Устоз педагогни ёд этиб ИЖОДКОРЛАРНИНГ ЯҚИН ДЎСТИ ЭДИ

Яқинда қадрдон дўстларимдан бири телефон қилиб агар Жамол Исроилов билан бирга тушган суратим бўлса юборишимни
илтимос қилди. Очиғини айт-ганда дўстимнинг бу гапидан кейин ўйланиб қолдим. Жамол ака билан қирқ йил вақт
мобайнида ака-укадек бўлиб кетган бўлсакда, бирор марта суратга тушганлигимизни эслай олмадим. 
Жамол ака билан илк бор 1980 йилнинг ёз ойларида Лойишдаги эски истироҳат боғидаги мўъжазгина соя-салқин ошхонада суҳбатлашгандик. Чунки у кишининг укаси, бизнинг дўстимиз Баҳодир Исроилов туман Матлубот 
жамиятида бош ҳисобчи ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатар, кўпинча тушликда бирга овқатланардик. Биринчи 
учрашувдаёқ Жамол аканинг билимдонлиги, қатъийлиги, камтарлиги менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, у
кишининг агар Ўзбекистон мустақил бўлса, ер ости ва ер устки бойликлари ўзимизга хизмат қилишини, бундан халқимизнинг 
фаровонлиги бир неча баробар ошиши ҳақида аниқ мисоллар билан исботлаб берганда очиғи, ҳайратдан ёқа ушлагандим. 
Шу суҳбатдан кейин у киши билан тез-тез учрашадиган, фикрлашадиган вабошқа мавзуларда суҳбатлашиш одатимизга айланди. 
Жамол Исроиловни Оқдарёликлар ниҳоятда ҳурмат қилишини 1999 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар яққол кўрсатди.
У киши Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига ва вилоят Кенгашининг депутатлигига номзоди 
кўрсатилганлигидан сўнг эринмасдан халқ билан тинимсиз мулоқотда бўлди, уларнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглади. 
Ўша даврда у кишига ишончли вакил бўлиш менга насиб этди. Тумандаги ҳар бир қишлоқда, маҳаллада сайловчилар билан учрашувлар ташкил этилди. Очиғини айтганда, Жамол Исроиловнинг рақиблари ҳам сайловда ғолиб чиқиш учун ҳаракатни бошлаган эдилар. Шу боис кураш ниҳоятда кескин бўлди. Ҳақиқат, демократия, ошкоралик ва адолат ўз кучини кўрсатди. Кўпчилик овоз билан Жамол Исроилов рақибларидан устун келиб Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва вилоят Кенгашининг депутатлигига сайланди. 
Сайловдан сўнг ҳам у киши депутат сифатида масъулиятни чуқур ҳис этиб ҳафтанинг шанба кунлари "Депутат қабули"ни ташкил этди. Бу қабул "Оқдарё овози" газетаси таҳририяти биносида ўтказиладиган бўлди. Одамлар тегишли ташкилотлар ҳал қила олмаган муаммолар бўйича депутатга мунтазам равишда мурожаат қилишар, ўз   навбатида депутат ҳам ҳар бир мурожаатчининг сўзини диққат билан тинглар ва ҳал этишга астойдил ҳаракат қиларди. Ўша даврда Жамол Исроиловнинг бевосита ташаббуси ва ҳаракати билан Миёнқол, Авазали, Истиқлол маҳаллаларидаги чекка қишлоқларга табиий газ қувурлари тортилиб, одамлар бу неъматдан фойдаланадиган бўлишди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, у ижодкорларнинг ҳақиқий дўсти эди. Таҳририятга тез-тез келиб турар, газетада чоп этилаётган мақолаларга ўз муносабатини билдирар, бу нашрнинг қизиқарли чиқариш учун нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида ҳам керакли йўл-йўриқлар ва тавсияларни берарди. Касб байрамларда ҳам ижодкорларни табриклашни асло унутмасди. Бир сўз билан айтганда, Жамол ака ижодкорларнинг ҳақиқий дўстига айланганди. 
Афсуски, шафқатсиз ўлим бу инсонни орамиздан эрта олиб кетди. Унинг орзулари мўл эди. Оқдарёни ва унинг халқини ғоят севарди. Шу боис Жамол Исроиловнинг хотираси оқдарёликлар қалбида абадий сақланишига ишонамиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: