ЗАМОНАВИЙ ЎҚИТУВЧИ ҚИЁФАСИ

Бугунги кунда таълим-тарбияга эътибор ҳар қачонгидан ҳам   кучайди. Келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизни эркин фикрловчи, комил инсон сифатида тарбиялаш биз устозлар олдига масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг   замирида ҳам комил инсонни тарбиялашдек муҳим вазифа ётади. Бундай  шарафли   ва машаққатли вазифани эса ҳар томонлама билимли ва замонавий ўқитувчиларгина аъло  даражада бажара олади. Негаки, замонавий  ўқитувчи ўз касбини севади, ўз фанига оид янгиликлардан мунтазам равишда хабардор бўлиб боради. Дарсларига креатив ёндашади, ўқиб изланади, ўзини ўзи ривожлантиради, янгиликлар яратади ҳамда  яхши инсон ва намунали устоз сифатида бошқаларга  ўрнак бўла олади.
"Билим хазинадир, уни топмоқлик учун игна ила қудуқ қазимоқлик даркор ", - дейишади доно халқимиз. Аслида ҳаётнинг ўзи ҳам катта дарсхона. Унда устоз-шогирд анъанасига ҳар доим амал қилинади. Мен ана шундай устозлар орасидан, замонавий устоз қиёфасини ўзида мужассам этишга ҳаракат қилаётган, бугунги кунда ўзининг билим ва иқтидори, ўз касбининг фидойиси сифатида туман бошланғич синф  ўқитувчилари ўртасида ўз обрўсига эга бўлган устоз Сарвиноз Шайимова ҳақида фикр юритмоқчиман.
Сарвиноз Шайимовани 2016-2017 ўқув йилида туман миқёсида ўтказилган "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловидаги иштирокида  ўқитувчининг  касбий конпетенлигига эга эканлигига, креатив фикрлашига, ижодкорлигига, ясаган кўргазмалари, рассомлик қобилиятига эга эканлигига гувоҳ бўлган эдим.  У танловда берилган барча топшириқларни яхши бажарди. Яратган дарс ишланмаси намунали деб топилди. Ўқитувчи танловда  2-ўринга муносиб иштирок этди. 
Шундан сўнг Август шўъба йиғилишига тайёргарлик жараёнида маъруза тайёрлади. Шу йили ўқув Дастури янгиланди, ўқитувчиларга тренинг машғулотларини ўтказиш мақсадида ёрдамчи тренинг этиб вазифалар бердим. Жуда кенг қамровдаги машғулотни ўтказди. Ўқитувчи бор билим ва маҳоратини ишга солиб, машғулотни муваффақиятли ўтказди. Ўқитувчилар билан ўз иш тажрибасидан  ўртоқлашди. Ўз ижодидан шеърлар айтиб бериб, йиғилган педагогларда  яхши таассурот  қолдирди. 
С.Шайимова туман газетасида ўзининг долзарб мавзулардаги илмий ва оммабоп мақолалари билан ҳам иштирок этиб туради. Бу эса унинг серқирра ижодкор ўқитувчи эканлигидан далолатдир. Шу боисдан ҳам ўз касбининг билимдони бўлган Сарвиноз Шайимованинг иш тажрибаси нафақат туман, балки вилоят ва республика миқёсида ҳам оммалаштирилганлиги фикримизнинг исботидир. 2019 йил туман методик кенгашининг қарори билан  "Алифбе байрами сценарийси", "Математика эрталиги", "Дидактик ўйинлар", "Тестлар тўплами", "Мақолалар тўплами" методик қўлланмалари  туман миқёсида оммалаштирилди. 2020  йилда ўқитувчининг  иш тажрибаси вилоят  миқёсида, 2021 йил 29 декабрда  Республика илмий методик кенгашининг баёни билан  республика миқёсида оммалаштирилди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Сарвиноз Шайимова турли танловларда ўз ижодий ишлари ҳамда билимдонлиги билан иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб, бугунги кунда нафақат 56-мактабнинг ҳамда туманимизнинг фахрли ўқитувчиларидан бирига айланди. Ўтган йили Республика "Йил аёли" миллий танловининг туман босқичи ғолиби, вилоят босқичининг "Йилнинг энг яхши ижодкор аёли" номинацияси ғолиби бўлиб, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғаларини қўлга киритди. Бошланғич таълим ўқитувчиси сифатидаги иш жараёнида ҳам амалий тарзда ўзининг илғор ва замонавий иш тажрибасини кўрсатиб бера олди. Ўтган ўқув йилларида вилоят миқёсида ўтказилган онлайн семинарларда ҳам "ЗООМ ПЛАТФОРМАСИ" орқали долзарб мавзулар юзасидаги маърузалари билан иштирок этди. Шунингдек, туман ўқитувчиларига дарсликлардаги янгиликлар ва ўзгаришлар бўйича  маълумотларни етказиб беришда фаол иштирок этди. "Миллий ўқув дастури"ни амалиётга тадбиқ этиш бўйича ўқувларда ҳам фаол иштирок этиб, махсус "Сертификат" га эга бўлди. Янгиликларни бошланғич синф ўқитувчиларига илғор тажрибалардан фойдаланиб етказишда эса  Сарвиноз Шайимова туман бошланғич таълим педагоглари ўртасида ўз ўрни ва обрўйига эга ўқитувчилардан биридир.
Ўз билимини ошириш мақсадида ўз устида тинимсиз изланадиган, ўқиб-ўрганиш ва ўргатишдан асло чарчамайдиган бошланғич таълимнинг фидойи ўқитувчиси - бугунги кунда вилоят бошланғич таълим  тренинг ўқитувчиси Сарвиноз Шайимова ёш ўқитувчиларга ўқитувчи ўқишдан тўхтаса, ўқитишдан тўхтаб қолишини, ҳар доим изланишда, ўрганишда бўлишини маслаҳат беради.
Муқаддас РЎЗИМУРОДОВА,
             туман ХТБ бошланғич таълим методисти.  
Мавзуга оид: