ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ФИДОЙИЛАРИ ДОИМО ЭЪЗОЗДА

Баҳор, ёз, куз, қиш ва яна баҳор. Буғдой дони, ундай ўсимлик майсаси, ундай етуклик ўсимлик ва яна бошоқдаги дон. Айланиб турувчи бу "чарх-палак" диалектиканинг "инкорни-инкор" қонуни асосида табиат, жамият ва инсон тафаккурида амал қилади. 
Дарҳақиқат, бугунги кундаги ёш авлод вақти келиб қарияга айланади. Халқ хўжалигининг барча тармоқларида бўлгани каби таълим тизимида ҳам жавлон уриб ўз даврида ёш авлод тарбияси билан банд бўлган педагоглар муайян ёшга етиб пенсияга чиқадилар. Бугунги кунда туманимизда 12 000 нафардан ортиқ пенсионерларнинг 11 фоиздан кўпроғи, яъни 1338 нафарини халқ таълими ходимлари ташкил этади.
Соҳада меҳнат қилиб ёшга доир пенсияга чиққан устозлар икки тоифага бўлинадилар; биринчи гуруҳи тизимда зўрма-зўраки ишлаб иш фаолиятини тўхтатадилар. Улар пенсияга чиқиш кунини ўта интиқлик билан кутишади ва мактаб билан бир умрга хайрлашадилар. Уларнинг иш самарадорлиги ҳам ўз даврида шунга яраша бўлади.
Иккинчи гуруҳ кишилари ҳали ҳаётга чанқоқ, фаол, ижтимоий жиҳатдан жўшқин, ғайратли кишилар бўлиб, улар меҳнат фаолиятини тўхтатганларидан сўнг "янги"ча турмуш тизимига мослашиб олгунларича бир оз (тахминан 2 ойлар) вақт талаб қилинади. Негаки, илгари муайян тартибга солинган иш жараёни, шаклланган меҳнат жамоаси эндиликда йўқ. Аммо йўналтирилса, иш берадиган куч-ғайрат, имконият бор. Ана шундай пайтда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг жойлардаги (МФЙ ва таълим муассасаларида) бошланғич ташкилотлари юқорида қайд этилган фаол фуқаролик салоҳиятига эга бўлган кишиларни жамоатчилик ишларига жалб этсалар, бундан ҳам ижтимоий тизим, ҳам пенсияга чиққан шахс руҳан манфаатдор бўлади. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги П-4906-сонли фармонига асосланиб иш юритаётган туман халқ таълими бўлими фахрийлар уюшмасида ҳам муайян ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан байрамлар ва тарихий саналарда таълим тизимида самарали меҳнат қилиб бугунги кунда кексалик гаштини сураётган устозлар ҳолидан хабар олиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фахрий педагогларни ёш авлод вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш, таълим муассасаларида ёш педагогларга фахрийларнинг амалий методик ёрдам беришлари каби ижобий ишлар шулар жумласидандир.
Инсоният бошига кулфат келтирган иккинчи жаҳон урушининг тугаши муносабати билан ҳар йили 9 май куни "ўалаба байрами" сифатида расман нишонланиб келинади. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ушбу санани нишонлаш янада кенгроқ маъно ва мазмунга эга бўлди. 1999 йил  2 мартдаги ПФ-2243-сонли Президент Фармонига биноан 9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" деб белгиланди. Шу боис бугун иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида қурбон бўлган ватандошларимиз, ўша оғир кулфатни бошдан кечириб ҳам жисман, ҳам маънан азобланиб ўз юртига қайтиб келганлар руҳини хотирлаш билан бир қаторда Ватанимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган, бугунги кунда орамизда бўлмаган асл инсонларни хотирлаш, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб айни кунларда биз билан ёнма-ён юрган ажойиб, олийжаноб кишиларни қадрлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам шарафдир.
Таълим тизимида ибратли фаолият юритиб бугунги кунда орамизда бўлмаган Оқдарё туман халқ таълими бўлим мудирлари Турғун Усмонов, Исоқ Қиличев, Ўктам Ачилов, халқ таълими ходими Э.Азаматов, Н.Шакаров, А.Ризаев, Х.Бобоназаров, 52-ИДУМ директори Жамол Исроилов, 1,6,15,18,21,23,30,39,40,46-умумтаълим мактабларининг директорлари А.Ўтаев, З.Эшмуродов, М.Гапиров, А.Норқулов, А.Абдурашидов, Т.Нурмуродов, М.Сайфутдинова, И.Юсупов, Ў.Давлатов, А.Муҳаммадиев ҳамда  2-умумтаълим мактабининг француз тили ўқитувчиси Марс Муҳаммадиев, 8-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Қўчқор Тошмуродов, 20-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси  Мавлуда Ходжаева, 34-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Зирафобегим Абдураҳмонова, 38-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Мусаллам Ҳайдарова, 43-умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Гулнора Нигматова каби бир қанча устозларнинг номларини ҳурмат билан хотирлаймиз.
Таълим тизимида бугунги кунда ҳам ижтимоий фаол бўлган учинчи даражали меҳнат фахрийси, 1995-2011 йиллар мобайнида вилоят халқ таълими бошқарма бошлиғи ўринбосари, Оқдарё, Иштихон туман халқ таълими бўлимини бошқарган Шоҳида Нигматова, халқ таълими ходимлари Машраб Абдураҳимов, Ҳасан Рустамов, Мурод Қўчқоров, Ўғилой Шомуродова, Дилбар Ашурова, Марҳабо Давронова, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Дилором Мамашарипова, Қувондиқ Ҳамидов каби юзлаб устозларнинг ҳар бирига қалбимизнинг тўридан жой бериб, улар шаънини эъзозлаб-қадрлаб "Аҳволлар қандай, азиз устоз?", - деб ҳол сўраш ҳар қайси педагогик жамоа, ҳар биримиз учун фарздир.
Зеро, Аллоҳ бандаси бўлмиш ҳар бир инсон ҳамиша меҳр ва эҳтиромга лойиқ. Шу боис атрофимиздаги яхши инсонлар доим диққат-марказимизда, эътиборимизда бўлмоғи лозим. Шундай экан, туманимизда халқ таълими ривожланиши йўлида ўзининг ҳаётини бахшида этган фидойи меҳнат фахрийлари ва нуронийлар билан учрашувларни мунтазам равишда ташкил қилиш мактаб раҳбарларининг, маҳалла раисларининг амалий фаолиятига айланишини истаб қоламиз.
Насриддин АСЛИЕВ,
 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Халқ таълими ходими, III даражали меҳнат фахрийси.
М.ЭГАМНАЗАРОВА,
туман халқ таълими Фахрийлар уюшмаси раиси.
Мавзуга оид:
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07