Қалбларда абадий барҳаёт

Шу кунларда юртимизда халқимизнинг севимли фарзанди - шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шуни қувонч билан таъкидлаш керакки, Бобурнинг шеърларига ошно бўлган инсон ватанни янада қаттиқроқ севади, унинг қадрига етади, Ватанимиз энг буюк неъмат эканлигини англаб етади. Бобур дунёни ҳайратга солган йирик давлат ва маданият арбоби, моҳир саркарда, донишманд тарихчи, заковатли олим ва таржимон бўлган. Унинг ижодини, ҳаёт йўлини бениҳоя самимий туйғулар билан йўғрилганини ёш авлодга ҳис эттирмоқ, қалбларига жо қилмоқ зарурдир. Бобур ижодида ҳаётга қайноқ меҳр акс этган, жўшқин ғазалларида инсоний туйғулар ўзаро ҳамжиҳатлик, умр ва Ватаннинг қадрига етиш тараннум этилади.
Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан тумандаги 23-умумий ўрта таълим мактабида 11-синф ўқувчилари томонидан "Қалбларда абадий барҳаётсиз"номли адабий кеча ташкил этилди. Ушбу адабий кечада ўқувчилар Бобурнинг шонли ҳаёт йўли, у  халқимизнинг ҳар жиҳатдан етук, ғоят истеъдодли фарзанди эканлиги, ўта нотинч, саргардонликда кечган умрини кучли салоҳияти туфайли жозибали қила олганлигини, тарихий шахсларнинг у ҳақдаги гўзал эътирофларини тақдим этдилар. Ўқувчилар Бобурнинг ҳаётга яқин, содда, самимий рубоий ва ғазалларини ўзбек тилининг ифода имкониятларини намоён этган ҳолда ифодали ўқишди. Айниқса, Бобурнинг яна бир истеъдод қирраси - Ҳиндистонда амалга оширган бунёдкорлик ва ислоҳот ишларини кўрсатувчи саҳна кўриниши кеча қатнашчиларида унутилмас таассурот қолдирди. Саҳна кўринишида иштирок этган 11-"Б"синф ўқувчилари Шуҳрат Зайниев, Ойбек Ҳофизов, Лола Облоқуловаларнинг чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлдилар.
Адабий кеча сўнгида сўзга чиққан мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Ф.Сайфуллаев, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари З.Элмуродовалар адабий кечани ўтказишда ўз ҳиссасини қўшган она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Г.Ўринбоева, 11-синф раҳбарлари М.Бозорова, М.Эҳсонова, мактаб кутубхоначиси Л.Бобоназаровага миннатдорчилик билдиришди. 
Шаҳло ҚУРБОНОВА,
23-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.