"Ҳаёт гўзал, яшаш учун 1001 сабаб"акцияси доирасида БОЛАНГИЗГА ТАБАССУМ ҚИЛИНГ!

Ҳаёт гўзал, яшамоқ тотли. 
Дарҳақиқат, ҳаёт гўзал. Бизга берилган шу қисқагина ҳаёт нақадар гўзал. Бу ҳақиқатни англаш, умримизни кўтаринки ва мазмунли тарзда ўтказиш сиз-у бизга берилган имконият эмасми, аслида? Атрофингизга қаранг, бахтиёр инсонлар қатори ўзини омади чопмаган, бахт-сиз санайдиган кишилар ҳам бор орамизда. 
Мен нима демоқчиман? Инсон бу дун-ёга келдими, бахтли ва тўкис яшашга ҳақлидир. Буларнинг ҳаммаси одамни ўзига боғлиқ. Сиз ва бизга боғлиқ. Қолаверса, оиладаги соғлом муҳит, дўстона маданият ҳам кўп нарсани ҳал қилади. Шунингдек, катталарнинг оиладаги кичикларга нисбатан позитив, яъни, ижобий муносабати ва ҳар бир болага нисбатан хайрихоҳларча қараши муҳим     роль ўйнайди.
Тасаввур қилинг, ҳар куни болангизни танқид қилаверсангиз, бўлар-бўлмасга турткилаб, дакки бераверсангиз, эртага ундан   қандай ижобий натижа кутасиз? Бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи авваламбор, муайян бир оиланинг аъзоси, йиллар ўтиб, шаклланиб, вояга етувчи шахс-ку, ахир. 
Мен ушбу мақолам орқали кўпроқ ота-оналар ҳамда бобо-бувилар билан ўртоқлашмоқчиман. Оилангиздаги ҳар қандай фарзанд, хоҳ у қиз бола бўлсин ва ёки ўғил бола, катталарнинг ҳатти-ҳаракатига қараб туради, кузатади ва болаларча онгу шуури билан таҳлил қилади. Улар билан дўст, ўртоқ, дугона бўлсангиз, эртага ўша болангиз сизга шунчалик яқин, сирдош ва албатта, маслакдош бўлади. 
Биз психологлар ва ота-оналар жуда яхши биламиз, болаларда улар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган "ўтиш даври" деган бир давр бўлади. Ана шу даврда хоҳлаймизми, йўқми, ўсмир психологиясида жуда кўплаб ўзгаришлар кузатилади. Айнан шундай пайтда ўғил-қизимизга сиз ва биз жуда керак бўламиз. Чунки уларнинг ҳаётидаги энг яқин инсонларимиз. Ҳеч кимга айтолмаган гап-сўзларини ўғил бола отасига, қизлар эса оналарига айтишни, улардан маслаҳат олишни исташади. Сиз ва биз фарзандимизга қанчалик яқин бўлсак, натижа шунчалик ижобий бўлади ёки аксинча. Болангиз ўша излаган нарсасини сиздан топмадими, кўчадан, бегоналардан, ўзидан каттароқ дўст-ёрларидан ахтаради ва топади ҳам. 
Мана шундай пайтларда ўқувчилар билан устозлар ҳам иложи борича позитив муносабатда бўлмоғи керак. Оилада эса биз катталар ширин сўз, самимий бўлсак, нур устига аъло нур бўларди, деб ўйлайман. 
Фарзандингизга табассум қилинг ва у ҳам албатта, сизга табассум билан жавоб беради. Бу эса унинг келажагига ҳам кучли таъсир қилади. Атрофингизга бир назар ташланг, мунтазам равишда қовоғини солиб, доимо кимлардандир, нимадандир норози бўлиб юрувчи одамлар бор. Эътибор берган бўлсангиз, ана шундай кишиларнинг иши ҳеч ҳам юришмайди, ўзини омадсиз санаб юраверишади ва энг ёмони, ўзлари ҳам шунга кўникиб қолишади. Яхшироқ яшашга ҳаракат ҳам қилишмайди. Қарабсизки, атрофдагиларга, дўстларига, ҳамқишлоқларига нисбатан камбағал, кам таъминлаган, деган ном остида яшашни давом эттиради. Қўшниси, синфдоши ўзига тўқ, бой-бадавлат яшаса, "фалончи бой-да", "омади чопган-да", деб қўяди ҳавас ёки ҳасад билан. 
Лекин ўша ўзига тўқ синфдоши, ҳам-қишлоғи ёки қариндошининг муомала маданиятини, самимийлигини, меҳнаткашлигини тан олгиси келмайди. Кўрдингизми, болага катталар томонидан сингдирилган чиройли муомаланинг, самимиятнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фарзандингиз сизнинг кўзгудаги аксингиз. Бугун унга қандай муомала қилсангиз, эртага сизга худди шундай жавоб қайтади. Шу боис, имконимиз борида уларни тушунишга, керак   пайтда дўст бўлиб, ёнида туришга, муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берайлик!               
Эркиной ҚАРШИЕВА,
4-мактаб психологи, Халқ 
таълими аълочиси.