ЎҚИТУВЧИ ГАЗЕТА ЎҚИШИ КЕРАК

"Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қонун билан қатъий белгилаш керак".   
                                                                      Ш.М.Мирзиёев.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътиборнинг асосий мазмун-моҳияти шуки, жамиятда ўқитувчи нуфузини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни мукаммал инсон қилиб шакллантириш, ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш ва мамалакат тараққиётига хизмат қиладиган авлодларни  етиштиришдир. Таълим соҳасида бу борада жуда кўплаб ишлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин. 
Жумладан, ўқитувчи ва муаллимларнинг ижтимоий ҳаётдаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф қилинмоқда. 
«Мактаб директори, унинг ўринбосари, синф раҳбари, ўқитувчининг мақоми белгиланиши лозим. Ўқитувчиларга устама тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилиши керак», дейди Президентимиз ўз нутқида. 
Бугунга қадар ўқитувчиларнинг асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз отган эди. Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини ноилож ташлаб кетганини ҳам биламиз.
Ўқитувчиларнинг асосий вақти далада ўтгани, эндиликда, қишлоқ хўжалигининг фермер ва кластерларга топширилаётгани ортидан бундай салбий ҳолатлар тарихда қолганини барчамиз кўриб турибмиз. Яқин-яқингача ўқитувчи-муаллимлар, айрим жойларда ўқувчилар ҳам, тўрт ойлаб пахта йиғим-терими, чопиқ ва яганага чиқарилгани сир эмас. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ошириб борганлиги, бюрократик юкламалар кескин камайтирилгани, соҳа вакилларига юксак эътибор сабабли мактабларда эркак ўқитувчилар қайта иш бошлади. 
Шундай бўлсада, айни пайтда давом этаётган яна бир аянчли аҳвол ҳақида фикр юритмоқчиман. "Мажбурий обуна" баҳонасида айрим ўқитувчилар, раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлиб қолдилар. Менинг компьютеримда ҳамма нарса бор, менинг телефонимда ҳаммаси бор, деб. Бундай зиёлилар, раҳбарлар қаттиқ адашадилар. Йўқ, газета ҳам, журналлар ҳам, бадиий китоблар ҳам ўқиш керак. Бу замон талаби. Ўқитувчи ўзининг илмий ва ижодий таълимини, билимини, методикасини ёзиши керак, муҳокама қилиши керак.
Маълумки, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлат бу Япония ҳисобланади. Лекин бу мамлакатда кунига уч-тўрт миллион нусха нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Ахир, газета ва журналлар мактабга керак. Мажбурий обуна деб ихтиёрий обунадан ҳам воз кечилаётган ҳолатлар ҳам кузатилаяпти. Мактабда жамиятнинг зиёли кишилари фаолият юритади. Шу сабабли халқ уларга фарзандларини таълим ва тарбиясини ишониб топширади. Таълим беришнинг энг янги методлари, ҳалқаро майдонда ва юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар газета ва журналларда чоп этилмоқда. Газета ва журнал ўқимаган ўқитувчи бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. 
Ўқитувчиларнинг мавқеи оширилиб, зўр имкониятлар яратиб берилаётган ватанимизга хизмат қилиш барча ўқитувчиларда фахр ва ғурур ҳиссини уйғотишига ишонаман.
Нафиса ХОЛМОНОВА,
 11-мактабнинг ёшлар етакчиси.