ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ

Ҳар бир халқ ўзи яратаётган моддий   неъматлар билан  фахрланишга  ҳақли. Аммо табиатда шундай бойлик борки, унга эга  бўлмасдан, авайлаб-асрамасдан, ривожлантирмасдан туриб камолотга эришиб бўлмайди. У ҳам бўлса, миллатга берилган улуғ неъмат - тилдир.
Она  тили миллатнинг  бирлиги   ва  бирдамлиги тимсолидир. У миллатни ягона  халқ  сифатида   ўз  атрофида бирлаштиради ва дунёда борлигини таъмин этади. Ҳар   бир  миллатнинг ўз  ватани, оиласи  бўлгани   каби  унинг  жонажон   ва  бетакрор она  тили ҳам   бўлади. Инсон  учун  унинг   ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли  бўлса унинг она тилиси  ҳам   шу  қадар азиз  ва  муқаддас бўлади. Буюк маърифатпарвар  бобомиз  Абдулла Авлоний ёзганидек: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини  кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг  руҳини йўқотмакдур". Аждодларимизнинг  миллий ўзлигимизнинг бош мезони ҳисобланган тилга бўлган бу даражадаги куюнчаклигини ўша даврдаги сиёсий-ижтимоий талатоплар тақазоси сифатида қарашимиз табиий. Айнан тил одамларни бир  миллатга мансуб халқ сифатида бирлаштиради.  
Тил - ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас  белгиси, халқни халқ, миллатни  миллат қиладиган рамзлардан бири саналиб, асрлар оша аждоддан-авлодга мерос   бўлиб  етиб  келадиган ўзаро муомала воситасидир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг "Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз" деган ҳикматида ҳам  олам-олам маъно бор. Ҳар бир миллатнинг биринчи  рамзи; унинг тилидир. Тил яшаса, миллат ҳам барҳаёт  бўлади. Ўз  она   тилини мукаммал  билган инсон  бошқа тилларни ҳам тез  ўрганади. Тилнинг  ранг-баранглиги, жозибасини ҳис этади. Бу борада ўзбек тили, шубҳасиз, дунё   тиллари  ичида  сўзларга   бойлиги, ўзига  хослиги, асрлар оша сайқал  топиб  бораётгани   билан алоҳида  ажралиб туради. 
Тил - умумбашарий  қадрият, инсониятга ато этилган  улуғ неъматдир. Муҳтарам  Юртбошимиз "Она тили бу -  миллатнинг руҳидир. Ўз  тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши  муқаррар",  дея   таъкидлайди.  Тил - шахсни  шакллантирган, миллатни  вужудга   келтирган, уни тараққиёт  босқичига  олиб   чиққан  мўътабар  хилқат. 
Бундан роппа-роса 33 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки   Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо каби буюк сиймоларни етиштирган   халқнинг тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан ўзбек тилига давлат мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Шундай қилиб, 1989 йил 21 октябрь санасида она тилимиз - ўзбек тилига давлат мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Ўзбек тилига давлат мақомининг берилиши ва ҳар йили 21 октябрнинг мамлакатимизда тил байрами сифатида кенг  нишонланиши она тилимизга бўлган чексиз  ҳурмат, маънавиятимизга, миллатимизга  бўлган юксак эътибор намунасидир.
Она тили - миллатнинг руҳи, унинг кўзгусидир. Тил - давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш - миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси  Конституциясида давлат тилининг мақоми  ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни она  тилимиз  мустақил   давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси   билан  бир қаторда  турадиган, қонун  йўли   билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзи  ҳисобланади.
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ҳамда бебаҳо маҳсули бўлган  ўзбек  тили   жаҳондаги  бой ва қадимий  тиллардан   биридир. Мамлакатимизда  амалга оширилаётган  кенг кўламли  ислоҳотлар жараёнида давлат  тилининг   ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётир. Шундай экан, она тилимизни севмоқ, ардоқламоқ ва унинг обў-эътиборини дунё миқёсига кўтармоқ ҳар биримизнинг вазифамиздир.  
Дилнора ЎРИНОВА,
туман Ахборот-библиография  
хизмати  раҳбари.
Мавзуга оид: