КОНЦЕРТГА БОРМАЙДИГАН БЎЛДИМ

Туман Истироҳат боғи ўзининг салқин ва баҳаволиги билан тумандошларимизнинг севимли масканларидан бири ҳисобланади. Айниқса, байрам кунлари бу гўша ёшу қарининг ҳақиқий дам олиш оромгоҳига айланади. 
Яқинда туман Истироҳат боғининг Хумо амфитеатрида эстрада юлдузи Сардор Мамадалиевнинг концерт намойиши ҳақидаги эълонни эшитиб, менда концертга кириш ва мириқиб дам олиш истаги пайдо бўлди. Шу мақсадда 50 минг сўмдан чипта сотиб олдим ва концерт бўладиган кунни орзиқиб кутдим.
Ниҳоят 24 май куни мен ҳам юзлаб, минглаб томошабинларни ўз бағрига чорлаган туман Истироҳат боғида жойлашган Хумо амфитеатрига равона бўлдим. Тўғрисини айтсам, шу куни Истироҳат боғи ҳақиқий байрам тусини олган, бу сўлим гўшага туманимизнинг барча ҳудудларидан ташриф этаётган ёшу қарилар, жажжи болажонлар билан гавжум бўлди. Бу эса халқимизнинг санъатга, маданий ҳордиқ чиқаришга бўлган талаб ва истаги нақадар юқори эканлигидан далолат берар эди. Ахир об-ҳавонинг иссиқ кунларида, қолаверса, унумли меҳнатдан сўнг соя-салқин гўшаларда оиласи, фарзандлари ва набиралари билан биргаликда мириқиб ҳордиқ чиқаришни ким ҳам хоҳламайди дейсиз?!
Ана шундай ҳаяжон ва яхши кайфиятлар билан роппа-роса соат 18.00 да концерт намойиш этиладиган Хумо амфитеатрига кириб (киришдаги айрим тартибсизликларни айтмаса ҳам бўлади), бўш жойларнинг бирига жойлашиб олдик. Сабаби қўлимиздаги чипталарда жой ва ўрин кўрсатилмаган эди. Жойлашиб олдик, лекин, жойга ўтиришнинг ҳам ўзи бўлмади. Нега дейсизми? Ўтиргичлар шу қадар чанг ва ифлос эдики, ҳар бир томошабин ўз жойини ўзи бир амаллаб тозалаб, сўнгра ўтириши лозим эди. Акс ҳолда айрим шошма-шошарлик билан ўриндиққа ўтирганларнинг аҳволига маймунлар йиғлади... Бу ёғини шу кунги концертга кирганлар тушунади холос... Ахир концерт бўлиш куни, манзили олдиндан аниқ эди-ку. Томошабинларнинг ўтириши учун шарт-шароитларни яратиб қўйиш негадир ҳеч бир кишининг хаёлига келмаганлиги ачинарли ҳолдир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, концертнинг бошланиши афишаларда соат 18.00 да кўрсатилган бўлсада, белгиланган вақтидан роса 1 соат кечиктирилиб бошланганлиги ҳам кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Тўғри, халқимиз турли хил оммавий тадбирларни, концерт намойишларини интиқлик билан кутишади ва бу каби тадбир ташкилотчиларидан бениҳоя мамнун бўлишмоқда. Лекин, концерт ташкилотчилари, шу соҳага масъул кишилар томонидан туманимизнинг турли бурчакларидан маданий ҳордиқ чиқариш учун етиб келган ёшу қарига нисбатан бундай муносабатда бўлишганлигини қандай баҳолаш мумкин? Ахир, бу инсонларга бўлган ҳурматсизлик эмасми?
Хулоса қилиб айтганда, халқимизга маданий хизмат кўсатиш, уларнинг гаштли меҳнатдан сўнг мириқиб ҳордиқ чиқаришини таъминлашда нафақат маданият ходимлари, балки тумандаги тегишли масъуллар, маҳалла фаоллари ҳам бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришларини чин дилдан истар эдик.
Мавзуга оид: