СЎНГГИ АМИР Газетхонларнинг илтимосига кўра Сайид Амир Олимхон ҳаёти

Тарих, миллийлик, анъаналар, қадриятлар, ғурур – буларнинг ҳаммаси Ватаннинг ичида. Ватанпарварлик туйғуси кучли бўлган шахс бу тушунчаларни бошқача қадрлайди, бошқача тушунади. Чунки Ватан битта бўлади, ҳар жойни ҳам Ватан тутиб, ошиён билиб яшаб бўлмайди. Бунга тарихдан мисоллар кўп. Юртдан ажралиш азоби ҳар недан оғир.
Тарихдан биламизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур она юртдан айрилиқни бошидан ўтказган, барча жабру ситамларини ўз манбаларида қолдирган шахсдир. У шоҳлик тожини кийди, улкан салтанатга асос солди, аммо Ватандан узоқда. Демоқчимизки, ҳамма нарса ҳам ўз туғилиб ўсган жойига татийди. Масалан, Амир Олимхонни олайлик. Бу шахс ҳам ўзининг зиддиятли курашлар остида кечган ҳаёти, минглаб афсонаю ривоятларга сабаб бўлган кечмиши билан ҳаммамизни қизиқтириб келган. Умрининг чорак асрини мусофирчиликда, саргардонликда кечирган бу шахснинг ички ва ташқи дунёси қандай эди? Аслида у қандай инсон эди? Мазкур китоб, хоҳланг уни рисола денг, хоҳланг альбом деб тасаввур қилинг – сизга Амир Олимхон ва унинг аждоду авлодлари ҳақида хабар бериши билан қиммати юқоридир. Шунинг учун ҳам мутолаага,  мушоҳадага арзийди, деб ҳисоблаймиз.
Миллатимиз узоқ мустамлака даврини бошидан кечирди. Бу воқеалар хонликларнинг парчаланиб кетиши ва бевосита ўша пайтдаги қайноқ воқеалар ичида бўлган Амир Олимхон ҳаёти билан ҳам боғлиқдир. Чор Россиясининг босқинчилик ҳаракатлари миллионлаб осиёликлар қатори ўша пайтда Бухоро амири бўлган Амир Олимхон қисматини ҳам ўзгартириб юборди. У давр ўзи қаҳрамон яратиб, ўзи  барбод қиладиган, хоҳласа саҳнанинг ортига олиб ташлайдиган замонлар эди. Қачадан-қанча зиёлилар, маърифат эгалари қурбон бўлди, юртдан қувилди…
1991 йил 1 сентябрь. Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинди. Бу муҳим сана эди. Кейинги йиллар тарихнинг асл юзини очишга, аждодлар фитратига холис баҳо беришга, оқни оқ, қорани қора, дейишга имкон берди.
Ушбу тўплам китобхонга нафақат Бухоро амирлиги тарихи ҳақида, балки Амир Олимхондек мураккаб тақдир эгасининг ҳаёти тўғрисида хабар беради. Қизиғи, суратлар орқали ташқи қиёфалар, ички дунёларнинг тасаввур этасиз.
тарих фанлари доктори, профессор И.М.Саидов.
Бухоро Амирлигининг Манғит уруғи ҳукмдорлари:
1.  Муҳаммад Раҳимхон (1753-1758) йил
2.  Дониёлбий  (1758-1785) йил
3.  Шоҳмуродхон  (1785-1800) йил
4.  Амир Ҳайдар (1800-1826) йил
5.  Насруллохон (1826-1860) йил
6.  Музаффар Баҳодирхон (1860-1885) йил
7.  Абдулаҳад Баҳодирхон (1885-1911) йил
8.  Амир Олимхон  (1911-1920) йил
Амири бе ватан зору хақир аст
Гадо гар дар ватан мурад – амир аст.
Сайид Олимхон
Ватансиз амир хору хақирдир,
Ватанида ўлган гадо ҳам амирдир.
Сайид Олимхон
Ўзбек миллатининг манғитлар сулоласига мансуб бўлган вакили, Бухоро давлатининг ҳукмрони ва сўнгги амири Сайид Мир Муҳаммад  Олимхон (Тўражон) ибн Абдулаҳадхон 1881 йилнинг 3 январида Бухоро амирлигининг Кармана беклигида таваллуд топди.
Бухоро хонлигида ХVIII аср ўрталарида юз берган сиёсий воқеалар манғит уруғи вакилларини Бухоро хонлиги тахтига олиб чиқди. Давлат ҳукмдорлари «амир» унвони билан юритиладиган бўлди ва давлат ҳам Бухоро амирлиги, деган ном олди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, манғитлар сулоласи Бухорода 1753 йилдан 1920 йилгача ҳукмронлик қилиб келганлар.
Қадимдан Ўрта Осиё ҳудудлари чет эл давлатлари, айниқса, империалистик Англия ва Россия давлатлари назарида  бўлган. Албата, бу иккала давлатнинг Осиёга бўлган қизиқишлари бежиз эмасди. 
1868 йили Россия истилочилари ҳарбий куч ишлатиб, Туркистонни босиб олишди. Шу йилнинг 23 майида  Бухоро амири Музаффархон Чор Россия ҳукумати билан сулҳ тузиб, Бухоро амирлиги Россия давлатининг мустамлакаси эканлигини тан олишга мажбур этилди. Бу истило натижасида Бухоро амирлиги ўзининг катта ҳудудларидан айрилди ва Туркистон генерал губернаторлиги ташкил этилди.
Ўша пайтда давлатни бошқариш, ҳарбий ҳамда дунёвий билимларни эгаллаш мақсадида шаҳзода Олимхон 13 ёшида, 1893 йили падари бузруквори, Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон томонидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига юборилди. У Николай (пажлар) кадетлар корпусида  таҳсил ола бошлади. Рус ва Европа маданияти билан яқиндан танишган амирзода Олимхон 1896 йили ушбу ўқув даргоҳининг барча имтиҳонларини топшириб, Россия императори Александр III томонидан расмий равишда Бухоро амирлигининг валиаҳд шаҳзодаси ваколатини олди. Шундан сўнг Бухорои шарифга қайтди.
Икки йил давомида Олимхон падари бузруквори Сайид Абдулаҳадхон қўл остида мамлакат, давлат бошқарув ишлари билан яқиндан танишди. Ички ва ташқи сиёсатни ўрганди. 15 ёшида Насаф (ҳозирги Қарши) вилоятининг ҳокими этиб тайинланди. Олимхон бу вазифада 12 йил давомида ҳокимлик қилди.
Олимхон сўнгги икки йил давомида (1908-1910) падари бузруквори Сайид Абдулаҳадхоннинг вафотигача Бухоронинг Кармана бекликлигига ҳокимлик қилди. Отасининг вафотидан сўнг 1911 йилнинг 24 декабрида расмий равишда Бухоро амирлиги тахтига ўтирди.
1917 йилда Россияда бўлиб ўтган инқилобий ўзгаришлар Бухоро давлатига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. 1918 йили Туркистон халқ комиссарлари кенгашининг раиси Ф.И.Колесов ҳамда Ёш бухороликлар  ҳаракатининг раҳнамоси Файзулла Хўжаев бошчилигидаги кучлар Бухоро амирлигига қарши уруш эълон қилди. Бу жангда Амир Олимхоннинг қўли баланд келди. Бухорода совет тизимини  ўрнатишга ҳаракат қилган кучлар раҳбарлари Амир Олимхон билан 1918 йил 25 мартда тинчлик сулҳини тузишга мажбур бўлишди.
АЛАМЛИ ЧЕКИНИШ
Узоқ йиллардан бери Бухоро амирлигига нисбатан ўзининг босқинчилик ҳаракатини амалга оширишни режалаштириб юрган «қизиллар империяси» 1920 йил 29 августда Когондан туриб Бухорои шарифни тўплардан ўққа тутди. Бу ёвуз кучларга большевиклар армиясининг қўмондони Михаил Фрунзе раҳбарлик қилди.
Шаҳар узра учаётган 11 та аэроплан Бухоронинг тарихий обидалари, юзлаб аҳоли уй-жойлари, масжид ва дўконлари устига бомбалар ёғдирди.  Минглаб бегуноҳ одамлар қони тўкилди. Бир неча кун Бухоро халқи амир бошчилигида душманларга қарши жанг олиб борди. Кучлар тенг эмасди. Бир неча кундан бери қамалда бўлган Бухоро шаҳрига душманнинг бостириб кирганини эшитган Олимхон, ўзининг ёзги қароргоҳи бўлган Ситораи Моҳи Хосадан ўзига яқин амалдорлари, бир қанча мулозимлари ва аскарларидан иборат бўлган жами йигирма беш мингга яқин кишиси билан ўиждувон орқали  амирликнинг жанубий-шарқий ўлкаларига чекинди.
Амир Олимхон ўз хотираларида Бухорони тарк этишга мажбур бўлишининг сабаблари ҳақида шундай деган эди: «Бухоройи шариф шаҳридан кўчишни ихтиёр этсам, шояд шу сабабдан харобаликка бўлган сабаблар йўлини тўсиб, фақиру фуқаро, бечораларни бу жабр-ситамлардан озод қилсам ва осойишталик бахш этсам, деган андишада чоршанба куни, тушдан кейин соат тўртларда фойтунга ўтириб, мисоли ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом суннати бўлмиш ҳижрат каби кўчишни ихтиёр этдим».
Амир Олимхон Ҳисор вилояти қароргоҳида олти ой давомида душманларга қарши олиб борган мустақиллик курашига раҳбарлик қилди. Ушбу давр ичида амир Ватанини душмандан озод этиш мақсадида  жангга Кўлоб, Ҳисор ва Душанбе атрофларидаги амирга содиқ бир нечта бекларга қарашли бўлган кучларни ва йирик мужоҳидлар тўдаларини бирлаштирди.
Тўдалар бошлиқларига қўрбоши   унвонини бериб, бутун қўшинга олий бош қўмондон қилиб мужоҳидлар тўдасининг қўрбошиси Иброҳимбекни тайинлади.
Иброҳимбекнинг ўринбосарлари Шар-қий Бухорода Давлатманбек, ғарбий Бухорода эса мулла Абдулқаҳҳорни тайинлади ва уларнинг ҳарбий стратегик ҳаракатларини мувофиқлаштириб туришга ҳаракат қилди.
Амирнинг шу қисқа давр ичида ҳарбий кучи 25-30 минг кишилик аскарга тенг бўлди. Амир қўшинлари ва қизил аскарлар ўртасида бўлиб ўтган жанглар натижасида  амирликнинг Бойсун, Дарбанд ва Шеробод ўлкалари озод этилди. Бироқ, сўнгги бир қатор жангларда мағлубиятга учрагач, Амир 1921 йилнинг 4 март куни Тожикистоннинг Кўлоб вилоятига қарашли Вахш дарёсининг Чубек ирмоғидан ўз ортидан ўзбек ва тожиклардан иборат 50 мингга яқин оилани эргаштириб Афғонистон ҳудудига ўтди. Уларга қўшилиб амирликнинг Керки ва Чоржуй бекликларидан 30 мингга яқин туркманлар ҳам икки миллонга яқин чорваси билан қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетди.
Ўз Ватанини тарк этишга мажбур бўлган собиқ амирнинг ўзга юртда, яъни Афғонистон тупроғида кечган муҳожирлик ҳаёти бошланди. Афғонистон амири Омонуллохон Амир Олимхонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, олдин Ҳусайин Кавт, кейинчалик Ҳошимхон боғида, бир йилдан сўнг эса Муродбек қалъаси боғида истиқомат қилиш учун қароргоҳ ажратиб беради. Афғонистон ҳукумати олдинига ўн икки минг, кейинчалик ўн тўрт минг беш юз афғон рупиясида амирнинг кундалик сарф-харажатлари учун ойлик-маош тайинлайди.
Олимхон Афғонистонда яшаб туриб ҳам умрининг охиригача Она Ватанини озод қилиш учун большевикларга қарши курашаётганларга ҳам ғоявий, ҳам моддий томонидан ёрдам кўрсатиб турди.
Амир бир неча маротаба  халқаро ташкилотлар ва йирик давлатларга расмий мурожаат қилиб, улардан ўз юртини озод этишда қурол-яроғ ҳамда моддий ёрдам беришларини сўради. Аммо амирнинг бу саъй-ҳаракатлари турли сиёсий сабабларга кўра самарасиз қолиб кетаверди.
АМИРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ
Амир Олимхоннинг шахсий ҳаёти ҳақида гапирадиган бўлсак, амирнинг бир нечта хотинлари бўлган. Баъзи маълумотларга қараганда, 37 фарзанди бўлиб, улардан 16 нафари ўғил ва 21 нафари қиз бўлган. Ҳозирги кунда улар дунёнинг турли бурчаклари – Афғонистондан тортиб АҚШ, Саудия Арабистони, Покистон, Эрон, Туркия, Германия каби мамлакатларда истиқомат қилишмоқда.
Амир ўз юртини ташлаб кетаётганида унинг бир қанча оға-инилари қаторида чамаси 8-10 ёшли уч фарзанди – Султонхон, Шомурод ва Раҳимхонлар Шўролар ҳукумати қўлида қолиб кетади. Аниқ бир сиёсий ғояларни кўзлаган большевиклар раҳбарияти уларни ўз тарбиясига олиб, Москвадаги махсус интернатга жўнатишади. Султонхон Иккинчи жаҳон урушида  қатнашиб, ногирон бўлиб қайтади. Узоқ вақт Москва шаҳридаги кўзи ожизлар мактабида ишлайди.
Раҳимхон 1937 йили ГПУ ходимлари томонидан жосусликда айбланиб, қатл этилади.
Шомурод Олимов ҳаёти эса тақдир ўйинига ўхшайди. У аввал Масквада рабфакни, кейин ҳарбий муҳандислик академиясини тугатади. 1929 йили расмий равишда ўз отасидан воз кечади. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, бир оёғидан айрилади. Совет иттифоқи генерал-майори унвонига сазовор бўлади. Бухоро амирини ҳарбий куч ишлатиб тахтдан ағдариб ташлашда қўмондонлик қилган рус босқинчиси М.В.Фрунзе номи билан аталган Москва ҳарбий академиясида Шомурод Олимов 1960 йилларда дарс беради.
Маълумот учун айтиш лозимки, Россия императори Николай II томонидан Бухоро амири Олимхон 1910 йили Ҳазрати олийлари унвони, 1911 йилда Император Зоти олийларининг мулозими ва генерал-майор унвони, 1915 йилнинг 30 декабрида эса генерал-лейтенант ҳамда генерал-адъютант ҳарбий унвонлари билан тақдирланган.
Ота ва ўғил, икки генерал, фақат бири дарёнинг бу қирғоғида, иккинчиси нариги  қирғоғида…
АМИР ОЛИМХОН ИЖОДКОР ШАХС
Олимхон падари бузруквори Абдулаҳадхон каби шеъриятга ихлосманд эди. Олимхонни айниқса, Мирзо Бедил фалсафаси ва шеърияти қизиқтирганлиги туфайли у муҳожирликда «Бедилхонлик» ва бошқа шеърият кечаларини ўтказиб турарди. У Афғонистонда ўзининг хотиралари битилган «Тарихи хузни милали Бухоро», яъни «Бухоро халқининг ҳасрати тарихи» асарини ёзиб тугатади.
Олимхон Афғонистонда ўз фарзанларини саводли ва маърифатли бўлишларини истаб, уларга махсус ўқитувчилар ёллайди ва уларнинг илм олишини жиддий назорат қилиб туради.
Амир муҳожирликда Ватанини қаттиқ қўмсайди, соғинади. Йиллар ўтгач у бир  неча маротаба Совет ҳукумати раҳбарларига Она Ватанини яна бир бор кўриш учун рухсат сўраб расмий мурожаатнома ёзади. Аммо рад жавобини олади. Она Ватанини кўрмоқ фақатгина  унинг фарзандларига насиб этди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан ке-йингина 1993-1994 йилларда Амирнинг фарзандлари Ватанимизда меҳмон бўлишди.
Қобул атрофларида жойлашган Қалъаи Фату боғи Амир ҳаётининг сўнгги қароргоҳи бўлди. Ҳаётининг сўнгги йиллари оғир хасталикка чалиниб, кўзи ожизлашиб қолган собиқ Бухоро амири 23 йиллик муҳожирликдан сўнг, 1944 йилнинг 28 апрелида 63 ёшида бу фоний дунёдан кўз юмди.
Қобул шаҳри атрофида жойлашган «Шоҳидони ислом», яъни «Ислом шаҳидлари» қабристонида Амирнинг қабр тошида қуйидаги сўзлар битилган: «Бу қабр соҳиби алам ситамга тўла Амир бўлмиш ва салтанат сурмиш зоти Олийнинг бир кафт тупроғидан хотира бўлиб, бу киши Бухоройи шарифдаги манғитлар сулоласининг еттинчи ва охирги саодатпаноҳ подшоларидан эдилар. Яъни, бу жаноб Оллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлган Амир Саййид Олимхон ибн маҳрум Амир Саййид Абдулаҳадхон ибн Амир Музаффархон ибн Амир Саййид Насруллохон ибн Амир Ҳайдархон ибн Шомуродхон ибн Амир Дониёлхондурлар».
Амир Олимхон қаламига мансуб «Тарихи хузни милали Бухоро» хотиралари қуйидаги мисралар билан тугалланган:
Ҳар ки хонад дуо тама дорам,
Зи онки ман бандаий гуноҳкорам.
Таржимаси:
Ўқигандан дуо таъмадорман,
Чунки мен бандайи гуноҳкорман.
(«Сўнгги амир» китобидан олинди).