ХАЛҚ МЕҲРИГА САЗОВОР БЎЛГАН УСТОЗ

Устоз. Муаллим. Нақадар сермазмун, пурмаъно сўзлар. Албатта, устоз ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор илк марта қўлимизга қалам тутқазган биринчи устозимиз кўз олдимизда гавдаланади. Мен ҳам биринчи устозларимдан бўлган, ўқитувчидек шарафли касбга болалик чоғларимдаёқ қалбимда илк учқунларни ёлқинлантира олган устозим, айни пайтда ҳам биз шогирдлари билан бир сафда ҳормай-толмай жавлон уриб меҳнат қилиб келаётган азиз инсон - Хосият опа Мирзаевани ҳамиша ҳурмат билан тилга оламан. Зеро, ҳеч бир инсон таълим-тарбия берган устозларини ҳеч қачон унутмайди ва унута олмайди.
Ҳозиргидек ёдимда. Устозим 3 ёки 4-синфда ўқиб юрган кезларимизда ҳаммамиздан катта бўлсак ким бўлишимиз ҳақида сўраганларида мен болаларча ҳавас билан: "Мен катта бўлсам албатта, ўқитувчи бўламан",- дея жавоб берган эдим. Биз бошланғич синф ўқувчилари устозимизга шунчалик меҳримиз юқори эдики, дарс пайтлари адашиб "она", дея мурожаат ҳам қилиб қолардик. Бежизга устозларни оналарга менгзашмайди-да ахир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хосият опа Мирзаеванинг энг бахтли шогирдларидан биттасиман, дея оламан фахр билан. Чунки кўп йиллардан буён устозим билан бир даргоҳда фаолият олиб бормоқдаман. У кишидаги ғайрат ва шижоат, янгиликка интилувчанлик кўплаб ёш ўқитувчиларга ўрнак бўлса арзийди.
Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.
 Дарвоқе, борлиқнинг жозибадорлиги, ҳаётнинг гўзаллиги бизга азиз устозларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида  сингдирилгандир. Негаки, устозлар бутун куч-қудратини, ақл-идрокини, меҳр-муҳаббатини билим ва зеҳнини шогирдларига бахшида этади. Айниқса, бу жонкуярлик бошланғич синф ўқитувчилари зиммасига икки ҳисса залворлироқ юк бўлиб тушади.
Хосият Мирзаева 1971 йилда Педагогика билим юртини битириб, туманимиздаги кам комплектли 5-бошланғич мактабида ўзининг педагоглик фаолиятини бошлади. Бошланғич таълим ўқитувчиси Х.Мирзаева  фаолиятининг илк кезларидаёқ интилувчан, тиришқоқ, жонкуяр устоз сифатида ҳамкасблари, ота-оналар ҳамда ўқувчиларининг меҳр-муҳаббатлари ва эътирофига сазовор бўлди.
Муаллима қатор йиллар туманимиздаги 23-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ёшларга таълим-тарбия бериб келди. Шунингдек, 1977-1982 йилларда СамДУнинг бошланғич таълим факультетига ўқишга кириб, олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугаллади. Шундан сўнг тумандаги Қорахўжа қишлоғида жойлашган 3-бошланғич мактабнинг мудираси лавозимида ўз фаолиятини давом эттирган устоз ўз касбининг ҳақиқий билимдони эканлигини кўрсатди ва ҳамкасбларига ўрнак бўла олди. Ўз касбининг устаси бўлган Хосият Мирзаевага 1986 йилда аттестация комиссиясининг хулосаси билан "Катта ўқитувчи" унвони берилди. Шунингдек, жонкуяр ва фидойи устозимиз Хосият Мирзаева бир неча марта   вилоят Халқ таълими бошқармасининг ҳамда туман халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари ва ташаккурномалари билан тақдирланган. Устоз билан ҳам шогирд ва ҳамкасб сифатида суҳбатлашар эканмиз, баъзида дилидаги армонларини ҳам айтиб қолади:
- Бошланғич таълим - билимлар пойдевори,- дея бежизга айтилмаган. Болаларнинг саводини чиқариш, уларнинг мурғак қалбида эзгу мақсадларни уйғотиш, она Ватанни севишдек эзгу ғояларни шакллантириш машаққатли вазифадир. Бутун ҳаётимни, умримни халқ таълими соҳасига бахшида этдим. Қарийб 50 йиллик педагоглик фаолиятим учун бирор бир унвон олиш насиб этмаган бўлсада, бундан асло афсусланмайман...
Айни пайтда ўзининг табаррук 70 ёшини қарши олаётган  устозимиз ҳамон 4-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим ва тарбия бериб келмоқда. Мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари орасида Хосият опа Мирзаева "Катта муаллим" деган фахрли номга сазовор бўлган. Ахир, халқимизнинг бу қадар  ҳурмат-эътибори, юксак эътирофи ҳаммага ҳам насиб этавермайди-ку?!
Хосият Мирзаева нафақат ажойиб ва жонкуяр устоз, балки оилада меҳрибон она ҳамдир. У кишининг икки нафар ўғиллари икки қанотидир. Тўнғич фарзанди Нодиржон онасининг изидан бориб, нафақат туманимизда, балки вилоятимизда ҳам кўзга кўринган тажрибали тарих фани ўқитувчисидир. Нодир Мирзаев 4-мактабда ўқувчиларга тарих фанидан дарс бериш билан бир қаторда кўп йиллардан бери Оқдарё туманини тарихини яратиш ва бошқа илмий ва публицистик мақолалар ёзиш, туман, вилоят ва республика миқёсидаги танловларда ҳам иштирок этиб, муваффақиятли натижаларни қўлга киритиб келмоқда. ўайратжон эса дурадгорлик касбини эгаллаб, эл-юрт корига камарбаста инсонлардан биридир. Фарзандларининг иккаласи ҳам ўзларидан тинчиган,  ҳавас қилса арзигулик намунали оила бошлиқларидир.
Инсон учун бундан ортиқ бахтнинг ўзи бўлмайди. Бутун умр ўзи севган касби, севимли мактаби бағрида келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия бериб, шогирдларининг, халқининг иззат-ҳурматига сазовор бўлиб, эзгу мақсадлар йўлида меҳнат қилаётган фидойи муаллима, шарафли касб эгаси Хосият Мирзаевага биз шогирдлар ҳам узоқ умр, соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.
Эркиной ҚАРШИЕВА,
4-мактабнинг амалиётчи психологи.
Мавзуга оид: