Фахрийлар ижодидан МИННАТДОР ОНАХОН Воқеий ҳикоя

Май ойининг ўрталарига бориб бепоён тайга саёҳат ва дам олиб ҳордиқ чиқариб кетувчиларни ўзига торта бошлайди. Тоза ҳаво ва яхшиликка бурканган ўрмон, замбуруғ ва қўзиқоринларга тўлиб кетади.

"Тайцы" посёлкасида жойлашган ҳарбий қисмнинг 15 нафар аскарлари эса қишин-ёзин тайгадан чиқишмайди. Улар қариган, ёхуд шамол ағдариб ташлаган дарахтларни майдалаб ўтин қилишади. Куздан бошлаб уларни махсус чаналарда ҳарбий қисмга таший бошлайди. 

Мана, ўша ўтинчи ўзбек бригадаси гулхат атрофида ўтириб, қўзиқорин пиширишмоқда. Тез орада ҳарбий қисмдан тушлик ҳам келиб қолади.

Шу пайт ўрмон ичкарисидан бақир-чақир қилиб елинидан сути томчилаб турган баҳайбат қора-ола сигир чиқиб келди. У тўғри гулхат атрофидаги йигитлар ёнига келиб тўхтади ва ортига қараб бўкира бошлади. Йигитлар ҳайрон. Нега у тўхтади ва нега ортига қараб бақиради. Йигитлардан бири каттакон бир бўлак нонни олиб унга яқинлашди: - Ма, ол жонивор, очқадингми? - деди қўлидаги нонни узатиб. Сигир хоҳламади, аксинча бошини сарак-сарак қилиб қулоқларини шопирлатиб ташлади ва яна ортига қараб бақира бошлади.

- Тўхтанглар, - деди йигитлардан бири ва қўлига елим канистрани олиб челакка сув қуя бошлади. Чанқадим, демайсанми, говмиш. 

Сигир ортига қайтди. Бақиришдан тўхтамади. Нега келдию, нега ортига қайтди. Ҳамма ҳайрон. Етиб келган тушликни еб тугатишаётганда сигир яна қайтиб келди. Йигитлардан бири апил-тапил ўрнидан турди ва сигирга деди: 

- Кетдик, жонивор. Бошла!

Сигир худди тушунгандай шартта орқасига қайтириб кета бошлади. 

- Бирон гап бўлса, - деди йигит шерикларига қараб, - икки -уч маротаба ҳуштак чаламан. 

Тушлик тугади. Фойтун арава идиш-товоқларни йиғиштириб ҳарбий қисм томон қайтди.

Орадан бироз ўтиб, сигир ва аскар йигит жўнаб кетган тарафдан қайта-қайта ҳуштак овози эшитилаверди. 

- Кетдик, сигир туғиб қўйганга ўхшайди, - деди бригада бошлиғи пилоткасини бошига қўндираётиб. 

Йигитлар етиб борган пайтда сигир кўл ёқасида турар, оролчага сузиб ўтган йигит эса каттакор бузоқчани қучоқлаб хохолаб кулар эди:

- Қаранглар, ўғил экан. Кўтариб бўлмайди. Чамаси уч кунлар олдин туғилган. Киндигиям тушмаган ҳали. 

- Бечорагина говмиш, - деди сержант сигирни силаб, - қшрқма жонивор, ҳозир йигитлар бузоқчангни олиб ўтишади. Фақат бақиришни тўхтат!

Ҳаш-паш дегунча, йигитлар   узунлиги 4 метрлар келдиган учта ёғочни бир-бирига боғлаб сувга туширишди ва оролча томонга итариб юборишди. Нариги тарафдаги йигит сузиб келди ва ёғочларни итариб қирғоққа яқинлашди. Бузоқчани ёғочлар устига ётқизиб, ярим белидан боғлади ва нариги қирғоқ томон суза бошлади.

- Офарин, - деди сержант дўстига қараб, - ҳақиқий қутқарувчига айландинг. Тезда устингни кийиб ол.

Йигитлар бузоқчани кўтариб, гулхан ёнига қайтишди. Сигир шалаббоси чиққан боласини ялай бошлади. Бироз ўтиб бузоқча ўрнидан турди ва онасини мириқиб эма бошлади.

Орадан бироз вақт ўтиб узоқ-узоқлардан аёл кишининг овози эшитила бошлади:

- Марфуша...аа! Отвечай, где ты?! 

Овоз бир неча бор такрорланди. У йигитлар турган жойга тобора яқинлашарди ва шундай ҳам бўлди.

Овозни таниган сигир оёқларини кўтариб, бузоқчасини эмизишдан тўхтатди ва овоз келаётган тарафга қараб икки-уч маротаба маъради.

Аёл товушни эшитди чоғи, ўша тарафдан кетма-кет икки маротаба ўқ эшитилди. Бироз ўтиб эса фойтун арава чопқиллаб келиб, йигитлар турган жойга тўхтади.

Бу пайтда бузоқча тасаранглаб чопиб, атрофда чапқиллаб юрар, сигир эса қуриган кийимларини кияётган қутқарувчининг ярим яланғоч оёқ-қўлларини астойдил ялаётган эди. 

Ёши олтмишлардан ошиб қолган кампир сигирини кўриб қотиб қолди. Устига куртка ёпиб, қорни аралаш ип билан ўраб қўйилган бузоқчасини кўриб эса йиғлаб юборди:

- О, боже мой!!!, - У йигитларга юзланди ва аллақачон кийиниб бўлган қутқарувчини қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпа бошлади:

- Да, вы просто молодцы ребята! Я даже незнаю, как вас поблагодарить.

У қўлларини кўксига қўйиб, қайта-қайта таъзим қилиб, ўз миннатдорчилигини изҳор этди:

- Ребята, спасибо вам. Спасибо тем, кто вас воспитывал. Узбеки - великий народ. Народ с добрым сердцем.

Йигитлар бузоқчани аравага чиқаришди. Сигир эса то кўзга кўринмай қолгунча ортига бурилиб, бир неча бор бақириб, раҳматлар айтиб қўйди.

- Кўрдиларингми, - деди йигитлардан бири, - сигир ҳам ақл-фаросат ва меҳр-оқибатда худди одамларникидай. Фақат гапиролмайди, У қулочини ёзиб иккала сонига шапатлади ва давом этди, - афсуски кўплаб одамларда худо берган ана шу тўртта фазилат ривож топмаган.

Эртаси куни ўтинчи аскарлар тушлик қилишга ўтираётган пайтда сигир, кампир, бузоқча ва от арава тўлиб-тошиб етиб келишди.  Кампир бир лаган қовурилган ғоз, сут, қатиқ ва шарбатларга қўшиб, қўлда ёпилган иссиққина нонларни дастурхонга қўйди.

- Меленькие, всё это для вас. Ради бога ещьте, на здоровье. Ваш вчерашний поступок стоит к этому. (Азизларим, буларни сиз учун олиб келдим. Сизни кечаги ёрдамларингиз шунга арзийди. Олинглар, енглар.) 

Йигитлар иштаҳа билан овқатланишар, кампир эса сўзида давом этарди:

Фашистлар бизнинг Ленинградимизни қамалда ушлаб турган пайтда эндигина турмушга чиққандим. Немислар бутун тайгани эгаллаб олишган, ҳатто қишга ғамлаб қўйилган озиқ-овқатларимизни ҳам талон-тарож қилишарди. Жуда кўплаб одамларни кекса-ю ёш, фарқига бормай қириб юборди. Асосан, тунги олишувлардан партизанларимиз уларни додини беришарди. Ана шу партизанлар сафида кўнгилли ўзбек партизанларини ҳам кўрганман. Улар армия қўшинлари томонидан юборилган "кўнгиллилар" бўлиб, партизанлар билан ҳужум тактикасини тузишар ва ўзлари ҳам иштирок этишарди. Ўша ўзбек партизанларнинг жуда кўпчилиги жангларда ҳалок бўлишди ва аҳоли уларни ҳурматини жойига қўйиб дафн этишди. Мен сизларга уларнинг қабрларини ҳам кўрсатишим мумкин.  Улар ҳақиқий довюрак ва жасур инсонлар эдилар. 

Кампир кўзига ёш олди. Биз эса аждодларимизнинг тайга ичида кўрсатилган ватанпарварлик йўлидаги жасоратларини рус аёлидан эшитиб қотиб қолдик. Мен ўша ҳарбий қисмда санитар вазифасида эдим.

Саъдулла ҚЎШОҚОВ,

фахрий педагог.      

Мавзуга оид: