СОҒЛОМ ВА СИФАТЛИ ОВҚАТЛАНАЙЛИК

Соғлом, рационал ва сифатли овқатланиш соғлом турмуш тарзининг асосий йўналишларидан биридир. 
Инсон организмига таъсир этувчи минг-лаб омиллар ичида овқатланиш айниқса ўз вақтида ва меъёрида, зарур бўлганда эса, парҳезбоп таомлар истеъмол қилиш етакчи аҳамиятга эга эканлигини ёдда тутиш лозим. Овқатланиш тиббий нуқтаи назардан ёш, тана тузилиши, иқлим, мабода касаллик бўлса, унинг тури ва давридан келиб чиқиб, хасталикнинг олдини олиш учун турли хил тартиб ва таркибда тавсия этилади. Шундагина инсон узоқ, соғлом ва фаровон умр кўриши мумкин. 
Организм меъёрида фаолият кўрсатиши учун  600 дан ортиқ озиқалар керак. Улардан тахминан 90 фоизи шифобахш таъсирга эга бўлиб, жуда кам қисми тананинг ўзида яратилади ва аксарияти ташқаридан киради. Бунга фақат рационал овқатланиш орқалигина эришиш мумкин. Лекин, кўпчилик рационал овқатланиш деганда, мазали, тўйимли, юқори калорияли таомларни истеъмол қилишни назарда тутадилар. 
РАЦИОНАЛ  ОВҚАТЛАНИШ:
- Истеъмол қилинадиган таомлар тикланишини таъминласа; 
- Йўқотилган энергияга бўлган талабни қондирса;
- Таркибида зарур даражада оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, микро ва макроэлементлар, ўсимлик толалари сақласа; 
- Озиқ-овқатлар ва уларнинг таркиби, миқдори ошқозон-ичак тизими ферментлари фаоллиги билан мос келса, рационал овқатланиш деб аталади. 
Овқатланиш тартибини 
мувофиқлаштириш
Мувофиқлаштириш ўз ичига қуйидагиларни олади:
- Мунтазам овқатланиш; 
- Овқатланишни, кунни маълум бир    вақтларида тақсимлаш; 
- Овқатланишлар сонини мувофиқлаштириш;
Овқатланишдаги асосий кўникмалар
- Организмга қўзғатувчи, шу билан бирга, заҳарли таъсир кўрсатадиган ортиқча спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ тузлама, зиравор ва консервалардан воз кечиш;
- Иштаҳани ақл-заковатга бўйсундириш. Бошқача қилиб айтганда, нафсга берилмаслик, нафсни жиловлай олиш керак;
- Кечки соат 19:00 дан кейин умуман ов-қат емасликка одатланиш; 
- Таомномада шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлар сонини кўпайтириш, яъни кўкатлар, мева сабзавотларнинг яхлит ўзини (хомлигича) ёки қайнатиб, дамлаб истеъмол қилиш; 
- Овқат тайёрланаётган пайтда ош тузини камроқ қўшиш;
- Асабий ҳолда, ёмон кайфиятда овқатланмаслик, яхшиси, бундай пайтда, умуман овқатланмаслик лозим. Сабаби, одам тушкун ҳолатда бўлганида, ҳазм ферментлари ишлай олмайди, ошқозон шираси (суюқлиги) ҳам етарли даражада ишлаб чиқилмайди. Натижада еган овқатингиз заҳарга айланади; 
- Овқатни оз-оздан, аммо тез-тез (кунига 3-4 маҳалдан) истеъмол қилишга ўрганиш. Бунда асосий тўйинадиган пайт тушлик ҳисобланади. Кечки овқатга эса, асосан суюқ таомлар ёки димлама ҳолидаги қуюқ овқатлар истеъмол қилиш, 2 соатдан кейин, албатта дастурхондан бироз тўймаган ҳолда  туриб кетиш;
Юқоридагиларга амал қилсак 
нималарга эришамиз?
Озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри истеъмол қилиш натижасида:
- Одам ўзини енгил ва тетик сезади;
- Руҳий тушкунлик ва беҳоллик ҳисларидан халос бўлади;
- Организм чиқинди моддалардан тезроқ халос бўлгани сабабли ичаклар тозаланади;
- Организмда заҳарли моддалар ҳосил бўлмайди;
- Иммун тизими фаоллашади;
- Ортиқча вазндан қутулади;
- Сурункали касалликлар билан курашиш осонлашади. 
М.Шарипов,
туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги жамоатчилик билан ишлаш 
бўлими мудири.