Соғлом болалик

МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ЁШИДАГИ 

БОЛАЛАР ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШИ КЕРАК?

Бола ҳаётининг дастлабки 3 йилида ўзининг кундалик овқатини кун давомида тенг миқдорда истеъмол қила бориб, аста-секинлик билан 6-7 марта овқатланишдан 5 мартага, кейин эса 4 марта овқатланишга ўтади.

Мактаб ёшида кундалик миқдори шундай тақсимланадики, бунда тушлик ҳажми жиҳатидан кўпроқ ва қувватий қиймати ҳам ошиқроқ бўлади. Бундай ўтиш аста-секин  амалга оширилади.

Биринчи овқатланиш - нонушта. Бир кунлик энергетик қийматининг 25 фоизини ташкил этади. У сабзавотли салатлар ва иккита иссиқ ов-қатдан иборат бўлмоғи лозим: биринчи таом - бўтқалар, картошкали ва сабзавотли овқатлар, тухум, творог, иккинчи таом - қайноқ ичимликлар (сут, сутли қаҳва, сутли какао, қайнатилган сув).

Иккинчи овқатланиш - тушлик. Бир кунлик энергетик қийматнинг 30-35 фоизини ташкил этади. У камида  уч хил таомдан иборат бўлиши лозим: биринчиси - шўрва, иккинчиси - гўштли ёки балиқли овқат гарнири билан ва учинчиси - ширинлик.

Учинчи овқатланиш - иккинчи тушлик. Боланинг суюқликка бўлган эҳтиёжини қондириш керак, чунки тушликдан кейин ва ухлаб тургач, болалар чанқаб қолишади. Иккинчи тушликка бир кунлик энергетик қийматнинг 15-20 фоизи тўғри келади. У суюқликлар, мевалар, резавор мевалар, ширинликлар, пишириқлар, оширма кулчалардан иборат бўлади. 

Тўртинчи овқатланиш - кечки овқат. Бир кунлик энергетик қийматнинг 20 фоизини ташкил этиши ва камида икки хил таомдан иборат бўлиши керак: биринчи - творогли, сабзавотли, ёрмали ва  бошқа кўринишдаги иссиқ овқат бўлиши шарт, иккинчига - сут, кисель, қатиқ берилади.

Таомнома тузишда гўштли ва балиқли таомларни болалар куннинг биринчи ярмида тановул этишларига эътибор бериш керак, чунки оқсилга бой маҳсулотлар модда алмашинувини оширади ва боланинг асаб тизимига қўзғатувчи таъсир кўрсатади. Бу маҳсулотлар, айниқса, ёғлар билан бирга ошқозонда узоқроқ ушланиб туради ва бунда катта ҳазм қилувчи фаоллик талаб этилади. 

Таомномани тузишда таомлар ҳажми ҳам эътиборга олинади. Овқат ҳажмининг етарли бўлиши тўйиш ҳиссини пайдо қилади. Овқатнинг ўта кўп бўлиши эса, болада норозилик пайдо қилиб, кўнгилсиз асоратларга олиб келиши мумкин. 

1-1,5 ёшдан бошлаб болаларни мустақил равишда овқат ейишига ўргатиш мумкин. Бу кўпинча иштаҳа очилишига ҳам кўмаклашади, овқат ейиш жараёнининг ўзига қизиқиб кетган бола таомни маза қилиб тановул қилади. Болалар муассасада мактабгача бўлган  ёшдаги бола дастурхонни безатиш ишларида иштирок этиши мумкин. Мактабгача бўлган муассасада овқат билан боғлиқ бўлган асосий гигиеник кўникмалар тарбияланади. Овқат ейишга ўтиришдан олдин қўлларини яхшилаб  ювишга, овқатни пухта чайнаб, шошилмай ейишга, дастурхон атрофида ўзини тўғри тутиши (тўғри ўтириш, ошхона анжомларидан ҳамда сочиқлардан фойдаланиш ва ҳоказо)га одатланади.

Болаларнинг фақат тиббий манбалар (озиқ-овқат маҳсулотлари) ҳисобига барча витаминлар билан таъминланиши имкониятини жуда жозибадор туюлади, аммо амалда унга эришиш қийин, ҳатто ёз ва куз мавсумларида ҳам. Овқатланишни яхшилашнинг  энг самарали ва тезкор усули кундалик таомномага витамин-минералли комплексларини, биологик фаол қўшимчаларни, махсус озиқ-овқат маҳсулотларини, бойитилган муҳим микронутриентларни киритишдир.

Йил давомида болалар ва ўсмирлар  турли-туман кўринишдаги фаолият турлари, кўпроқ ақлий ва жисмоний юкламалар билан банд бўлишади. Зўриқтирувчи ақлий меҳнатда оқсилга бой бўлган одатдаги эҳтиёжга нисбатан 10 фоиз кўпроқ бўлади. Бундай ҳолатда кўпроқ таомлар сирасига юқори биологик қийматга эга бўлган, болалар ов-қатланиши учун махсус ишлаб чиқарилган маҳсулотлар киритилиши шарт.


Муҳиддин ШАРИПОВ,

туман санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати ходими.     



Мавзуга оид: