СЎНГСИЗ ЭРТАК

СЎНГСИЗ ЭРТАК

Мен қолмасман абадий бунда,
Турғунликни қолдириб доғда.
Кўҳна дунё сўнмас эртаги
Болалигим гуллаган чоғда.
О..., бу эртак нақадар узун,
Поёнсиз кенгликлар қуёш эркаси.
Ҳаёт сенинг борлигинг учун,
Ёшариб боради бахтнинг эртаси.
Кимга шодлик, кимгадир ханда,
Ҳаёт бунда қувонч улашар.
Гуллаётган ушбу заминда,
Қалдирғочлар қанот қоқишар.
Қад кўтармиш бунда эркинлик,
Мустақиллик қуёши порлар.
Халқимизни абадий бирлик,
Келажакка, ҳаётга чорлар.
Гулзордаги гуллар нақшида,
Орзуларим гуллаб яшнайди.
Садо қаламининг ҳар бир баҳсида
Туйғулари қадам ташлайди.

Ўзлигингни эъзозла

(Кенжа ўғлим 
Нурбекнинг мучал тўйига тўёна)

"Бир шеър ёзинг, - дейди
                    ўғлимиз, -
Қамраб олсин болалигимни.
Ва сиз ёзган ўша 
                   шеърларда
Мен кўрайин
              аждодларимни".
Нурга чўмган бу ўлканинг
Бекларидан сўйлайин.
Эшит ўғлим, алла айтган
Оналарин куйлайин.
Коинотни забт айлаган
Ўзбекларнинг Улуғи.
Элатларни лол қолдирган
Темурийлар уруғи.
Жалолиддин аканг сенинг
Ҳувайдолар фахрингдур.
Зебунисо ва Увайсий
Шеъриятда тахтингдур.
Ўтганларни қадрига ет
Тирикларни ардоқла.
Ўзбек бўлиб туғилгансан,
Ўзлигингни эъзозла.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.