ЎТКИР ҲОШИМОВ АСАРЛАРИ ТУРК ТИЛИДА ЧОП ЭТИЛДИ

2020 йил 2 декабрь куни Президентнинг "Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамияти таъкидланиб, адиб таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар режасида адибнинг қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини нашрга тайёрлаш ва чоп қилиш ҳам белгилаб қўйилган эди.
Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш йўлида бугун Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам бир қатор ишлар қилиняпти. Университетнинг "Таржимашунослик ва халқаро журналистика" кафедраси доценти, таржимон Хайрулла Ҳамидов ва унинг шогирдлари томонидан адибнинг бир қанча машҳур ҳикоялари ва асарларидан парчалар турк тилига ўгирилди. Бу асарлар ("Ўткир Ҳошимов. Танланган ҳикоялар") номи остида чоп этилди. Китобга университет ректори Г.Рихсиева сўзбоши ёзган.
Университетда устоз-шогирд анъанаси асосида амалга оширилаётган ижодий ишлар мақтанишга арзигулик. Китобга Хайрулла Ҳамидов шогирдларининг таржималари ҳам саралаб олингани бунинг яққол исботидир. Хусусан, ушбу буюк сўз устасининг "Янга", "Тасодиф", "Урушнинг сўнгги қурбони", "Бахт", "Ғаройиб саёҳат" ва бошқа ҳикоялари, шунингдек, машҳур "Дунёнинг ишлари" ва "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" номли асарларидан парчалар, адиб асарларида бот-бот қўлланилган пурмаъно ҳикматли сўзларининг туркча таржималари ўрин олган.
Ушбу китоб Тошкент давлат шарқшунослик университети ижодий жамоасининг адиб таваллудининг 80 йиллигига камтарона туҳфаси бўлади, деб умид қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати.