ТЕВАЧИК

(ҳикоя)
Эркакларнинг бири сигирнинг бошини кўтарди,бири жағини очди, бири оёқларини қимирлатди, бобо молнинг юрагини, қорнини уқалай бошлади. Чиқмаган жондан умид. Момо уларнинг атрофида гирди капалак бўлиб, тили дуода айланарди. Сониялардан сўнг сигир оёқларини қаттиқ қоқди, оғзи очилди, ичидан отилиб чиққан, хириллаган овоз тумшуғида ёпишиб турган лойқа аралаш кўпикларини учириб юборди. Оқ сигирнинг ола кўзлари секин-секин жойига кела бошлади.
- Ризқингиз бор экан, момо, сигирингиз ўлмайди. Вақтида келган экансиз, бобо. Сал кеч қолсангиз танаси қотиб қоларди.
Ярим соатлар чамаси сигирнинг ёнидан ҳеч ким жилмади. Бошини кўтариб, интилганда сув келтиришди. Ўрнидан турмоқчи бўлганди, суяшиб турғазишди. Оқ сигир аста-секин юриб иккинчи терими оппоқ бўлиб очилган пахтазорга томон юрди. Ҳеч ким уни қайтармади. Четда ҳамон диққати ошиб ўтирган Марди бобога сигирининг юрганини, ўлмаганини кўриб жон кирди.
- Қўяверинглар, қайтарманглар,нимани еса есин, ўлмаса бўлди,- деди чол ва ўтирган жойидан туриб кампирининг ёнига бориб, жиддий гапирди.
- Сотмаймиз, кампир, энди бу молни сотмаймиз!
Сабо момо яна йиғлади, чунки, чолининг умрида биринчи марта айтган сўзидан қайтиши эди бу.
- Яхшиликка бўлсин, чол, чиндан ҳам келинимиз шу сигирнинг сутига бошқоронғи бўлган. Сизга бирор марта ёлғон гапирганмидим.
Момонинг кўзидан оққан ёшлар юзидаги ажинларга ёйилиб кетди, буришган лабларига табассум югурди.
- Боласини неварагинамнинг суннат тўйига атавдик-да, чол, келинингиз билан... Сизга айтолмовдик.
Бобонинг ўсиқ соқолли мийиғида иккита кулгичи сал билинди.
- Қаранг, ўлмади-я,- давом этди кампир яна,- айтдим-ку, барибирам, бу мол бошқача мол, ҳали бозор кўрмаган, энг қиммат мол. Рангини айтинг, оп-поқ, худди, пахтадай...
Марди бобога кампирнинг сўнгги сўзи ёқмади, индамади. Рустамжон ёрдамга келган амакиларга раҳмат айтиб, ота-онасидан узр сўраганча, мактабига шошилиб кетди. Момо тевачи боболарига атаб худойи қилиб, қон чиқаришни кўнглига тугди-ю, чолига айтолмади. "Хўп, бироз ўзига келиб, план ўлгурни бажариб олсин, кейин бафуржа гаплашармиз" деди ўз-ўзига.
- Сен нега қолдинг, кетавер, келинни кўриб келаман дегандинг-ку, молга ўзим қарайман, э, қоққан қозиғингни сени...
Марди чолнинг шу дилгир гапи эрталабки можароларга якун ясади. Оқ сигир оқ пахталарни оралаб, кўракларни маза қилиб емоққа тушди.
Чошгоҳга бориб, Тевачанинг ёнида нексия "бабил"лади.Марди бобо чўчиб тушди. Ана, Қодир келди, энди нима дейди. Биларди, биринчи терим тугаган куни тонг азонданоқ келиб олади. "Э, маладес, Мадди, зўрсан, саксон процент, яна озгина етмаяпти-да, бирдан етказиб қўямизми, а?" дейди. Кейин у нима дейди? Ўтган йили Мардининг бир тили чиқиб: "Пахтам бу йил бултургидан кўп бўлди-ку, яна саксон деяпсанми, ҳеч юз бўлмайдими бу сабил?!"- деди. "Мадди, сен фақат тоннани, процентни биласан, жўра, центнер деган бир балоси ҳам бор-да бунинг, ҳар йил ошаверади".
Раиснинг авзойи бузилавердими Мардининг мазаси қоча бошлайди. Айни шу кунларда шундай. Бошқа пайтларда унчалик қўрқмайди ундан. Ҳар йили пулни мана шу ерга, ёстиқнинг тагига қўйиб, тонггача дўстини кутиб ётарди. Эрталаб қумғонда чой қайнатиб, тутнинг тагида нонушта қилишарди, раис пулни олиб кетгач, Марди бобонинг кўнгли жойига тушарди. Сўнг, пахтазорига қарарди, ҳар йил шу ҳол такрорланади, яна бир йил тинч яшашини, ота-бобосининг руҳлари шод бўлишини ўйлаб, жони тинчийди. Чунки,ерини бир йилгача ҳеч ким олиб қўймайди, келаси йил яна ўзи пахта экади, ғалла экади, ундан кейинги йилда эса,бир гап бўлар. Яна бир йил барака топсин Қодиржон, деб ҳаммага мақтанади.
Бугун-чи, раисга нима дейди. Аввали, Сабо "молни сотмайман" деганини эшитган бўлса, қовоғини солиб, "раччут" қилишга келаётгандир. Марди бобо дарҳол чорпоядан тушиб раисга пешвоз чиқди. Ҳали энишга етмасданоқ Қодир раис илдамлик қилиб тевага чиқиб келди. Чеҳраси очиқ, хурсанд. "Ҳали пулим йўқлигини билмабди шекилли", ўйлади чол.
- Нега кайфиятинг йўқ, оқ сигирни сотмайдиган бўлдингми?
"И-е, эшитибди-ку, унда нега хурсанд бу?"
Марди бобонинг ҳуши учди, турган жо-йида қотиб қолди. Қодир яна ўсмоқлади.
- Нега қараб турибсан, битта чой қўй, Маддижон, фақат тефалгамас, ўчоқда қайнат.
Марди чолнинг оёғи қалтиради, билдирмаслик учун секин ажриқ устига ўтирди.
- Нима бўлди, мазанг йўқми, рангинг оқариб кетди? - Қодир раис дўстининг ёнига чўкди, қўлини унинг елкасига қўйиб ўзига қаратди, жон жўрасининг кўзларида қалқиётган ёшни кўриб,ўзининг ҳам кўзлари ачиша бошлади. - Нима гап, чинданам мазанг йўқми дейман, жўра,- сўради у яна.
- Пул йўқ... Сабо сигирни соттирмади. Энди план тўлмайди, жўра. Ерингни олавер, фақат, мана шу тевага тегинма, шу томча қолсин... жўражон...
Қодир раис дўстининг ғамгин, ажин босган юзи, мўлтираб турган қароқларига тикиларкан, афти-ангори буришди, ўзи ҳам кўзларини қаттиқ юмди ва Марди чолни маҳкам қучоқлади. Тўсатдан Тевачик силкингандек бўлди, Марди чолнинг кўзи тиниб, қулоғи шанғиллади, ҳеч нарсани эшитмади. Кимдир уни аллалаяптими, ёки қозиқни тевадан суғураётгандек, уни ҳам ердан суғуриб оляптими, англай олмасди. Шу пайт нохосдан қозиқни суғураётган шарпа уни қўйиб юборди, кучи етмади шекилли. Марди чол кўзини очди, ёнида ҳамон Қодир раис турарди. Раис дарҳол тилга кирди:
- Эшитдим, сигиринг бир ўлимдан қолибди, ўзингчи, ўзинг, минг ўлимдан қолгансан-ку, дўстим. Бошинг омон бўлсин, сигирингни сотма, Ҳа, айт-гандай, шу сигирингни қайдан олгансан, бунақа оппоқ сигир ҳеч кимда йўғ-а?
- Қудам берган, қизига. Невараларим сутга тўйсин деб.
- Зўр, туманга донғи кетган сигирингнинг. Фақат, ранги оқлиги менга ёқмайди-да. Пахтанинг ҳам ранги оқ. Оқ бўлсаям, меҳнати қора. Пахтанинг рангини ўзгартириб бўлмайди, лекин сигирнинг рангини алмаштирса бўлар-ов?
- Кўрдик, бунинг иложи йўқ, отаси ола бўладими, қора бўладими, барибир боласи оқ туғиляпти.
- Унда, аниқ давлатнинг моли экан-да бу. - Раис тиззасига шапатилаб кулди. - Майли буюрсин, зотдор мол, сотма, энди пулинг керакмас, жўра, иккинчи теримни териб, планни бажар, пул эмас, пахта оладиган бўлди давлат.
Марди чол тушунмайроқ, бироз довдиради.
- Пулнинг ўрнига пахта берса ҳам бўлармикан... Кейин, Хуршид "жин"га нима деймиз, унга сотмаймизми пахтани, ахир, келишгандик, "закалад" олгандик...
-"Жин"чиларга ҳам нон қолмади, Маддижон. Уларнинг ҳаққини ҳам йиғиб олди кластер, қўлимиз пул кўрмайдиган бўлди яна. Энди завод эмас, кластер берса бор, бермаса йўқ.
Марди чол сигирини сотиб қўймагани, йўғе, ўлиб қолмагани учун ич-ичидан хурсанд эди, лекин дўстининг авзойига қараб, унга нима дейишни, ёхуд, унинг нима демоқчи бўлаётганини билмасди. Ҳар қалай бир гап бор эди унинг ичида.
- Ҳа, биламан, Қодирбек, давлатдан пул олиш қийин.
- Эҳ, дўстим-а, сен фақат учта сўзни биласан:"пахта", "план", "давлат". Орада бошқа сўзлар ҳам кўп. Қўй, майли, сен бошингни қотирма.
- Билмайди дема, биламан, ҳаммасини биламан, фақат, сендан ўтиб гапиролмайман. Ҳамманг-ни мана шу ер боқади, биласанми, мана шу ер, мен шуни биламан, деди у ерни кўрсатиб.
- Бўпти, тур, чойни дамла, бошим оғрияпти, кечаси билан пахта топширдим, ухлаганим йўқ.
Қодир раис оёқ кийимини ечмасдан дўстининг сим каравотидаги ҳали йиғилмаган тўшагига ўзини ташлади. Марди чол бироз енгил нафас олди, унинг назарида ҳамма иш жойига тушаётгандай, мийиғида кулиб қўйди.
Қуёш тепага секин кўтарилиб, Тевачик даласини қиздира бошлади. Бир пасда қумғон биқирлаб қайнади. Оқ сигир увотда ўтлаб юрибди. Раиснинг гапини эшитган бўлса, иштаҳаси яна очилаётгандир ўйлади у. Марди чол дастурхонга иккита нон, узум, оққанд қўйиб, раисни ўйғотди.
- Қанд-қурсингни қўй, битта қовун олиб чиқ, ичим куйиб кетяпти.
- Кўп ичма, дейман сенга.
- Нима қилай, "Тевада ичиш мумкинмас, бу жой тоза жой", дейсан, пастда ичиб келаман-да, қўрққанимдан.
Марди бобо теванинг ён бағридаги полиздан танлаб-танлаб, энг ширин токи қовунни олиб чиқди.
Дўсти пайкал оралаб юрар экан, Қодирнинг эгнидаги юк янада оғирлашгандек бўлди. "Шу одамни норози қилганни худо уради-я,- ўйлади у, - сочидан тирноғигача ҳалол. Давлатнинг ерида одамларнинг ҳаққи бор деб, ўзи учун бир қарич ҳам тевадан пастга тушиб экин қилмайди. Тепалик шаҳарнинг ўрни, қадимда ота-боболаримиз яшаган, давлатнинг рўйхатида турибди, ҳеч ким бу ерга дахл қилмасин, сен шу ерга қоровулсан, иш ҳаққинг ўрнига еридан фойдалан, боғу-гулзор қил", деган бобоси Мардининг отасига. Бу муқаддас вазифани отаси аъло даражада бажарди ва Марди бобога мерос қолдирди, у эса, ўғли Рустамжонга илинди, шунинг учун ўғлини тарих муаллими бўлишини, бу ерларнинг тарихини яхши ўрганишини, ўзи эгалик қилишини истади, қийналса ҳам контракт пулини тўлаб ўқитяпти.
Иккала дўстнинг ҳам хаёллари узоққа кетди.Марди бобо қовунни келтириб, тилимлаб, дастурхонга қўйди, индамасдан ўчоқ бошига ўтиб, қайнаб турган қумғонга бир кафт қуруқ чойни солиб, дўпписи билан балдоғидан ушлаб, дастурхон ёнига келтириб қўйди. Қодир раиснинг миясида мингта савол, ташвиш ғужғон урарди.
Қодир фермер шу кечаси рўзғорига ғамлаб қўйган буғдойини сотиб, тегирмончидан пул олди ва Хуршид "жин"чига олган "залог" пулини тўлади. Бирин-кетин қўлга тушиб, қамалаётган "пахта тегирмончи"ларининг ҳам пайтавасига қурт тушган, улар яширинча, айримлари тепа билан келишиб ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланишарди. Фермерлардан пахта сотиб олиб, махсус станоклар ясаб, толасини ажратиб, чигитидан мой, совун ишлаб чиқаришар ҳамда олий сифатли толасини ўзларига ўхшаган бошқа "уддабурон" тадбиркорларга ўн баробар ортиқ нархларда пуллашар эди. Улар ҳам ажабтовур тизимни ташкил этдилар, ҳуқуқ органлари бу аҳволни эшитиб, эшитмасликка, кўриб, кўрмасликка олишар, фақат, ҳар йили биронта "ҳақ бермаган"ларини хўжакўрсинга ушлаб, ваҳима кўтарар, келишганларидан сўнг жимиб кетишар эди.
Марди бободан пахтасини сотиб олишига кўзи етмай қолган Хуршидбой шу кеча Қодир фермернинг остонасига келиб, пулини олмагунча кетмади. Бу ташвишлар ҳалво-ку, майли, ўзига боғлиқ ишлар. Лекин, энг қийини Марди дўстига "Ерни топширамиз" деб қандай айтади. "Йириклаштириш - оптималлаштириш"лари қурсин, қайси каллаварам "олим" ўйлаб топяпти бу "ўйин"ни, ҳар ким ўз кучига яраша ерни эплайверса бўлмайдими, эплолмаганлар топширишга ўзлари мажбур бўлади-ку... Мажбурий олиш, бериш, бирлаштириш... Ҳаммаси тепадаги порахўрларнинг иши. Коррупциянгга ўт тушсин! Мустақилликдан сўнг давлат мулкини хусусий мулкка айлантирамиз деб, халқнинг пулига қурилган биноларни-ку еб бўлишди, энди ерни ҳам "отбозор" қилишяпти булар. Эллик, юз гектардан кам бўлмасин эмиш. Ўттиз гектарни яхшигина эплаб турибмиз-у, режаларини бажаряпмиз, техникаларимизни яхшилаяпмиз, солиғини тўлаб турибмиз, яна нима керак бу давлатга...
- Қадди, сенинг каттароқ дардинг бор-ов? - Марди бобо оёқ аймашлаб кўрпачага ўтириб олгач, дўстига тикилди.
Қадди, Мадди каби калта исмларни боболарга набиралари қўйган, меҳр тусаган суҳбатларда улар ҳам бир-бирига шундай эркалик билан мурожаат қилишади,
- Ол қовундан е, бир оз совийсан. Ишқилиб, катта пул олиб қўймабмидинг "жин"чилардан?
- Йўғ-а, гап ундамас... Хуршид "жин"чини ўзим "раччут" қилдим. Яхшиямки, пулни сенга бермаган эканман, қайтиб ололмасдим, аниқ. Сабо сигирни соттирмабди-ку...
Ичидаги ташвишларини ҳазилга йўймоқчи бўлди раис.
-Ҳа, жўра, бугун жуда ёмон кун бўлди, хафа бўлдим, шарманда бўлдим. Шу ёшга келиб бундай аҳволга тушмаганман, биринчи марта хотинимга гапим ўтмади, бу ниманинг аломати Қадди, қариликми ё охири замонми? Яхшиямки, сигир ўлмай қолди...
Қодир раис муздек қовун тилимидан икки карч узиб еди. Чойни қўлига олар экан, ичмасдан яна қайтариб дастурхонга қўйди, кафтлари билан пиёлани босиб, бор фикрини жамлашга уринди. Қодир ҳам кейинги пайтларда меҳнатдан безиб, танини чарчоқ эгаллаётгани, ердан даромад олишнинг машаққати кўпайиб бораётганидан, солиқ, техника харажатлари, ёқилғи ва ўғитнинг нархи осмонда, ҳашоратларнинг дориси одам дорисидан ҳам қимматга тушаётганидан боши қотмоқда эди. Азбаройи, қийналганидан ерини топшириб юборишга жон деб рози эди ичида. Аммо, оилани боқиш, таъминлаш, қариндош-уруғчиликни маҳкам ушлаб туриш учун ҳам нимадир иш қилиш керак-да. Ерни топширсам, ўзимнинг аҳволим, Маддининг аҳволи нима кечади, бошқа фермер бунга "планни бажарсанг бўлди" деб ўн гектарни шундоқ бериб қўймайди, иккинчи экинни эктирмайди, олти-етти оила шу ердан кун кўряпти, мол боқади, экин экади. Йилда бир марта мендан олган икки тонна буғдойи рўзғорнинг қай бир тешигини ямайди, ахир. Энг ёмони ер анави "қаҳрамон" фермерга ўтиб кетадиган бўлса, у аниқ тевачанинг қолган тупроғини ҳам текислаб, пахта экиб юборади.
- Йўқ, ортга йўл йўқ.
Қодир раис бу гапни дўстига эшиттириб айтди ва "ерни топшириш" тўғрисидаги фикридан мутлақ қайтди. Ахир, отаси бир неча йил раис бўлиб, колхоз тарқатилгач, яна ўша боболаридан қолган Тевачик ва унинг атрофидаги далаларни, ўттиз гектар ерни ўғли Қодиржонга фермер хўжалиги қилиб, хатлаб берди. Қодиржон ҳам Тевачик далаларини жонидан ортиқ севади. Айнан, шу далаларни, дўстининг тевачасини ва унинг бобоси отилган тутни асраб қолиш учун ҳам, қандай бўлмасин ерини олиб қолиш, кенгайтиришга қарор қилди. Бошини кўтариб, кафти остидаги пиёлани олиб, бир ҳўплаб чой ичди ва дўстига юзланди:
- Мадди, кел, яна ер қўшиб оламиз, энди планни бажариш қийинмас тоннасини топширамиз, бўлди.
Жўрасига секин тушунтириш ишларини бошлади раис.
- Кимнинг ерини тортиб олмоқчисан? Ҳамма жой эгалик-ку.
- Тортиб олмайман, қўшиб беришади.
- Қўшиб беришади, текингами? Аввалги сафардагидай тендерда терингни шилиб олишади. Ундан кўра тинчгина юр!
- Фермернинг ери эллик гектардан кам бўлмасин экан, шундай қарор чиқди.
- Давлат қарор қилган бўлса, албатта шундай бўлади.- Мадди чол бўшашиб кетди. - Сен эллик гектарни эплай оласанми?
Қодир индамади, раҳбарларнинг олдида ваъда бериб бажаролмаса, хижолат бўлмас, аммо, бу одамга ваъда бериб бажаролмаса, ўлгани яхшироқ.
Қодирнинг индамай дами ичига тушиб кетганини кўрган Марди чолнинг кўнглидаги ғулув кучая бошлади. "Наҳотки, Қодир еримизни топшириб қўйса", ўйлади чол. "Унинг ери ҳам бобосидан қолган-ку. Йўқ, ерни топширмайди, мен ўзимни ҳам, болаларимни ҳам бегона одамнинг қўлида ишлашини истамайман. Нима бўлса ҳам, қийналсак ҳам майли, қанча меҳнат бўлса қиламиз, фақат еримизни бериб қўйма, Қодир", деган гапни қандай айтишни ўйлаб, бобо елкасидан тоғдек юк босган каби эгилиб, бир дақиқа жим қолди. Сўнг Қодирнинг кўнглига йўл топмоқ, белига қувват бермоқ учун яна тевачикнинг тарихини эслатди. Тутнинг илдизи томонга қўлини узатиб, бир сиқим тупроқни олди.
- Жўра, мана шу тупроқ қандай тупроқ, биласанми?
Қодир дўстининг кафтига қаради. Бу саволнинг жавобини билса ҳамки, ўзини тутиб, эшитди.
- Бу менинг бобомнинг оғзидан тушган тупроқ.
- Эҳ, жўра, жўражоним-ей!-Қодир раис даст ўрнидан турди ва қўлларини мушт қилиб деди:
- Менинг бобомнинг тилидан тушган бу тупроқ, тилидан! Ҳамон ололмайман, "бу ер меники" деб айтолмайман.
Қодир раис қўлидаги пиёлани чой-пойи билан пахта пайкали томонга улоқтирди ва кескин бурилиб, машинаси томонга юрди, аммо, икки қадам юрмасдан, Марди бобо кетмонини кўндаланг қўйиб, унинг йўлини тўсди:
- Бермайсан ерни! Ана, керак бўлса, молни ол, уйимни сот, фақат, Тевачикка тегинма!
Қодир дўстига яқинроқ келди, кетмонини қўлидан олиб ерга "тап" уриб қўйди-ю, уни яна қучоқлади.
- Жўра, хотиржам бўл, ерни бермаймиз, сен ёнимда бўлсанг, қўрқмайман, эллик эмас, юз гектар бўлмайдими, оламиз, бажарамиз.
- Бажарамиз!
Икки дўст қўл ташлашди. Қодир раис тевачадан пастга югуриб тушиб, машинасига ўтирди-ю, туман марказига борувчи йўлдан елдек учиб кетди.
Марди бобо энгашиб кетмонини қўлига олар экан, ҳамон елкасидан тоғ босиб тургандек, қаддини зўрға кўтарди. Қўлидаги бир сиқим тупроққа тикилди. Уни ерга ташлашни ҳам, ташламасликни ҳам билмай, тутнинг танасига суяниб қолди, даласига тикилди. Оқ сигири маза қилиб пахтазор оралаб ўтлаб юрибди. Худо ҳоҳласа бир ойдан кейин туғади.
Ойгул Маматова.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00