ПЕДАГОГЛАР ТАҲРИРИЯТИМИЗ МЕҲМОНИ

Жадид боболаримиздан аллома Абдулла Авлоний бундан юз йил олдин “Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки қўлидир” дея доно фикрни айтган эди. Ҳақиқатдан ҳам, миллатимизнинг ривожланишида, жамият тараққиётида устоз муаллимларнинг хизмати беқиёсдир. Буюк шоиримиз, Ўзбекистон Қахрамони Абдулла Орипов устозлар ҳақида шундай ёзган эди:
Шоирга дедилар: Сиз бахтли инсон.
Эл-юрт ардоқлайди, ҳамма танийди,
Шоир жавоб берди: Менда бир армон,
Муаллим десалар мени қанийди...

Дарҳақиқат устозлар ҳақида шеър ёзмаган шоирнинг ўзи бўлмаса керак. Айниқса Пўлат Мўмин шеъри билан айтиладиган “Устозлар” қўшиғини хушовоз хонандамиз Санобар Раҳмонова 50 йилдан буён куйлаб, бу соҳа ходимларининг меҳнатини тараннум этмоқда. Бундай  мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Яқинда Оқдарё туманидаги 43-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ педагоглари билим маскани директори Юсуф Қўшоқов бошчилигида таҳририятимизга ташриф буюришди. Педагоглар билан ўтказилган суҳбатда бугун маънавиятга берилаётган эътибор, ўқитувчининг обрўси ва газеталарга бўлаётган обуна ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди. 
- Ҳар бир муаллим ўзи истаган газетага ихтиёрий равишда обуна бўлиши керак, - дейди Юсуф Қўшоқов. – Негаки, бугунги педагог атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан, матбуотдан хабардор бўлиши ниҳоятда зарур. Кейинги пайтларда “мажбурий обунага йўл йўқ” деган фикр айрим педагогларнинг миясига сингиб қолган. Бу мутлақо нотўғри фикрдир. Чунки ҳар бир ўқитувчи доимий равишда газета, журнал ва китоб билан ошно бўлиши керак. Мажбурий эмас, ихтиёрий равишда обуна бўлиши лозим. Биз ҳам бугун жамоамиз билан таҳририятга келиб ихтиёрий равишда обуна бўляпмиз.
Бир сўз билан айтганда, педагоглар билан ўтказилган самимий суҳбат барчамизда катта таассурот қолдирди.
Мавзуга оид: