КАТТА ТАНАФФУС Ҳикоя


(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
- Ҳар бир гапнинг мавриди бор, отаси. Энди бу гаплар кимгадир ёқса, кимгадир ёқмайди. Бойликка муккасидан кетганларга бу ҳикматлар бегона.
- Бир ҳисобдан тўғриям айтасан, хотин. Беҳуда гаплар эш бўла олармиди. Ундан кўра ўз ташвишимизни ўйлайлик.
Анорбой Ўтанов масаласига тўхталадиган бўлсак, ҳарбийдан қайтгач, қишлоқ хўжалик олийгоҳининг ўрмончилик факультетига кириб беш йил сабоқ олди. Сўнг шу соҳада оддий хизматчи бўлиб ишлай бошлади. Бора-бора ишлари юришиб бошлиқ лавозимига кўтарилди. Бу соҳани ўттиз йил бешигини тебратди. Нафақага чиқдию, бу соҳа билан хайрлашиб уйидан қўним топди.
Онасининг айтишига қараганда, у айни қовун пишарда дунёга келган. Ҳар йили йигирма иккинчи июль куни туғилган кунини нишонлаб келади.
У анчайин кексайиб қолди. Тенгдош ўртоқлари билан тез-тез учрашиб ҳордиқ олишни кўнгли қўмсайди. Бугун у хурсанд. У учун безатилган дастурхон энигаям, бўйигаям чўзилганидан кўнгли чоғ. Дилига ёққан энг яқин биродарлари келади. Шаънига яхши гаплар айтилади. Қилган ишлари тилга олинади. Ютуқларидан кўнгли еру кўкка сиғмайди. Аввалги ишхонасидан шогирдлари келади. Кексайганда энг яхши обрў-эътибор шу-да! Шунча шон-шуҳрат, ҳурмат-эҳтиром бор-у, аммо фарзанди иккита. Бири ўғил, иккинчиси қиз. Лекин қизи бир нафар боласи билан турмушидан ажраб отасиникидан қўним топди. Қизининг бевалигидан жуда орланиб, ҳаловати ўзгариб туради. Ўғил боланинг йўриғи бошқа, қиз боланинг ор-номуси тошни икки палла қилади. Бева аёлнинг йўлига тошлар кўп отилади. Анорбой Ўтанов мана шуни кўп ўйлайди. Яхши йигит топила қолса қўш қўллаб эгасига топширади. Лекин...
Албатта, давралар сухандонлиги билан файзли. Бугунги файзли тадбир Анорбой Ўтановнинг кўнглидагидек бўлди. Дўстлар соғинчи маромида бўлди.
Тадбирда қиличдек бир қиз хизмат қиларди. Санобар опа ёнида ўтирган ўғли Ўрозқулга энгашиб;
- Жуда барно қиз экан. Кўраяпсанми, оёқ-қўлли, - деди кўзини сузиб.
Ўрозқул онаси айнан бу қиз ҳақида бунчалар меҳр билан гапираётганини унчалик фарқлай олмади. Лекин кўз остига олиб, олис тикилиб қолди. Унинг тикилишлари шу қадар самимий эдики, сирлар синоати яширинганди. Унинг бу боқишлари рўбаросидаги сиймонинг келажагига бахтдан шуъла таратарди. Анорбой Ўтанов қизи Фаридани ўғлидан ҳам яхши кўрар эди. Лекин, барча яхши кўрганлари ичида эди. Аммо ҳаёти давомида эркалатмаган. Севинчлари ичида бўлган. Хотини Вилоят опага:
- Болаларни сира эркалатма. Уларни ичингда сев, ичингда яхши кўр. Сиртидагисидан эмас, ичингдагисидан суюн. Шунда ютуқни кўрасан. Эркаланган боланинг қисмати яхши кетмайди. Бошингга тошлар ёғдиради, - деб айтган пайтлари кўп бўлган. Ўзиям шу айтганларига амал қилган. Фарида янгиланган чойнакни дастурхон устига қўяр экан, кутилмаганда қаршисидаги сиймога нигоҳи тушди-ю, шу заҳот юрагининг бир чеккаси жиз этгандек бўлди. Хайриятки, чойнакни эрта дастурхонга қўйди. Йўқса бирор кор рўй берарди. Кўзлар икки ўртада сирли тўқнашди. Ойдин опа жуда зукко аёл. Уларни сониялар тикилиб қолишнинг маъносини тезгина англаб олди. Ўрозқул шу туришда йўқотган ноёб инжисини топгандай эди. Хаёллар сониялар Ойшагулдан чекиниб, Фариданинг рухсорига боғланди. Дунёда яхши кўриш, ёқтириб қолиш, севиб қолиш, муҳаббат изҳор қилиш деган гаплар бор. Уларнинг ҳар бирининг сифат ва сийрати, муболағалари бор. Булар шунчаки осонгина оғиздан оғизга кўчиб юриб, макон топган туйғулар эмас...
Хў-ўш, Ўрозқул, Ойшагулни севмасмиди? Севар эди. У севгани учун ҳам саккиз йиллик ҳаёт кечинмаларидан рози эди. Икки нафар фарзандлари дунёга келиб, ўрталаридаги муносабатларини камол топишда шамчироқ бўлиши, яхши кўриши, севгининг ҳосиласи эмас-ми? Ҳаёт шу қадар мураккаб ва шафқатсиз, тақдир сўқмоқларига бардош беролмай йўллари айри тушди.
Ёдгор Бўтаёров тагли оиладан. Беш нафар укалари ва тўрт нафар опа-сингилари маҳалланинг фахри бўлиб келишган. Улар насл-насабларини ўзгаларга улашмаган. Ўғил-қизларининг бир-бирларига улашиб келган. Қизи Ойшагулни бекорга жияни Ўрозқулга бермади. Насл-насабни бегона бўлишига йўл қўймади. Бироқ, ҳаётнинг киши англамас қонунлари борки, бунга кўникишга, бош эгишига мажбур бўласан.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00