ШОҲ ВА ГАДО (Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Қутбиддин ўша куни кечаси билан алаҳсираб, узуқ-юлуқ гапларни уйқу аралаш такрорлаб чиқди. Эрталабки нонушта пайтида Зебо эрига қараб деди:
- Ўзингиз ҳам ухламадингиз, мен ҳам. Нима бало, тулки ови қолиб кабутар овига бормоқчимисиз? Кечаси билан кабутар, кабутар, деб чиқдингиз, хўжайин.
- Ҳа, жонгинам, - деди Қутбиддин яшириб ўтирмасдан. - Барибир айтмагунимча ҳоли-жонимга қўймайсан. Ов муддати белгиланди.
- Қандай яхши-я,- деди Зебо хурсандчилигини яширолмай. - Маза қилиб сайр қиламиз. Камончиларингизни ва итларни синовдан ўтказамиз. Тулкиларни додини берамиз.
- Нима бало, сен ҳам камончиларга қўшилиб кетмоқчимисан, - деди Қутбиддин кулиб.
- Мазах қилишга жуда устасиз-да, - деди Зебо лабини буриб. - Кўрамиз, ўша камончиларингизни. Бири боққа, иккинчиси тулки қолиб тоққа отишса керак.
Қутбиддин ўзини тутолмай хо-холаб кулиб юборди.
- Вой мерган-эй! Мени мазах қилишга устасиз дейсанда, ўзинг одамлар устидан кулишга уялмайсан-а?
- Кўрдим, ўша камончиларингизни машғулот пайтида отишларини. Эгарда базўр туради-ю, яна тулкини отармиш.
- Худди мўлжални бехато оладиган одамдай гапирасан-а. Шу гапинг учун, - деди Қутбиддин ростакамига, - нонуштадан сўнг иккаламиз машғулот майдончасига борамиз. Аммо бир шартим бор.
- Айтинг тезроқ ўша шартингизни, - деди Зебо унга чой узатаётиб.
- Агарда ўнта мўлжалдан атиги учта хато қилсанг, овдан қуруқ қолдим деявер.
- Розиман, - деди Зебо кўзлари чарақлаб. - Бироқ мен ҳам шарт қўяман хўжайин.
- Айтақол. Фақат имиллама. Вақтим кам.
- Мўлжални бехато оладиган бўлсам, - деди Зебо пиёладаги шарбатни дастурхонга қўяётиб, - ов қилишга рухсат берасиз, хўпми?
Нонушта тугаб, улар ташқарига чиққан пайтда эшик олдида извош турарди. Кўп ўтмай улар машғулот майдончасига етиб боришди. аскарлар уларни кўриб ҳайрон қолишди. Извошчи эса туша солиб назоратчига вазиятни, яъни ташриф сабабини тушунтирди. Аскарлар бир зумда майдончани бўшатиб, томошабинга айланишди. Зебо келтирилган учта отдан биттасини танлади ва худди бу от билан илгаридан танишдек, унинг бўйни ва кўкракларини силаб, шапатлаб қўйди. От эса, "раҳмат" қабилида бошини уч бора баланд кўтариб ҳиринглаб қўйди.
От устидаги Зебога ўнта ўқи билан садоқ ва камон беришди. Даврани тўрт маротаба айлангач, отнинг тезлиги оша бошлади ва Зебо бирин-кетин ўнта ўқни похолдан ясалган ҳайкалчалар томон жўнатиб юборди. Буни қарангки, ўнта ўқдан фақат биттаси ҳайкалчанинг оёғи остига, ерга санчилган бўлса, қолганлари тана қисмига жойлашди. Бу ҳам етмагандек, ўн бешинчи айланишда, бўш қолган ҳайкалчанинг кўкрак қисмига Зебо улоқтирган пичоқ ярақлаб санчилди.
 ***
Орадан бир неча кун ўтиб Осмонқул яъни Ихтиёр кечки пайт Баракахон ҳузурига етиб келди. Уни дарвозада кутиб олган соқчи "нега бу одам бу ерга беданадай пилдираб келиб-кетадиган бўлиб қолди ўзи, деган маънода синчиклаб қараб олди:
- Хўш, хизмат, - деди у ҳурпайган бош ки-йимини баландлатиб, - балки ташриф сабабини айтарсиз?
- Айтаолмайман, - деди Ихтиёр қўрсликка қўрслик билан, - кираверайми?
