Биз билган ва билмаган тарих "БОЖА"НИНГ ХУФИЯ БОЙЛИКЛАРИ

"БОЖА"НИНГ ХУФИЯ БОЙЛИКЛАРИ
Тарих-ўтмиш билан келажак ўртасидаги кўприк. Ўтган давр мобайнида қанчадан-қанча одамлар тарихда ўзларидан яхши ном қолдирдилар ва аксинча, кимлардир нопок кирдикорлари туфайли тарихга ёмонотлиқ бўлиб кирди. Собиқ СССРнинг собиқ Давлат хавфсизлик Комитети раисининг биринчи ўринбосари Семён Кузьмич Цвигун ҳам тарихда ёмон ном қолдирганлардан бири. У ҳам айрим сафдошлари қатори иззат-икром билан нафақага чиқиши, умрининг охиригача оиласи, фарзандлари, набира-чеваралари даврасида осойишта ҳаёт кечириши мумкин эди. Лекин, ундай бўлмади: ўз жонига қасд қилган армия генерали бу билан ўзининг иродасизлигини исботлади.
...Украинанинг Винница областидаги оддий оилада туғилган Семён Одессадаги институтни тугатиб, мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлаб юрарди. Ўша пайтда СССР НКВДсига раҳбарлик қилган Лаврентий Берия бу соҳага олий маълумотли мутахассисларни жалб этди. Шу тариқа оддий қишлоқ ўқитувчиси ички ишлар тизимига ишга қабул қилинди. Полвонсифат ёш мутахассис дастлаб, касбига меҳр қўйиб, ҳалол-покиза ишлади.
С. Цвигун Молдавия Республикасида ишлаганда ўша пайтда Республикада биринчи раҳбар бўлган Л. И. Брежневнинг назарига тушди. Л. И. Брежнев КПСС Марказий Комитетига Бош котиб бўлганидан сўнг Цвигун аввал Тожикистон ССР, кейин Озарбайжон ССР давлат хавфсизлик комитети раиси вазифасига тайинланди. Цвигун         Л. И. Брежневга божа бўлгани учун ҳам мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилиб борди. Брежневнинг кўрсатмаси билан уни СССР КГБ раиси Ю. В. Андропов ўзига ўринбосар, орадан 3 ой ўтиб, биринчи ўринбосар қилиб ишга та-йинлашга мажбур бўлди. Божасининг муруввати туфайли КПСС Марказий Комитетига аъзо бўлди, Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини олди, Армия генерали погони елкасини безади.
Шу ўринда Цвигун ўлимига сабаб бўлган воқеа тўғрисида бироз чекинишга тўғри келади. 1981 йилнинг 30 декабрида СССРда машҳур цирк артисти Ирина Бугромованинг жуда катта миқдордаги маблағлар эвазига йиққан бриллиантлар коллекцияси ўғирлаб кетилди. СССР КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)га ўша пайтда раҳбар бўлиб турган Юрий Владимирович Андроповнинг ходимлари бу ўғирликни машҳур Опера қўшиқчиси Борис Буряц содир этганлигини исботлашга зўр бериб уринишди. Чунки, Б.Буряц КПСС Марказий Комитети Бош секретари Л. И. Брежневнинг қизи Галинанинг хуштори эди. Борис билан Галинанинг ўзаро яқинлиги эса Москвада аллақачон шов-шув бўлиб улгурган эди.
Шуниси қизиқки, ушбу ўғирлик бўйича терговни Брежневнинг божаси С. Цвигун олиб боради. Пойтахт Москвада овоза бўлган бу "ишни" тўхтатиб туришнинг сира иложи йўқ эди. Цвигун бу иш бўйича Брежневнинг қабулига киролмади. Бироқ М. Сусловнинг ҳузурига зудлик билан чақиртирилди. Цвигун билан СССР бош тарғиботчиси Суслов ўртасида қандай суҳбат бўлгани қоронғу. Лекин, орадан кўп вақт утмай, 1982 йил 19 январида Цвигун дала ҳовлисида ўз жонига қасд қилди. Бу сирли ўлим барчани ҳайратга солди. Л. И. Брежнев Цвигун ўлими ҳақида марказий газеталарда чоп этилган таъзияномага имзо чекмади. Омма орасида ҳар хил гап-сўзлар кўпайишидан ҳайиққан СССР раҳбарлари, врачларни Цвигунни юрак хуружидан вафот этди, дея ташхис қўйишга мажбур этишди.
Орадан анча вақт ўтиб Цвигуннинг уйи тинтув қилинганда уйи ва хуфия жойлардан 6 та 3 литрлик шиша идишга жойланган дуру жавоҳирларни топишди. Икки кишилик темир каравотнинг ҳамма ғовакларига ҳам қимматбаҳо зебу зийнатлар жойланган экан. Бундан ташқари, уйидан 35 килограмм олтин ёмби, 1,5 миллион АҚШ доллари топилди.


Иззатулла НОРҚУВВАТОВ,

журналист.