ШОҲ ВА ГАДО

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Қўрбоши Баракахон тутиб олиб келтирган Ихтиёр ва унинг ўғли Сафарали билан уч кун ўтиб юзлашди. Унинг совуқ башарасида сохта тиржайиш аломатлари  кўринсада, қаттиқ тугилган муштлари "эзиб ташлайман", дер эди.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, қатл этилган қозининг учинчи жияни Баракахон шаф-қатсизликда донг таратган шахслардан бўлиб, қўл остидаги лашкарлари эса ўзидан-да кучли, жангу-жадалларга тайёрланган, десак хато бўлмайди. Унинг сергўшт гавдаси, эгарга сиғмайдиган қорни ва доимо шалвираб тургучи икки лунжи кишида кулгу уйғотса, болаларникига ўхшаш чийилдоқ овози ҳайрат уйғотади.
Баракахоннинг бирдан-бир айби шулки, унинг жангу-жадаллардаги тажрибасизлиги ва нўноқлигидир. Ўтказилган ҳарбий юришларнинг тенг ярмида у талофатга учрайди. Маслаҳатчиларига эса қулоқ солмайди.  Ютуқлар зўрма-зўраки лашкар сонининг кўплиги туфайли қўлга киритилади.
Мана у худди чангалидаги тутқунни   ейишга ҳозирланаётган қузғундек ўлжасига тикилади:
- Вой падар қусурлар-ей… Олти ой бўлди-я, кетганингга, олти ой, - деди Баракахон ижирғаниб. Гапир, ярамас! Нега бизни алдадинг? Шу етмаганидек ўғлингни нега чақириб олдинг? (аслида Сафаралини махфий хизмат йигитлари ўғирлашган эди) Кўрамиз, қани ўзингни қандай оқлар экансан.
Гапни Сафарали бошлади:
- Хўжайин, отамни койиманг. Илтимос гапиришга рухсат беринг!
- Гапир,  деяпман сенга, - деди у ўдағайлаб.
- Хўжайин, - деди Ихтиёр мулойим овозда, - Озгина шаштингиздан тушинг, қамчингизни илгакка илинг. Нега мени оёқ ости  қиласиз-да. Ахир топшириқ бажарилди. Эсон омон олдингизга қайтдик.
- Қайтдик, дейди-я ярамас...
- Тўхтанг, хўжайин. Гапир, дейсиз-у гапиришга қўймайсиз.
Баракахон бироз шаштидан тушди ва қўлбола стулга ўзини ташлади. Алмисоқдан  қолган ўтирғич уни кўтаролмай бир тарафга ғичирлаганича ёнбошлади.
- Сиз  айтган муддатдан олдин манзилга етиб бордим, - деди Ихтиёр унинг кўзларига тикилиб, - совға-саломлар бекаму-кўст эгаларига топширилди. Сиз айтганингиздек ўн кун эмас, олти ой қолиб кетдим. Сабаби  бавосил касалим қайталаб озиб-тўзиб кетдим. Ётиб қолдим, юборган кабутарларингизни кўрмадим. Умрим осмонга қараш билан ўтди. Сизга ақл ўргатишга лойиқ эмасман, аммо тушунинг, кабутар ортига қайтиш учун ўзи яшаб турган жойдан келтирилган ва хатни олиб ортига қайтмоғи лозим эди. Сиз эса "боравер, ортингдан хат етиб боради, деб дағ-даға қилдингиз. Тўғрими?
Баракахон тиззасига муштлаб деди: - Хўш, мен  хато қилибман. Сен нега  бирорта кабутар топиб ишни пиширмадинг, а?
- Хўжайин, деди у Баракахоннинг нўноқлигидан мийиғида кулиб, боз айтаман, мен юборган бегона кабутар қандай ватанини ташлаб сизни олдингизга борсин?
- Гап бу ёқда, дегин, - деди у ўзининг нўноқлигини тушуниб етгач, - хўш энди нима  қилдик. 
- Тушунмадим, - деди Ихтиёр елкаларини қисиб, топшириқ нима бўлди, демоқчиман овсар, - деди қора терга тушиб кетган Баракахон. 
- Топшириқ, топшириқ дейсиз, аммо ўлиб кетганим билан сизни ишингиз йўқ. Агарда ўғлим Сафарали ортимдан кеч бўлсада  етиб бормаганда нима бўларди? Нега ортимдан одам юбормадингиз. Ахир улар ҳам сиз-у менга ўхшаган  одамлар.
- Сени ўлиб кетди ўғли билан қўшмазор бўлиб, десам аксинча тилинг бурро бўлиб қайтибсан. Гапир, ўзингни яна қандай оқламоқчисан?
- Хўжайин, - деди Ихтиёр ҳафсаласи пир бўлиб, - ишдан гапирайлик. Агарда айбим бўлса она юртимга, сизни олдингизга қайтармидим. Сиз айтган иккала топшириқ ҳам бекам-у кўст бажарилди.  
- Қани бўлақол, тезроқ гапир, - деди Баракахон ишшайиб.
- Шу бугундан эътиборан, - деди Ихтиёр кўрсаткич бармоғи билан ерни кўрсатиб, - икки  ҳафта ўтиб, Қутбиддин ҳамишаги ов қиладиган жойи Ботқоқсой биқинидаги далада тулки овига чиқади. Иккинчи топшириғингизга биноан ўша дори ошхона ходимига  топширилди. Ўша ошхона  ходими табиб топиб оз эмас, кўп эмас эллик кун мени даволатди. Қовурилган чигиртка, чувалчанг ва чумоли кукуни ички яраларимни тузатди. Икки ой рўза тутиб кўрпа-тўшак қилиб ётдим.  Сафаралининг мени топиб келиши жонимга оро кирди. У қирқ кун мени парваришлаб турди. 
Телпак астаридаги дори эса пайти келиб мақсадли равишда ишлатилади. Мен бунга  аминман. Сабаби ўша ошхона ходими қатл этилган чойхоначининг яқин қариндошларидан бирига тушган экан. У билан роса ички сирдош бўлиб олдим.
Баракахоннинг юзидаги қора булутлар  тарқагандай бўлди. У қаддини ростлаб:
- Агарда шу айтган гапларинг рост бўлса, - деди у нафасини ростлаб, - сени ўзимга маслаҳатчи қилиб оламан. Энди эса "тулки ови"га қайтамиз. Биз қандай қилиб ов санаси, мерганлар сони ва қўриқчи қўшин таркиби ва сонини билиб олсак бўлади?
Бундай саволнинг берилиши табиий эди ва Ихтиёр режадаги жавобни қотириб ташлади:
- Мен ҳам анойилардан эмасман, хўжа-йин. Бу ҳақдаги маълумот овдан бир кун олдин етиб келишига аминман.
- Нима бало, - деди Баракахон кўзларини олайтириб, - яна қайтиб бормоқчимисан?
- Йўғ-э... хўжайин, нималар деяпсиз. У юртни елкамни чуқури кўрсин энди. Ватан соғинчини билмас экансиз.
Баракахон аллақачон Ихтиёр тузоғига илинганидан ўзини тутолмай ўрнидан туриб кетди ва Ихтиёрни қучоқлаб бағрига босди:
- Гапир, Ихтиёр, бу хабарни бизга ким етказади?
- Хўжайин, ўтиринг! Бу хабарни бизга Сафаралининг дўсти Шаҳбоз етказади. Шаҳбоз ўша ошхона ходимининг тўнғич ўғли. У йигитнинг жону дили кабутар. Сафарали қайтишимизда унинг бир жуфт кабутарини совға сифатида олиб келди. Ҳозирда кабутарлар қафасда. Эртага синов тариқасида салом-алик битилган мактуб урғочи кабутар билан ўша юртга учади ва албатта дўсти ёнига қайтади. Бизга юборилиши керак бўлган мактубда ов санаси ва қўриқчилар ҳақида маълумот оламиз, хўжайин.
Баракахон чуқур нафас олди. Катта тоғорадек келадиган қорни устига қўлларини қўйиб:
- Ундай бўлса, мактубни тезлаштириш керак. Бугуннинг ўзида ўша болага "Биз яхшигина етиб келдик. Хабарни кутамиз. Албатта рағбатлантириласизлар", деган мазмунда мактуб жўнатасан, уқдингми?, - деди.
- Худди шундай қиламиз, хўжайин.
- Манавини олиб қўй, - деди Баракахон олмадек келадиган тўрвачани узатиб. - Бир кунингга яраб қолар. Келди-кетдига ишлатарсан. Яна битта гап. Икковимизнинг ўртамиздаги ҳангома сирлигича қолсин. То хабар етиб келгунча чурқ этмайсан. Ким бўлишидан қатъий назар меҳмонга ҳам бормайсан. Тоғам ва у кишининг бирон-бир жиянига "қуллуқ" қилиб бош эгмайсан ва "Биз Баракахон билан бафуржа гаплашиб олдик", дейсан, хўпми?
Эртаси куни тонг саҳар оёқчасига мактуб боғланган кабутар Қутбиддин салтанати томон учиб кетди:
"Ов санасини кутишмоқда".
***
Пайшанба кунига мўлжалланган кичик ҳарбий кенгаш бошланишига бир неча дақиқа қолганда Ҳамробек Исахон ўғли Қутбиддин қабулига кирди. Унинг нигоҳлари ва кўзларида тушуниб бўлмас ҳолат сезилиб турарди. Буни сезган Қутбиддин ўзига яқинроқ жойга чорлади:
- Қани, келсинлар, бошлиқ жаноблари, - деди шоҳ ҳурмат ва эҳтиром ила. - Кўринишингиздан бир янгилик олиб келганга ўхшайсиз.
- Ҳа-да, шоҳим. Йиғилиш олдидан кайфиятингиз бир кўтарилсин дедим, - деди-да қўлидаги қоғозчани шоҳга узатди. - Марҳамат.
Қутбиддин хатни олиб ўқиди ва кетма-кет саволлар ёғдира бошлади:
- Етиб боришибди-да. Яхши. Мактуб қачон етиб келди?
- Куни кеча хуфтонга яқин кабутарлар "ғут, ғут" қилиб потирлай бошлади, - деди Ҳамробек сезилар-сезилмас овозини баландлатиб. - Ҳойнаҳой, дайди мушук келди-ёв, деб қарасам, ўзимники экан. Келиб елкамга қўнди. Мактубни оёқчасидан ечиб олдим ва фонус ёруғида ҳовлига дон сепиб юбордим. Шунақанги сув ичдики, асти қўяверинг. Тонг отгунча хонамда сақладим. Токчага чиқиб олди, жонивор.
Қутбиддин анграйганча ҳикояни тинглади. Ҳамробекка ҳаваси келди. Негаки, у тилсиз паррандалар билан тил топишади ва дўстлашади. "Қани эди менинг ҳам шундай дўстларим бўлсайди. Аммо менда ундай имкон йўқ ва бўлмайди ҳам".
- Бир кунмас-бир кун ўша дўстларингиз билан таништириб қўясиз, деган умиддаман, - деди у завқланиб.
- Сиз айтасиз-у, биз йўқ деймизми, шоҳим. Истаган пайтингиз бораверинг. Уларни осмону фалакка кўтарилиб, умбалоқ ошишини кўрсангиз, ҳамма ташвишларни унутасиз.
Икки-уч дақиқа ўтиб, етти кишидан иборат ҳарбий кенгаш аъзолари ишга киришишди. Овга тайёргарлик, лашкар сони, овчилар ва овчи итлар рўйхати тузилди. Учала сойдан чиқиб келадиган душманнинг қайси нуқтада ва қандай қилиб тузоққа тушириш режаси тузилди.
Биринчи бўлиб сўзни устоз Маматмурод ота бошлади:
- Биродарлар, - деди устоз синчков кўзларини харитага қадаб. - Мен Ихтиёр ва Сафаралига тушунтирганимдек, биз уларни мана шу нуқтада кутиб оламиз. Чунки қўққисдан ҳужум уюштирган пайтимизда уларнинг қўшинлари саросимага тушиб қолади ва ортга чекинишга йўл тополмай қолишади.
Устоз танлаган тоғ оралиғидаги жой чиндан-да хавфли бўлиб, чекинишни сираям иложи йўқ эди. Сабаби, қўшиннинг ҳар икки тарафи тик қоятошлардан иборат бўлиб, ортга чекиниш бағоят мушкул иш эди.
- Тўқнашув асосан мана шу жойда юз беради, - деди устоз харитадан қўлини олиб. - Бас, шундай экан, биз қўшинни тенг иккига бўламиз. Биринчи қўшин олдиндан зарба берса, иккинчиси эса ортдан ҳужумга ўтади. Ўша жанг кетаётган бир неча чақиримлик майдонни тепадагилар  қаттиқ назорат остига олиди ва мабодо душман ортга қайтишга эришадиган бўлса, уларга ғов бўлишдек вазифага тайёр туришади.
- Душман анойилардан эмас, - деди Шарофиддин Тоғаймурод ўғли (м.в.), - тулки овими ёки бошқами, улар бу ишга жиддий ва пухта тайёргарлик кўришаётган бўлиши аниқ. Устознинг фикрига қўшиламан, аммо ортдан зарба берувчи қўшинларимиз устига душман қўшимча куч ташласа нима бўлади? Шунинг учун биз бир неча чақирим нарида махфий хизмат ходимлари томонидан ҳар эҳтимолга қарши гулхан (дутлаб ёнадиган) тайёрлаб огоҳлантирувчи белги беришимиз керак бўлади.
- Бу ишни мен ўз зиммамга оламан, - деди Ботир ўғли Пирмат (м.х.в.) ўрнидан туриб. - Бу ҳақда муаммо бўлиши мумкин эмас.
Қисқароқ қилиб айтганда, кенгаш аъзолари тулки овланадиган жойдан тортиб то шоҳ чодири тикиладиган жойгача аниқлаб олишди. Ов муддати аниқ бўлгач, Қутбиддин жазо бўлинмасининг бошлиғи томон бурилди:
- Хўш, Ҳамробек, сиз нима дейсиз? Жазо бўлинмасидагилар хизматга тайёрми?
- Тайёр бўлганда қандоқ, шоҳим. Уларнинг барчаси шай ва буйруқни кутишмоқда. Фавқулодда ва ўта тиғиз пайтда ҳар қандай топшириқни бераверасиз.
- Ундай бўлса, - деди Қутбиддин Ҳамробек томон яқинлашиб, - кабутар учирадиган пайтингиз етиб келган кўринади.
Кабутарларни учириш муддати айтилмади. Бу ҳақлаги маълумотларни Ҳамробек махфий хизмат бўлими бошлиғи Ботир ўғли Пирматдан оладиган бўлди.
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.