Соқчи истар-истамас унга йўл берди ва "ҳойнаҳой, бу одамда бир гап бор", деган хаёл билан чўнтагидан ҳуштагини олиб чалди:
- Қаранглар, бошлиққа кирармиш, - деди хириллаган овозда.
Баракахон ва Ихтиёр узоқ суҳбатлашишди. Ичкарида Баракахоннинг хо-холаб кулиши ва Ихтиёрнинг бехосдан чалиб юборган қарсак товушлари эшитилиб турарди.
- Маза қилиб тулки овларканмизда, - деди Баракахон Ихтиёрни биқинига туртиб. - Ўзиям жуда соғинганманда ўша баччағарни. Бир адабини бериб қўяйки, то ўлгунича мени эслаб юрсин.
- Илоҳим овингиз бароридан келсинда, бой, - деди истар-истамас тиржайиб Ихтиёр.
Баракахон қайта-қайта хатни ўқиди ва Ихтиёрга қараб:
- Зап иш бўлди-да, Ихтиёр, - деди ён чўнтакларини кавлаётиб, - ҳозирча манавини олиб тур. Бир кунинга яраб қолар. Агарда ғалаба қозонадиган бўлсак, сенга алоҳида совға тайёрлаб қўяман. Баракалла.
***
Хатни Сафаралига етказган кабулар келаси куннинг чошгоҳида осмону фалакка кўтарилди ва мўлжални олиб, манзил томон шиддат билан учиб кетди.
Ўша хат етиб борган куни учала сойнинг ороми бузилди. Сабрсизлик билан кутилаётган хабар уларни оёққа турғазиб юборди. Уч ака-ука ниҳоятда узоқ суҳбатлашишди. Қўл остидаги қўшинни бирлаштириб ҳужумга ўтиши керакми ёки мактубда кўрсатилган саксонга яқин овчиларга лойиқ юз-икки юз кишилик довюрак куч билан ҳамла қилиб тузоққа тушириш керакми, деган савол уларни қийнаб юборди.
Келгуси куни эрта тонгда ҳам учала сойдан чиқиб келаётган лашкарлар ва уларнинг қўмондонлари илгаридан машқ ўтказилиб туриладиган Булбулсой томон йўл олишди. Бирлашишди. Бош қўмондон этиб тайинланган Қудратхон уларни бўлажак тўқнашув ва унинг мақсади ҳақида тушунча берди:
- Мана шу дақиқадан эътиборан, - деди у овозига урғу бериб, - биз бир тану жон бўлиб ҳаракатланмоғимиз керак. Бизни доимий таъқиб остига олган душманимиз Қутбиддин ва унинг бизни сулоламизга ўтказган ситамлари ва боболаримизга нисбатан ҳурматсизлигини инобатга олган ҳолда иш кўрамиз. Аямаймиз. Биз унга тулки овидан яхшигина сабоқ бериб қўямиз. Сизларни эса қўрқмасликка ва бола-чақангиз ҳурмати учун жанг қилишга чақираман. Шуни эсдан чиқармангки, сафимизда қўрқоқларга ўрин йўқ. Агарда кимда-ким иккиланаётган бўлса, ҳозироқ сафдан чиқсин.
Бир юз эллик кишидан иборат қўшин икки ҳафта давомида режа асосида тайёргарлик ишларини кўрди.
***
Ҳаёт инсонга бир марта берилади ва уни синовдан ўтказади. Илоҳий туҳфа аталмиш ҳаётни кўнгилдагидек ва мазмунли ўтказиш кимгадир насиб этса, кимдандир юз ўгиради ва уни ўзининг тор сўқмоқларида сарсону-саргардор этиб, ҳаётини хавф-хатар ва чексиз аламлар гирдобига тортади. Шундан сўнг у тақдир туҳфасига қарши курашишга, кимдандир ўч олишга қарор қилади. Бундан ҳолатдан камдан-кам одам эсон-омон чиқиб кетади ёки соғлом фикр-мулоҳаза юритиб, тақдирга тан беради.
Ушбу ўта қалтис жараёнда ўша шахснинг болалигидан бошлаб олган таълим ва тарбияси муҳим аҳамият касб этади.
Минг афсуски, биз яқинлашиб келаётган тўқнашувнинг асосий сабабчиларини соғлом фикр ва мулоҳаза юритиш доирасидан таш-қарида эканлигига гувоҳ бўламиз.
Ов жараёни кечадиган ушбу оралиқда эрта тонгдан тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Чинданда ов қиладиган жой, десак хато қилмаймиз. Чунки иккала баланд тоғнинг бир-бири билан туташган жойидаги булоқбоши маскани ва сувнинг ёйилиб оқиши натижасида узундан-узун тўқайзор ҳосил бўлган. Бунда сон-саноқсиз тулкилардан ташқари, қуён, каклик ва ёввойи кабутарлар ғужғон ўйнайди. Сувда эса ширмойи балиқлар хоҳлаганча. Ўчоқдек келадиган ҳарсангни жойидан қўзғатсангиз ярим халта балиқ потирлаб қолади.
Ўттизга яқин қурувчилар қозиқлар қоқиб, олдин шоҳга аталган ўтовни тиклашди. Бир гуруҳ ишчилар эса қамишдан тўқилган бўйралардан ҳожат ва таҳоратхоналар қуриб ташлашди. Ўчоқ ва қозон ўрнатилиб, кечга яқин иккита катта қўчқорни сўйиб, тайёр ҳолатга келтиришди.
Юқоридан думалаб тушган ва бир-бирига суяниб қолган иккита улкан ҳарсанг орасида Баракахоннинг икки одами иш жараёнини бемалол кузатишмоқда. Оралиқ масофа (икки қирғоқ) анча узоқ, аммо ишчилар қўлидаги болта, болға, пичоқ ва шунга ўхшаш иш қуроллари аниқ кўриниб турарди.
Кузатувчилардан бири ҳар замонда қўлини чўнтагига олиб боради ва оғзига ниманидир ташлайди. Ҳар-ҳар замонда унинг оғзида нимадир қарсиллайди. Шериги ётган жойида унга бурилиб қарайдия:
- Ўзинг тинсанг ҳам оғзинг тинмайди сени, Қоравой, - деди қовоғини солиб. - Тишинг синиб кетдими?
- Бодроқ чайнаяпман, ейсанми?, - дейди у ишшайиб.
- Ўзингга буюрсин, чайнайвер, - дейди қовоқдор, - сен еб ҳам тўймайсан, ичиб ҳам.
- Тўғри қиламизда, - дейди у ҳиринглаб, - сенга ўхшаб қилтириқ бўлиб юришим керакми?
- Билганингни қил, - дейди қилтириқ қўлини сермаб.
- Қилтириқ, биласанми, мен нима қилмоқчиман?
- Хўш, гапир.
У яна бир бор оғзига бодроқ солади:
- Сен билан мен яшашни билмаймиз. Иккаламиз иккита ковакда каламушга ўхшаб яшаймиз. Гоҳо бодроқ, гоҳида зоғора чайнаймиз. Уларни қара, оддий тулки овига шунчалик тайёргарлик кўряптики, ҳавас қилсанг арзийди. Биз эса қорин тўйғазиш учун бегуноҳ одамларни ўлдириб, қароқчилик қиламиз. Улар эса эртага яйраб-яшнаб дам олади ва бор-йўғи қирқ-эллик киши иккита қўчқорни еб кетишади...
- Индамасам. кечгача гапирасан. Дардинг овқат, - деди қилтириқ жиддийлашиб, - бўлди, гапирма. Пешона-тақдир, деган нарса бор.
- Охирги гапни айтсам йўқ демассан?!
- Гапир ва нуқта қўй.
- Бир пас ўтиб, - дейди Қоравой жиддий оҳангда, - ишчилар кетишади. Қоровул бўлиб тўрт ёки беш киши қолади. Мен эса томоша кўрсатаман.
- Нима қилмоқчисан ўзи, қисқароқ гапир, - дейди қилтириқ капалаги учиб. - Ҳамма нарсани барбод қилмоқчимисан?
- Қўрқма, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек силлиқ ўтади. Қўчқорни биттасини ўмараман.
- Мана шу қўлларинг билан тилларингни суғуриб оламан, - дейди қилтириқ кўзлари олайиб. - Ахмоқлик қилибман. Нега сени танладим ўзи.
Қош қорайиб, қоровуллар шом намозига ўтириши билан "қилтириқ" ва "қоравой" ортга қайтишди...
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.
Мавзуга оид: