КЎЗИНГИЗНИ ОЧИНГ, ЭРКАКЛАР!

"Уят ўлимдан қаттиқ".

 (Халқ мақоли)

У кўзларини очиб атрофга қаради. Хона қоронғу бўлганлиги учун ҳеч нарсани кўролмади. Аъзои бадани зирқираб, бошини кўтара олмас, кеча тунда ароқ кўп ичганлиги туфайли ўқтин-ўқтин қайт қилгиси келарди. Мана тўрт ойдирки, аҳвол шу. Ит ётиш, мирза туриш. Қишлоқдаги оиласини ташлаб кетгиси келмасди. Аммо мажбурлик уни шу куйга солди. Семизликни қўй кўтаради, деганлари рост экан. У мансабга кўтарилди-ю, босар-тусарини билмай қолди. Кайф-сафо қилишга рўжу қўйди. Гулхан деган аёл билан танишди-ю, ўз оиласини батамом унутди.

Ўшанда вилоятдан меҳмонлар келишган эди. Кун бўйи уларнинг атрофида бўлган Ҳаким кечга бориб, яқин бир дўсти билан кайф-сафо қилиш учун икки қаватли уйларнинг бирига йўл олишди. Эшикни кўринишдан 27-28 ёшлардаги жувон очди.

- Келингизлар, марҳамат, - уй эгаси очиқ чеҳра билан табассум ила уларни қарши олди. Бир зум ўтмай, бозордан олиб келинган маҳсулотлар билан столнинг усти безатилди. Қозонда эса димлама пиширилди. Ярим тунгача икки эркак, икки аёл кайф-сафо қилишди.

Эрталаб кўзини очса бегона аёлнинг қучоғида ётибди. Шунда кечаси бўлган воқеаларни эслашга уринди. Демак, ярим тунда Гулхан Ҳакимни ўз хонасига олиб кирган, шериклари эса нариги хонада бўлишган бўлса керак. Шуларни эсларкан, ўрнидан туришга уринди.

- Ётинг, азизим, нега безовта бўласиз, - эркаланиб кўзини очган Гулхан уни ўзига тортди. Ҳали вақт эрта. Кечаси кўп ичиб юбордингизда ўзи.

Ҳаким жавоб бермади. Очиғи бундай жойларга илк қадам босиши эди. Дўстларидан, таниш-билишларидан бу жойларни кўп эшитган бўлса-да, бироқ кўп зўрлашларига қарамасдан қадам босмасди. Лекин кеча нима фалокат босиб келиб қолди, шунга ўзи ҳам ҳайрон. Кўз ўнгига меҳрибон, мунис хотини ва бир-биридан зийрак, ақлли фарзандлари келди. Агар улар эшитса, нима деган одам бўлади? Уларнинг юзига қандай қарайди?

Шу кундан эътиборан Ҳакимнинг бир оёғи Гулханнинг уйида бўлиб қолди. Кўпинча уйига кечаси ҳам бормас, Гулханни ёнида қоларди. Кунлар ўтган сайин Ҳакимнинг онда-сонда ўз уйида қолиши Гулханга маъқул келмади. Уни нима бўлса ҳам эгаллаб олиш пайида бўлди. Кунларнинг бирида Гулхан дабдурустдан:

- Ҳаким ака, сизга бир хушхабарни айтмоқчиман, - деди.

- Қандай хабар экан, эшитайлик-чи, хоним, - деди у бемалол ўтирар экан.

- Менимча сиз хурсанд бўласиз, - деди аёл ноз-карашма қилиб. - Яқинда фарзандли бўламиз.

- Нима?!

Кутилмаган хабардан Ҳакимни эси оғиб қолай деди. Қўлидаги пиёла тушиб кетди.

- Нималар деяпсан, ҳазиллашаяпсанми?

- Нега ҳазиллашарканман. Зарил кептими сизни алдаб. Нега қўрқасиз? Ахир ўзингизни болангиз-ку. Ёки тан олмайсизми…

Бу гапларни Гулхан шундай кескин тарзда айтдики, Ҳакимни ён беришдан бошқа иложи қолмади. Ахир бошқа иложи ҳам йўқ-да. Ундай-бундай деса кўчага чиқиб, жар солиб шарманда қилишдан ҳам тоймайди бу аёл.

- Тан олмай ўлибманми, - Ҳаким ўзини қувноқ кўрсатишга уринди. Ахир у иккаламизнинг ҳам боламиз-ку.

- Ҳа, энди, ўзингизга келдингиз. Бугун гинеколог врачга учрашгандим. Бола соғлом бўлсин десангиз, яхши еб-ичишингиз керак, - деди.

Гулхан бу гапи билан менга энди ҳамма шароитни яратиб берасиз, демоқчи эди. Бу дегани пулдан кўпроқ чўзинг, демоқчи эканлигини Ҳаким яхши тушунарди. Шундоқ ҳам кейинги икки ой ичида анча-мунча пул кетди. Янги кийим-кечак дейсизми, оёқ кийимлари дейсизми, барчаси янгиланди. Яна нима қилсин?

- Ҳаким ака, сиз фақат меники бўлишингизни истайман, - деди Гулхан унинг бўйнига осилиб. - Ҳар куни ёнимда бўлсангиз дейман.

Ҳаким бир зум нима дейишини билмай қолди. Очиғи, бундай гапни сира-сира кутмаганди.

- Шу юрганимиз маъқул эмасми? Қайтага ҳозир яхши яшаяпмиз-ку, - деди Ҳаким уни фикридан қайтармоқчи бўлиб.

- Йўқ, - бўлмайди, - Гулханнинг овози кескинлашди. - Мен сизга эга бўлишни истайман, билдингизми? Шартим шуки, бир ой ичида хотинингиздан ажралиб, шу уйга кўчиб келасиз, вассалом.

Аёлнинг кутилмаган талаби уни гангитиб қўйди. У икки ўт ўртасида қолганди. Ахир, йигирма йиллик ёстиқдошидан, болаларидан қандай қилиб воз кечади? Бунинг устига Гулхан ҳам фаришта эмас. Икки боласи билан эридан ажрашган. Савдода ишлаб, одамларга фоизга пул бериб, кўпларнинг лаънатини олганлардан. Ҳамма нарсани пул билан ўлчайди. Пул деса ўзини томдан эмас, тоғдан ҳам ташлайдиганлардан. Агар шу тарзда давом этаверса, охири вой бўлиши мумкин. Қандай бўлмасин, эсини борида бу аёлдан қутулиши керак.

- Гулхан, сизга пул берсам мени тинч қўясиз, - ниҳоят Ҳаким шу сўзларни айтиш учун ўзида куч топа олди

- Нима деяпсиз, - аёлнинг кўзларида ўт чақнади. - Сиз мени сотиб олмоқчимисиз?

- Ҳа, энди, очиқчасига гаплашайлик дейманда, - деди Ҳаким уни аврашга уриниб. - Мени бошингизга урасизми? Кўряпсиз, кейинги пайтларда тез-тез касал бўлиб қоляпман. Бундан ташқари, даромадим ҳам кун-сайин камайиб бораяпти.

- Қанча бермоқчисиз ўзи? - Гулхан жонланди.

- Бундай қилайлик. Мен сизга 1 миллион сўм берайин. Кейин орамиз очиқ, бўптими?

- Хасислик ҳам эви билан-да. Ҳозирги шароитда бир миллион сўмга нима беради? Сизнинг бир кунда қанча топишингизни биламан-ку. Яхшиси мен айта қолай, - деди аёл.

- Айтинг-чи, фақат инсоф билан айтинг. Шунда иккаламизга ҳам яхши бўлади, - деди унинг оғзига тикилиб.

- Машинангизни берақолинг, - деди аёл тап тортмасдан.

- Ахир машина оиламизга тегишли-ку. Хотиним рози бўлмаса сотолмайман.

- Ревизия босди, агар тўламасам қамалиб кетаман, десангиз, ўша содда хотинингиз рози бўлади, қолади.

Ҳакимнинг олдида икки йўл қолганди. Биринчиси оиласидан воз кечиб, Гулхан билан бирга яшаш, иккинчи эса ўзи миниб юрган машинасини тап тортмасдан бу аёлга совға қилиш. У ўйлай-ўйлай охири иккинчи йўлни танлади. Очиғи, бу қарорга келиши осон бўлмади. Пул кетса кетсин, обрў кетмасин, деб шу ишни қилди. Жондай севган хотинидан қандай воз кеча олади? Элу халқ нима дейди? Нима бўлганда ҳам машина кетса кетсин-у, оиласидан воз кечмасин.

Эртаси куни машинани Гулханга топширгач, кўзларига беихтиёр ёш келди. Ахир қанчалик орзу қилиб олишганди шу машинани. Хотини, болалари қандай қувонишган эди-я, машина олишганида. У йўлда кетиб бораркан, хаёлида хилма-хил ўйлар чарх урарди. У овозини борича, "кўзингизни очинг, эркаклар, енгилтак аёлларнинг ёлғонларига учиб, ўз оилангизни ташлаб кетманг, кейин пушаймон бўласиз", деб баралла ҳайқиргиси келарди…


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ. 

Мавзуга оид: