МУҲАББАТ ИЗТИРОБИ Ҳикоя

Наргизани мажнунтол тагида кутаяпман. У келадиган сўқмоқ йўлга бутун вужудим билан тикиламан. Ҳар бир дақиқа гўё йилдек имиллаб ўтади. Ана у келаяпти. Юрагимнинг қувончдан қуш каби унга талпинаётганлигини аниқ сезаман. Бўлғуси режалар, орзулар ҳақида унга жўшиб сўзлашни ўйлайман. Бироқ, Наргизанинг чеҳрасидаги маъюслик барча режаларимни барбод қилиб юборди. Саломлашишимиз ҳам одатдагидек қувноқ бўлмади. Айтиладиган сўзлар ҳам ҳавога учиб кетди. Ўзимни елкамга ўн ботмон тош осиб қўйгандек оғир ҳис этаяпман. Гапни нимадан бошласам экан? Ким хафа қилди десамми? Барибир ўзи гапирмайди. Сўраганим маъқул:
- Жуда хафа кўринасиз Наргизахон?
У жавоб бериш ўрнига юзини сал ўнгга бурди-да, қаттиқ хўрсиниб қўйди. Мен фақат унинг гапиришини кутардим. Юрагидаги менга қоронғи бўлган дардни тезроқ билиб олсам дейман. Начора? У лом-мим демайди. Миямга ҳар хил шубҳали фикрлар кела бошлади. 
Беихтиёр:
- Борди-ю, Наргизахон, сизни бирортасига мажбуран унаштираётган бўлмасин, - деб юборганимни сезмай қолдим. 
Менинг бу саволим унинг юрагига ўқдек санчилди шекилли, ялт этиб менга қаради-ю, "сиз бўлсангиз..." деб яна мендан кўзларини олиб қочди. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Тилим калимага келмасди. Шундан сўнг Наргизанинг нима деганини ҳам, ўзимнинг беихтиёр ўрнимдан туриб кетганимни ҳам эслай олмайман. Дарров ўзимни қўлга олдим. Қизнинг ёнига ўтирдим. Бироз жимликдан сўнг сўрадим:
- Ростдан ҳам унаштиришаяптими?
- Ҳа, - деди у йиғламсираган овоз билан.
Сапчиб ўрнимдан турдим.  - Йўқ, йўқ, Наргиза. Ахир биз бир-биримизни севамиз-ку!
У ўтириб йиғлар, мен эса уни бағримга босиб, майин сочларини силаганча юпатардим.
Хаёлимдан "Наҳот ундан ажраламан" деган мудҳиш фикр ўтар, яна "Йўқ, барибир Наргиза рози бўлмайди" деб ўзимга-ўзим таскин берардим. Наргиза қовоғини очмади. Фақат бир қариндошларининг ўғлидан совчи келаётганлигини, дадасининг эса уларга қизимни бераман деб сўз берганлигини айтди-ю, "Хайр, кўришгунча" деб уйи томон йўл олди. 
- Наргизахон эрта ҳам шу ерда кутаман сизни, - деб орқасидан қараб қолдим. У менга бир қайрилиб қаради-ю, юришда давом этди. Ҳамма дардим ичимда.
Муҳаббат деган сирни ота-онангга ҳам айта олмас экансан киши. Ростда. "Мени уйлантириб қўйинглар" деб айтсам кулишмайдими? Ўзлари ҳам сўрашмайди. Ўз хонамга кириб хаёл сура бошладим. Кўзларимга жиққа ёш келгандек бўлди. Чўнтагимдан шоҳи рўмолчани олиб, уни кўзларимга босдим. Рўмолча гўё Наргизанинг қўлларидек майин эди. Ундан хушбўй ҳид анқийди. Қўлларимга олиб ёзиб кўрдим. Буни Наргиза ўз қўллари билан атайлаб тикиб берган. Рўмолчага тикиламану яна ўйлайман. Хаёл қурғур қаёқларга олиб кетади. Гўё у менинг олдимда турибди-ю, биров унинг қўлидан етаклаб олиб кетаётгандай, юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандай. Барибир Наргизага бўлган муҳаббатимни оёқ ости бўлишига йўл қўймайман. Шундай дедиму ирғиб ўрнимдан турдим. Кийиниб дўстим Ҳасанларнинг уйига шошилдим. Йўлда бораяпману режа тузиб кетаяпман. Ҳозир Ҳасанни тезлайман. Ойимга Наргизани севишимни, тезда совчи юборишларини айтади. Хайрият, у уйида экан. Сўзларимни диққат билан тинглагач, у ҳам фикримни маъқуллади. Ҳозироқ ойимга бориб айтишни ўз зиммасига олди. 
Дўстимни ичкарига киритиб эшик тирқишидан қарай бошладим. Ана Ҳасан ойим билан сўрашиб, гапни айлантираяпти. Ойим эса унинг сўзларини маъқуллаб бош ирғаб турибди. "Актёр бўлиб кет-а", дейман унга завқим келиб. Орадан кўп ўтмай Ҳасан қайтиб чиқди. Ишни дўндирганлигини, эртага совчилар Наргизаларнинг уйига боришини айтиб хайрлашди...
Эртаси куни ойимлар совчиликка бориб, қуруқ қайтишди. Отаси бир оғайнисининг ўғлига беришлигини айтиб, рад жавобини бериб юборибди. Совчилар қанча ундашса ҳам, бир-бирларимизни севишимизни айтишса ҳам кўнмабди. Ҳатто "Менинг қизим ҳеч кимга ваъда бермаган" деб ўдағайлабди ҳам. Нима Наргиза билан аҳди-паймон қилганмиз-ку. Шу хаёллар билан қандай қилиб уларнинг ҳовлиларига кириб қолганимни билмайман. Бутун фикри-зикрим Наргизада, унинг сўзларини ўз қулоғим билан эшитиш эди. 
Ҳовлидаги чорпояда ўтирган ёши олтмишлардан ошган Наргизанинг отаси мени кўриб қовоғини солди. Сўнг қаттиқроқ овозда:
- Хўш, хизмат? - деди.
- Наргиза, - дедим ўзимни дадил тутиб.
Мен ҳозир шундай кайфиятда эдимки, агар шундай қилмасам мендан уни бир умр тортиб оладилар деб ўйлардим. Ҳамда Наргиза ҳозир чиқиб барча гапларни, аҳди-паймонимизни айтади деб ишонардим...
- Нималар деяпсан, эй бола. Хаёлинг жойидами. Нима қиласан суймаганга-суйкалиб.
- Биз бир-биримиз севамиз - деб қичқириб юбордим.
- Мана ҳозир кўрамиз. Наргиза, ҳо Наргиза, - ичкари уйга қараб қич-қирди у.
Ичкаридан оқ шоҳи куйлакда Наргиза чиқиб келди. Юрагим ўйнаб кетди. Бутун вужудимни қандайдир қувноқ кайфият эгаллади. 
- Сен мана бу болани севасанми, унга ваъда бердингми? - деди отаси унга қаттиқ овозда.
Наргиза бошини ерга эгганча жим. Лом-мим демади. "Қани Наргиза, менинг Наргизам айтсанг-чи", дейман ичимда. Йўқ, афсуски, минг афсуски ундан садо чиқмади.
Бироздан кейин ёш тўла кўзлари билан менга бир қаради-ю, югуриб уйига кириб кетди. 
Шу-шу бўлдию, ҳарбий хизматдан қайтиб ҳам уни учрата олмадим. Нима қилай тақдир эканда. Лекин ҳамон изтиробда ёнаман. Ўзимга-ўзим "Эҳ, Наргиза, агар ростини айтганингда мени ҳам ўзингни ҳам қийнаб юрмасдинг", дейман. Ахир, сенинг бир оғиз сўзинг кифоя эди-ку. Эҳ, Наргиза, Наргиза...     
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
         "Ленинизм йўлидан" газетаси, 1979 йил 13 сентябрь, №110(2406).
Мавзуга оид: