САДОҚАТЛИ ДЎСТ
Куникулжани офтоб севиб қолган десам ҳайрон бўлманг, чунки бу ерда йил давомида иссиқ ҳарорат ҳукм суради. Қирқ кунлик қиш чилласидагина бир-неча бор ёмғир ёғади, холос. Ёққанда ҳам кутганга яраша сел ёғади, ёзи билан қақраган қишлоқни оқизиб кетгудек ёғади. Бу табиат ҳодисасидан ернинг туб аҳолиси севинишни ҳам, куюнишни ҳам билмай саросимада қолади.
Бугунги тўхтовсиз ёмғир қишлоқни ивитиб юборди, сал ёғса бутун қишлоқ одамларга қўшилиб тупроққа қоришарди. Ҳамма ичкарида, ёлғиз 6 яшар Муссанг ташқарида табиатнинг беаёв ҳодисаси гувоҳи бўлганча дарахтнинг қуюқ шох шаббаси остида бекиниб, унсиз йиғлаб ўтирарди. Қаердан ҳам уйидан қочди, ўгай онанинг калтакларига чидаса бўларди-ку. Энди уйига қандай қайтишини ўйлаб юраги эзиларди. Шунда ёмғирда юнглари ивиган бир кучук боласи келиб унинг оёқларига суйкаланарди. Муссанг ҳайратланганча кучук боласини бағрига босиб, йиғисини бир зумда унутди. Шу ёмғирда-я, қаердан пайдо бўлдийкин, осмондан тушдими? Нима бўлганда ҳам у энди Муссангни қадрдон дўстига айланди. Ёмғир тина бошлагач, болакай титрай-титрай уйига қайтди.
У дўстига Сержала деб ном қўйди. Муссанг ва Сержала бир-бирларига ниҳоятда ўхшаш, иккиси ҳам кичик жуссали, озғин ва ниҳоятда чорасиз. Айни дамда иккиси ҳам бешафқат ҳаёт зарбаларидан чиниқиб кетган шум етимлар. Иккиси ҳам оч ва нотавон. Уларни биргина инсон ва ҳайвон деган қарашларгина ажратиб туради, бошқа томондан эса деярли бир хил.
Икки дўст бир-бирига тиқилганча қорин очлигига парво қилмасдан ухлаб қолишди. Тонгда ҳаммадан эрта уйғонган Муссанг ўгай қариндошлари уйқудалигидан фойдаланиб, сездирмайдиган даражада оз егулик ўғирлаб чиқиб, кулбасига олиб кирди ва Сержала билан биргаликда баҳам кўрди. Бироз бўлсада жонига оро кирди.
Сержала Муссангни нурсиз ҳаётига нур олиб кирди. Энди у ёлғиз эмас, унинг ҳам дўсти, ҳасратларини тинглагувчиси бор. Унинг яширин дўсти шу тариқа у билан яшай бошлади. Муссанг бир қадар ўзгарди, унинг юзларидан мамнунлик сезилиб турар, кўзлари қувончдан порларди.
Лекин бу хушнуд онлари кўпга чўзилмади. Кучук боласидан хабар топган ўгай акалар уни кичик ертўла уйдан олиб чиқиб роса азоблашар, бу билан Муссангни сабрини синаган каби жиғига тегиб роҳатланишарди. Уйдаги егуликлардан ит боласини яширинча боқиб келганлиги учун баджаҳл ўгай она Муссангни аёвсиз калтаклади. Болакай барча зуғумларга чидади, унинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Шу алфозда орадан бир ойча вақт ўтди. Вазият юмшаши ўрнига тобора қийинлашиб борар, ўгай акалар Сержалага тинимсиз озор етказишда давом этарди. Кўз ўнгида содиқ дўсти ўзи сабаб жазоланишини кўриб, болакай ортиқ чидаб туролмади ва кучук боласини бадавлат қўшниси Попминга беришни энг тўғри қарор деб қабул қилди.
Попминнинг отаси маҳаллий бойлардан, у уйида ёлғиз эрка фарзанд бўлишига қарамасдан ниҳоятда меҳрибон ҳамда раҳмдил.
Попмин Муссангни туҳфасини қувонч билан қабул қилди. Кучук боласига алоҳида эътибор билан ғамхўрлик қила бошлади. Бу ерда ҳаёт жаннатнинг ўзгинаси, энг сарҳил таомлар Сержала қаршисида ҳозир-у нозир. Унга шинам ва ёруғ уйча ҳам қуриб берган. Энди у совуқдан ва иссиқдан хавотир олмаса ҳам бўлади. Бунақа яшашни дунёдаги барча итлар орзу қилсалар керак.
Янги хўжайинни айтмайсизми, Сержала билан ҳар куни бирга ўйнайди, меҳр кўрсатади, ювиб-тарайди. Сержала бу ерда ҳаётидан жуда мамнун. Лекин бир кўнгли бир девор ортида азобланаётган дўсти Муссангда. Сержала Муссанг билан ўтказган кунларини эслайди, уни соғинади. У кучук боласи бўлса ҳам ниҳоятда сезгир, зийрак ва ақлли. У девор ортида Муссангни калтакланганда беун йиғлашларини ҳис қилиб турар ва деворга суйкалганча ғингшиб, деворни тирноқлари билан тирнар эди.
Орадан бир неча кунлар ўтди. Сержала сўнгги қарорни қабул қилди ва ортиқ бу ерда дўстисиз яшай олмаслигини тушуниб етди. У Муссанг томон югура кетди. У барча фаровонликларни ташлаб, оғир ҳаёт юкини елкасига ортганча илдамлаб кетарди. Кўз олдидан Муссанг билан яшаганларидаги қийин даврлар бир-бир ўта бошлади. Биринчи навбатда очлик азоби... Ўгай акаларнинг Сержалани тутволиб, орқа оёқларидан ушлаганча чирпирак қилиб айлантиришлари, муздек сувга бошини тиқиб, буктириб бундан завқ олишлари, қулоғидан боғлаб дарахтга осиб қўйиб, лойдан ясалган майда ва қаттиқ зувалачаларни унга қараб отишлари, теккандаги роҳатланиб кулишларини бир-бир эслайди. Ўгай онанинг беаёв тепкилари зарбидан келадиган оғриқ ҳисси ҳамон вужудини зириллатса-да, қадамларини секинлатмасдан дўсти томон учиб борарди.
Сержала барча-барча ситамларга рози эди, фақатгина Муссангни нурсиз ҳаётига бироз бўлсада, қувонч улашолса бўлгани. Шуларни ўйлаб ҳам митти вужудида улкан садоқатни кўтарганча мағрур югуриб борарди.
Чарос ҚУРБОНОВА.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00