсонлари, неча асрлик тоғлар орасида жойлашган шифобахш маскан юрагимда муҳрланиб қолди. Юртимизнинг мана шундай сўлим гўшалари доимо бор бўлсин.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00
Навоийни ўрганамиз
- 19 фев, 14:44
Қарорлар
- 23 ноя, 15:07