Машҳур кишилар ҳаётидан ХИТОЙДАГИ ИЛК ХУСУСИЙ МАКТАБ АСОСЧИСИ

Хитой маданияти ва фалсафасида ўзига хос бурилиш ясаган Конфуцийнинг асл исми Кун Цю бўлса-да, адабий китобларда Кун Фу Цзи ёки Кун Цзи сифатида талқин этилади. «Цзи» сўзи хитойликлар орасида ёши улуғ эркакларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром сифатида қўлланилган. Агар буни ўзбекча қилиб айтадиган бўлсак, «Цзи» устоз, жаноб, муҳтарам, ҳурматли, тақсир сўзларига тўғри келади.


Конфуцийнинг отаси Цулян Хэ Лу князлигининг ишончли саркардаларидан бири бўлган. У 66 ёшда эканида ёш хотини Янъ Чжэнцзой ўғил туғиб беради ва унга Кун Цю деб ном қўйишади. Бўладиган бола бошидан, деганларидек, бола ўз тенгқурлари орасида ўткир зеҳни, тиришқоқлиги билан ажралиб туради. Ўша даврдаги қўлёзмаларда Конфуцийда донишмандларга хос бўлган теран фикр, кенг мушоҳада юритишга лаёқат, ўта соғлом ва жисмоний куч бўлгани ёзилган.

Конфуций 20 ёшида зодагонлар ортидан боришни ихтиёр этди. Лу князлигида майда амалдордан саналса-да, у доимо халқ билан бирга бўлди. Ҳақиқатгўй, одил бошқарувни ёқлар, ноҳақликларни кўришга тоқати йўқ эди. Шу боис Конфуций 30 ёшида таниқли шахсга айланади. У илм-фан билан шуғуллана бошлайди, ўз сиёсий қарашларини тарғиб қилишга киришади.

Эрамиздан аввалги 501 йилда 51 ёшли Конфуций Чжунлу музофотига губернатор этиб тайинланади. Бу ҳудуд ҳозирги Шандун провинцияси таркибига киради. Мазкур лавозимда ишлаб юрган чоғида халқ меҳрини қозонади. Бу, албатта унинг мансаб пиллапоясидан юқорилашига замин бўлади.

Эрамиздан аввалги 500 йилда Цзягу шаҳрида Лу князлиги ҳукмдори Дингуннинг Ци князлиги ҳоқони Цзингун билан учрашуви бўлиб ўтади. Дингунга ҳамроҳлик қилган Конфуцийнинг ақл-заковати, зукколиги туфайли рақиб томонининг ўйлаб топган ҳийласи барбод бўлади ва Цзигун илгари босиб олинган ерни Дингун князлигига қайтариб беришга мажбур бўлади. Конфуцийнинг «етти ўлчаб бир кесиши» қўшни Ци князлигига, албатта ёқмайди. Шунинг учун эрамиздан аввалги 497 йилда маккор Ци князлиги навбатдаги тузоқни қўллашга киришади. Лу князи ихтиёрига 80 нафар сулув қизларни жўнатади. Кутилмаган ҳадядан ўзини йўқотиб қўйган Дингун императорнинг қўли базму жамшиддан бўшамайди. Маишатга берилган ҳукмдор давлат ишларини четга суриб қўяди. Бу Конфуцийни бефарқ қолдирмайди. У адолатсизликларга чидай олмайди ва ўзининг шогирдлари билан саройни тарк этади.

Ўша кундан бошлаб Конфуций 14 йил сарсон саргардонликда яшади. 68 ёшида собиқ талабаларидан бири Жан Цзюнинг қистови билангина ўз юрти - Лу князлигига қайтади. Сарой муҳитидан аллақачон кўнгли совиган донишманд солнома тузишга, кўҳна ёзувларни таҳрир қилишга, ёшларга таълим беришга бел боғлайди. Натижада ўзидан бой маънавий мерос қолдиради.

1645 йилнинг 19 февралида Цинн династияси императори Конфуцийни улуғ донишманд, устоз деб эълон қилди. Дарҳақиқат, Конфуцийни турли даврларнинг ўзига хос буюк муаллими бўлган, десак муболаға эмас. Айнан у ўқув масканларида янгича ўқитиш услубига мустаҳкам пойдевор қўйди. Шу пайтгача қадимги Хитойда фақат бой-бадавлатларнинг фарзандлари мактабга бориш ҳуқуқига эга бўлган. Конфуций таълим соҳасида ижтимоий камситишларга қарши бўлгани боис жамиятнинг барча қатлами билим олишга ҳақлидир, деган ғояни илгари суради. Хитой тарихида биринчи хусусий мактабга асос солади. Муаррихларнинг таъкидлашича, Конфуцийнинг уч мингга яқин шогирди бўлган экан. Улардан 72 нафари устоз таълимотининг давомчилари сифатида элга танилади.

ХХ асрда Хитойда Конфуций таълимотига турли қарашлар мавжуд бўлган. Буюк шахс ҳатто феодалларга хос одоб-ахлоққа эга қуруқ сафсата сотувчи насиҳатгўй сифатида ҳам қабул қилинади. Ҳатто ўтган асрнинг 70-йилларидаги маданий инқилоб даврида Конфуций таълимоти қораланади. Йиллар ўтиб эса мантиқсиз қарашларга чек қўйилади.

2004 йилда Шандун провинциясининг Цюйфу шаҳрида Конфуций таваллудининг 2555   йиллигига бағишлаб тантанали маросим бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 21 ноябрида Сеулда дунёда биринчи бўлиб Конфуций номидаги институт очилди.

2009 йилнинг октябрь ойигача бўлган маълумотларга кўра, жаҳоннинг 87 мамлакати ва минтақасида 282 та Конфуций номидаги институт, 241 та синф фаолият юритмоқда. Хитой халқ университетида ягона Конфуций ва конфуцийлик тадқиқот маркази ҳамда анъанавий Хитой маданиятини ўрганиш маркази ташкил этилди. Цинхай ва бошқа университетларда ҳам шундай марказларга асос солинди. Хитойнинг 30 дан ортиқ олий ўқув юртларида Конфуций ҳайкаллари савлат тўкиб турибди.

Ўзбекистонда ҳам Конфуций таълимотига қизиқиш кучли. Тошкентда Конфуций маркази фаолият юритаётганига анча йиллар бўлди. Ушбу даргоҳда юзлаб талабалар таҳсил олган.

Жаҳон кино экранларида «Конфуций» фильми намойиш этилди. Хитойлик таниқли режиссёр аёл Ху Мэй картинани яратиш учун уч йил қаттиқ меҳнат қилди ва бу асарга давлат бюджетидан 150 миллион юан ажратилди. Фильм сценарийсини 33 марта қайта ишлашга тўғри келди.

Конфуций эрамиздан аввалги 479 йилнинг 11 апрелида вафот этади. Унинг бир қизи ва ўғли бўлган.

                    Интернет материаллари

                         асосида тайёрланди.