КУТИЛМАГАН ТАШАББУС (ёхуд устозсиз шогирдлар)

-  Мактаб ўқувчиси собиқ  тарғиботчисининг ишини давом эттирмоқда.
Икки йил олдин жорий этилган умумтаълим мактабларидаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг иш ўрни беш йиллик шартнома муддати тўлмасданоқ бекор қилинганлиги барчамизга маълум. Президентимизнинг бу борадаги қарорининг бекор қилиниш сабаблари  қандай шарҳланишидан қатъий назар, ўтган икки йиллик даврдаги   тарғиботчиларимиз меҳнатларининг самарасидан кўз юмиб бўлмайди.  Тарғиботчи штатининг  қисқартирилиши натижасида ўрта умумтаълим мактабларидан  ижод саҳнасига шахдам қадамлар билан кириб келаётган, яқин 10-15 йиллик келажакда  ўзбек адабиётининг суянган тоғларига айланажак,  ёш ижодкор авлод вакиллари  ўзлари учун расман  яратилган   тизимли ижод мактаблари имкониятидан маҳрум бўлдилар. 
Ҳукуматимизнинг ҳар бир умумтаълим мактабига ёзувчи, шоирларни, ижодкор устозларни бириктириш, ижодий –маданий масалалар бўйича тарғиботчиларни тайинлаш тўғрисидаги қарорининг нақадар муҳим ва зарур,  эҳтиёжманд эканлигининг биргина исботини келтирмоқчимиз:
Туманимизнинг 7- умумтаълим мактабида тарғиботчи   иш бошлагач, ўқув масканининг ўнлаб ёш иқтидорли ёшлари ўз ижодий қобилиятларини намоён этдилар. ОАВ саҳифаларида, “Оқдарё баёз”лари, телекўрсатувлар, туман, вилоят нашрлари, республика тадбирларида ижодий чиқишлар қилдилар. Мактаб ижодкорларининг  “Навниҳол” деворий газетаси  икки йил давомида мунтазам фаолият юритди. 
Жорий йилда янги ўқув йили бошлангач, ижодкор ўқувчилар устозсиз, тарғиботчисиз қолдилар. Ижодга чанқоқ ҳамда  қайноқ ижодий муҳитга ўрганиб қолган  ўқувчилар ўз ташаббуслари билан “Навниҳол”ижодий тўгарагининг ҳамда газетасининг фаолиятини қайтадан ташкил этиб, ўзлари мустақил бошқара бошладилар. Мактаб маъмуриятидан тарғиботчи  хонасини    очиб беришни ва машғулотларни ўзлари давом эттиришларига рухсат сўрадилар.   Ўқувчилар тўгарак раҳбарлигига 9-синф ўқувчиси, ёш шоира Сарвара Норхўжаевани сайладилар. Бугунги кунда Сарвара ўн нафарга яқин мактабдошларига  собиқ  тарғиботчи устозидан ўрганган ижод сирларини ўргатмоқда. Ижодкор ўқувчилар деворий газеталарини мунтазам чиқариб, шеърларини саҳифаларига жойлашмоқда.   Таниқли шоир ва ёзувчиларни мактабларига  таклиф қилишни ҳам режалаштирмоқдалар. Мактаб маъмурияти  ижодкор ўқувчиларнинг бундай кутилмаган ташаббусидан хурсанд. Ижодий- маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасини бажараётган С.Норхўжаева  собиқ тарғиботчи устози шоира Тўлғаной Гадоева билан телефон орқали ҳар куни мулоқатда бўлиб, саволларига жавоб олиб турибди. У туманимизда фаолият юритаётган “Шеърюраклар” ижодий клуби ҳамда  телеграм гуруҳимизнинг   фаол аъзоси. Сарваранинг бу кутилмаган ташаббусини  Президентимизнинг 2020 йил ноябрь ойида қабул қилган № 5040- сонли қарорининг ижобий натижаси деб қабул қилдик. Бундай ташаббусларни бошқа макталарнинг ижодкор ўқувчиларидан ҳам кутиб қоламиз. Ишингга, ижодингга омад тилаймиз адабиётнинг фидойи қизи Сарвара! Адабиёт ва ижод қаҳрабодек мухлисларини ўз бағрига тортаверади.  
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ойгул Маматова.