ҚЎШҚЎРҒОНДАГИ ОТИШМА
Тарихимизни ўрганамиз
Намоз Ботир ҳақида янги маълумотлар
(Охири. Бошланиши ўтган сонда)
Сиз, муҳтарам газетхон, Ҳиндистондаги мустамлакачилик даврида ҳинд халқининг ўз қаҳрамонларини ҳимоя қилишда бирлашиб қуролсиз бўлса-да, мустамлакачиларга қарши қандай ёпирилиб ҳужум қилганликларини кинофильмларда кўп кўргансиз. Лоақал, ҳиндларча ҳам бўла олмадик. Юз йил аввал ҳам шундай бўлганмиз, ҳозир ҳам шундаймиз...
Энди икки ҳамқишлоқ масаласига қайтадиган бўлсак, улар шалвираб портлатишлар бўлаётган жойга етиб келдилар ва Намознинг аллақачон жўнаб қолганлиги ҳақидаги хабарни ҳам етказдилар. Бироқ, саксондан ортиқ тўлиқ қуролланган ҳарбийлар халқа қилиб ўраб турган жойдан бир кишининг ҳаммани доғда қолдириб чиқиб кетишини тасаввурига ҳам сиғдира олмаган маъмурлар ҳам, ҳарбий бошлиқлар ҳам бу гапга ишонмайдилар. Ҳамма Намозни портлатилаётган бомба-мушаклар туфайли вайрон бўлган деворлар остида қолиб ҳалок бўлди, деган тасаввурда эди. Қолаверса, бир суткалик отишма, совуқ ва очликдан силласи қуриган амалдору, казак аскарлари ҳам бу томошани тезроқ якунлаб, иссиқ жойларига қайтишни сабрсизлик билан кутаётган эдилар.
Қўшқўрғон қишлоғида бўлиб ўтган бу тўқнашув Туркистон ўлкасининг "Туркистон вилоятининг газетаси (1907 йил 6 январь. № 2. 2-бет), "Русский Туркестан" каби марказий газеталарида ва маҳаллий газеталарда тўлиқ ёритилди. Ўша йилларда Туркистонда яшовчи рус ва рус тилида сўзлашувчи аҳоли орасида ҳам Намозга хайрихоҳ одамлар кўп эди. Улар Намознинг бир-биридан қизиқарли жасур саргузаштлари ҳақидаги хабарларни ўқиш учун кундалик газеталарни сабрсизлик билан кутар эдилар. Ҳа, энди Намоз ҳақида Туркистон ўлкасининг ҳамма жойида гапираётган эдилар. Ҳатто, "Туркестанский ведомости" газетасининг юқорида берган маълумотига кўра, "Энг чекка қишлоқларда ҳам Намоз ҳақида одамлар тинмай гапирар эдилар. Одамлар чойхоналар, бозорлар, кўча-куй, тўй-маърака-ю, барча йиғинларда Намознинг саргузаштлари ҳақида гапирар эдилар. Ҳа, Намоз ўзи билган-билмаган ҳолда ХХ аср бошларида Туркистондаги энг машҳур шахсга айланиб улгурган эди. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Дарҳақиқат, Нурмон шоир Абдувой ўғли ўзининг "Намоз" достонида айтганидек:
"Самарқанд шаҳрида даврон
сурганди,
Олдига солганди ўттиз мерганди.
Хуфтон бўла бузди Каттақўрғонди,
Ҳеч кўрмадик Намоздайин султонди".
(Ўзбек поэзиясининг антологияси Нурмон Абдувой ўғлининг "Намоз" достони. 216-бет, Ўздавнашр. Тошкент-1948 йил).
Самарқанд уезди бошлиғи ёрдамчиси, подполковник Сокольский ўзининг 1907 йил 10 январдаги маърузасида шундай дейди: "Ҳозирги вақтда Қўшқўрғондаги казаклар ўраб турган қуршовдан омади келиб қутулиб чиқиб кетган Намоз қишлоқ аҳолиси кўз ўнгида деярли афсонавий шахсга айланиб кетган. Шарқ халқлари фантазиясига хос унинг ғайриинсоний ҳолатларини, яъни ҳаётига нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда, ўзини ҳайвон ёки жониворга айлантира олиш қобилиятига эга эканлиги ҳақида гапирмоқдалар. Шубҳасиз, бундай қарашлар шусиз ҳам уни излаб топишда бош қўшаётган кам сонли маҳаллий аҳоли сонининг янада камайиб кетишига олиб келмоқда. Шунинг учун Намоз ўзига янги гуруҳ (шайка) тузиб олишга эришса, уларни яхши қуроллантириб олса, уни излаб топиш ва тутиш ҳозиргидан ҳам қийинроқ бўлади... Наҳотки, - дейди у ўз нутқида давом этиб, - қачонлардир, қачонлардан кўра ҳозирги вақтдаёқ унга нисбатан маҳаллийлар кўз ўнгида ошиб бораётган жозибадорликни жиловлаш вақти келмади". (Ф.И.-18 рўйхат № 1. йиғма жилд 14846. 53-бет).
Қўшқўрғон қишлоғидаги тўқнашув юзасидан суд ҳукми 1907 йил 10-11 март кунлари Самарқанд шаҳрида генерал-майор Соколов раислигида ўтган муваққат ҳарбий суд очиқ мажлиси эълон қилинди.
"1907 йил 10 ва 11 март кунлари Самарқанд шаҳрида генерал-майор Соколов раислигида ўтган муваққат ҳарбий суди очиқ мажлисида иштирок этдилар:
Ҳарбий прокурор ёрдамчиси подполковник Закомельский ва Губерна котиби Соколов ҳамда етти кишидан иборат судланувчилар иштирок этишди. Судланувчи шахсларга суд мажлиси, қарори ва ҳукм тўғрисида қачон, қай тартибда қандай шикоят қилиш тушунтирилган. Судланувчиларнинг иш ҳужжатлари маҳаллий ҳарбий бошлиқларда қолдирилган бўлса-да, кассация муддати давомида шикоят қилмадилар.
Ҳарбий судья генерал-майор имзо чекди:
Муваққат аъзолар:
Туркистон ўқчи батальонлари:
Подполковниклар 3- Гинглять, 6-Бялковс-кий ва Галашевский ва 3-Зирабулоқ заҳира батальони подполковник Молченко, Губерна котиби Соколов иштирокида маҳаллийлар иши бўйича эшитилди:" (Ф.И.-130. рўйхат 1. йиғма жилд 3781. 1, 2,3, 4, 5-бетлар).
"Туркистон ўлкаси бўйича буйруқ № 35.
4 февраль, 1907 йил. Тошкент шаҳри.
...Туркистон округ ҳарбий судига ўзбеклар: 1) Очил Муллажонов (Жонузоқов) 33 ёш. 2). Худойберди Ўташев 21 ёш; 3) Қурбонбой Отниёзов 19 ёш; 4) Қаршибой Султонов 28 ёш; 5) Шоамин Тўхтамишев 25 ёш; 6) Авазқўр Оқмирзаев 28 ёш; 7) Шерниёз Худойназаров 25 ёш.
Улар 1906 йил 25 декабрда ўқотар қуроллари билан қуролланиб, Намоз Пиримқулов ва тергов давомида топилмаган бошқа шахслар билан биргаликда, Намоз ва бир нечта шахслар полиция томонидан қароқчилар тўдаси тузганликда айбланиб, қидирилаётганлигини билган ҳолда, Қўшқўрғон қишлоғига Даҳбед пристави казаклар билан яқинлашганда, қуролларидан ўқ отиб қарши олишди ва кейин яшириниб олишиб, казаклар билан отишмага киришишди. Намозни қамоққа олишга қуролли қаршилик кўрсатишди. Отишма чоғида бир нафар казак Корчагинни ўлдиришди. Қарийб бир сутка давом этган отишма давомида Намозни қочириб юборишни удалашди, ўзлари эса қўлга олинди.
Ушбу жиноят жиноят кодексининг 262, 263 ва 1459-модданинг 2-қисми билан жазоланиш кўзда тутилган.
Аслини имзолади: Инфантерия генерали Гродеков.
Аслига тўғри: иш юритувчи. Имзо 1.
1. (Ўзбекистон Миллий Архиви фонди И-1 рўйхат 4. йиғма жилд 1070. 21-бет.)
Туркистон генерал губернаторлигининг кейинги чиқарган яна бир буйруғига юқоридаги № 35-буйруғидаги сўзлар қайта такрорлангани ҳолда қуйидагилар баён этилади:
"Туркистон ўлкаси бўйича буйруқ №89.
16 март 1907 йил. Тошкент шаҳри.
... Қарийб бир сутка давом этган отишмада Намознинг қочишига ёрдам беришди, ўзлари эса қўлга олинди"2. дейилади. Буйруқнинг давомида шундай дейилади: "Ҳарбий суд 1907 йил 11 мартдаги муҳокамалардан сўнг қарор қилди: Судланувчилар Очил Муллажонов, Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отниёзов, Қаршибой Султонов, Шоамин Тўхтамишев, Авазқўр Оқмирзаев ва Шерниёз Худойназаровларни казакнинг ўлимига олиб келган ҳокимиятга қуролли қаршилик кўрсатишда айбдор деб ҳисобланиб, барчаларини ҳуқуқ ва мол-мулкларидан маҳрум этиш ва ҳар бирини осиш ор-қали ўлим жазосига ҳукм этиш белгиланди.
Чиқарилган ҳукм ва ҳарбий суднинг алоҳида қарорини инобатга олиб, номлари кўрсатилган судланувчиларнинг ҳар қандай маданиятдан йироқлиги ва ярим ёввойи эканликлари (?!), содир этган жиноятларнинг қай даражада оғир эканлигини тушунмаганликлари, Намоз тўдасига онгли равишда кирмаганликлари, ҳеч бири жиноятга бошловчи ёки етакчи бўлмаганликлари ва умуман бош айбдор эмасликлари; барча жиноятлар ташаббускори Намоз эканлиги, шунингдек, энг муҳим судланувчилар ушбу вазиятда қўрқув ва Намознинг босими остида бўлгани, уларнинг Намоз иродасига қарши бориши ёки хиёнати ўлим билан тугаши, худди Туман Эшиевнинг казакларга таслим бўлиши каби хавфли эди.
Мен, давлат тартибларини ҳимоя қилиш, жамоат осойишталигини асраш тўғрисидаги чора-тадбирлар Низомининг 19-банди ва ҳарбий суд Низомининг 1401-моддасига асосан судланувчиларга тайинланган ўлим жазосини умрбод қаторга ишларига сургун билан алмаштираман.
Имзо чекдилар: Генерал-губернатор генерали Гродеков.
Иш юритувчининг кичик ёрдамчиси. Имзо. 2.
2. (Ўзбекистон Миллий Архиви Ф.И.-1. рўйхат 4. йиғма жилд 1070. 32-бет).
Ҳурматли газетхон, эътибор қилган бўлсангиз, Туркистон Генерал-губернаторлигининг ҳар иккала буйруғида ҳам "...қарийб бир сутка давом этган отишмада Намознинг қочишига ёрдам беришди, ўзлари эса қўлга олинди", деб Намознинг йигитлари ҳақида айтилмоқда. Аслида ундай эмас. Намознинг йигитлари бирин-кетин асирга олиндилар. Охирида Шерниёз ҳам асир олинди. Шундан кейингина Намоз ғоят усталик билан консперациянинг шундай бир усулини қўлладики, жулдур кийимда бир қучоқ бедани қучган ҳолда уни қуршаб турган 80 нафардан ортиқ ҳарбий ва маъмурлар орасидан, Аллоҳга таваккал қилиб, қуршовдан чиқиб кетди. Уни таниган ва танимаган шунча одамнинг бирортаси бу мункайган чолнинг Намоз эканлигини ҳатто, хаёлларига ҳам келтирмадилар.
Бундан ташқари, Туркистон ўлкаси бўйича чиқарилган мазкур буйруқдаги Генерал-губернаторнинг "...Судланувчиларнинг ҳар қандай маданиятдан йироқлиги ва ярим ёввойи эканликлари..." деган ҳақоратомуз сўзлари бизнинг ҳозиргача сақланиб келинаётган юксак қадриятларимиз, динимиз ва маданиятимизни бутун бир мустамлакачилик даврида англаб етмаган шовинистларни бундан кейин ҳам англаб етиш маданиятидан узоқ, деб айтиш мумкин.
Ўктам ИКРОМОВ,
тадқиқотчи, тарихчи.
ҚЎШҚЎРҒОНДАГИ ОТИШМА Намоз Ботир ҳақида янги маълумотлар
- 03 окт, 10:57
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00