СОҒЛОМ АВЛОД - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!

Соғлом авлод - жамият тараққиётининг асосидир. Шу боис юртимизда Мустақилликнинг илк йиллариданоқ ҳам жисмоний, ҳам маънавий баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, соғлом авлод деганда, аввало, соғлом насл, жисмонан бақувват, иймон-эътиқоди бутун, билимли, маънавияти юксак, мард ва жасур, ватанпарвар авлод тушунилади.  Чунки юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир етук мутахассис ёшлар Ватанимиз ривожи йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган қудратли кучдир. Зеро, эртанги кунимиз айнан бугун мактабгача таълим ташкилотларида вояга етаётган, тарбияланаётган жажжи  фарзандларимизга боғлиқдир.
Шундай экан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишни янада яхшилаш уларнинг тўлақонли ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш ва ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш олдимизга қўйган энг долзарб вазифамиздир.   
Муҳтарам Юртбошимизнинг "Ватанимизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат"- деган сўзлари биз раҳбарларга улкан ишонч ва масъулият юклайди. 
Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур. Юртимиз қудрати, жамият равнақи келажагимиз эгалари бўлган болаларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғломлигига боғлиқдир. Юрт тинчлиги ва ободлиги борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли мактабгача таълим ёшидаги  болаларнинг таълим-тарбия олиши, ўзи ёқтирган машғулот билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилганининг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Қувонарлиси, мамлакатимизда баркамол авлод саломатлиги йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу эзгу сайъ-ҳаракатлар замирида фарзандлар камолини кўришдек мақсад мужассам. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. 
Нима учун давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Асосий эътиборни ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда. Бу бежиз эмас, албатта. "Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди", дейди донишмандлар. Ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Халқимиз азал-азалдан фар-зандларининг жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом бўлиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашини олий мақсад, деб билади. Зеро, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш - келажаги буюк давлат пойдеворини қуриш демакдир. 
Шундай экан, Ватанимиз эртанги куни ва истиқболини ҳал қиладиган ҳозирги ёш авлодни муносиб равишда камолга етказиш, уларга сифатли таълим-тарбия беришда масъуллигимизни ҳамда баркамол авлод ва юксак ахлоқли  ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчилари эканлигини унутмаслигимиз керак. 
Бахтигул АСРОРОВА,  
туман мактабгача таълим 
бўлими мудири.