Хотира уйғонса азиз

Инсон хотираси азиз

НАМОЗ ТОЖИНОРОВ ФИДОЙИ ИНСОН ЭДИ

Намоз билан тенгдош эдик. 1979 йилдан то 1985 йилгача у собиқ  "Москва" жамоа хўжалигида бригада бошлиғи бўлиб ишлар, бу вазифага келиб қолганлигини мароқ билан сўзларди. 

- 1977 йилда СамДУнинг математика факультетини тугаллаб қишлоғимиздаги 13-мактабда меҳнат фаолиятимни бошладим, - деганди у суҳбатларимизнинг бирида. Очиғини айтсам, касбимни ниҳоятда севаман. Бироқ кейинги пайт-ларда бригадамизда белгиланган режалар бажарилмай, одамларимиз етарли даромад ололмай қолишди. Ўзингиз биласиз, қишлоқда ердан бошқа даромад келадиган жойнинг ўзи йўқ. Қишлоқ оқсоқоллари уйга келишиб, сендан илтимос, бригада бошлиғи бўлиб ишласанг, ҳисоб-китобни биласан, йўқ дема дейишди. Мен уларга оддий математика ўқитувчи бўлсам, деҳқончиликдан хабарим бўлмаса, дедим. Оқсоқоллар эса биз ўзимиз ёрдам берамиз, дейишди. Шу тариқа бригада бошлиғи бўлиб қолдим.

Ўша пайтда қишлоқ оқсоқоллари янглишмаган эканлар. Намоз Тожиноров Қурилиш қишлоғига бригада бошлиғи бўлгач, тартиб интизомни тўғри йўлга қўйди. Тажрибали деҳқонлар билан бамаслаҳат иш юритиб, колхозчиларни кўнглига йўл топди. Далага  маҳаллий ўғит олиб чиқилишига, ғўза парвариши даврида агротехника қоидаларига катта аҳамият берди. Айниқса, механизаторлар ва сувчиларнинг меҳнатини қадрлади. Чунки пахтадан юқори ҳосил етиштиришда бу икки соҳа вакилларининг хизмати беқиёс бўлишини у яхши англаб олганди.  Қилинган самарали меҳнат ўзининг натижасини берди. Дастлабки йилдаёқ у бошқарган бригада давлатга пахта сотиш режасини ошириб бажаришиб, колхозчилар йил якунида яхши даромадга эга бўлдилар. Шу тариқа Намоз неча йил бригада бошлиғи бўлиб ишлаган бўлса режалар оширилиб бажарилар, унинг номи йиғилишларда ҳурмат билан тилга олинарди. Энг асосийси бригада аъзолари ўзлари қилган меҳнатлари самарасини кўраётганларидан мамнун эдилар.

Бироқ уларнинг қувончлари узоққа чўзилмади. Эндигина деҳқончиликни сир-асрорларини пухта ўрганиб келаётган ташаббускор инсон бригада бошлиғи Намоз Тожиноров айни куч-ғайратга тўлган,  кўнглида бир олам орзулар бўлган пайтда 1985 йилда 29 ёшида бу  оламни тарк этди. Бу инсондан ёрқин хотира ва эсли ҳушли, билимли фарзандлар қолди. Турмуш ўртоғи Гулнора Толлибоева (2003 йилда вафот этди) беш нафар  фарзандини ҳам она ҳам ота  бўлиб вояга етказди. Уларни меҳнатсевар, билимли бўлиши учун астойдил ҳаракат қилди. Катта қизи Зилола тадбиркор, ўғли Салайдин отаси изидан бориб, математика ўқитувчиси бўлди. Айни пайтда 13-мактабда ёшларга билим бераётган бўлса, қизи Нигора ҳам тадбиркорлик қилиб элга хизмат қилмоқда. Афсуски оиланинг яна бир фарзанди Дилдора  отасининг ёшида яъни 29 ёшида оламдан кўз юмди.

- Мен туғилган йили отам вафот этганлигини онажоним кўп бор айтардилар, - дейди ўғли айни пайтда 13-мактабда педагоглик касбини шарафлаб келаётган Элёр Тожиноров. - Отамнинг ажойиб, элпарвар инсон бўлганлигини қишлоқдошларимиз ҳам кўп таъкидлашади. Онам ҳақида ҳам кўп яхши гапларни эшитганман. Уларнинг хотираси олдида доимо бош эгаман. Худди отам ва онам сингари элпарвар бўлишга ҳаракат қиламан.

Дарвоқе, Элёр қишлоғида, аниқроғи мактаби ёнидан мўъжазгина кутубхона ташкил этган. Бу ерда ўзбек мумтоз адабиётидан бошлаб, жаҳон адабиёти дурдоналарини ҳам топиш мумкин. Зиё маскани доимо китобхонлар билан гавжум. Одамларга зиё тарқатаётганидан Элёр ҳам беҳад мамнун.

- Намоз Тожиноров камтарин, кўнгли кенг, фидойи инсон эди, - дейди Авазали маҳалласида яшовчи туман кенгашининг депутати Исрофил Мамарасулов. - Кўп йиллар бригада бошлиғи бўлиб ишлаб, элда эъзоз топган инсонлардан эди раҳматли. Бундай инсонларнинг номи халқ қалбида абадий яшашига ишонамиз.

Қурилиш қишлоғида ёки маҳалладан Намозни таниган, билганлардан у ҳақда сўраганимизда, фақат илиқ фикрлар билдиришди. Зеро шоир айтганидек,

Одамлар борки, тиригида ўлиқдир,

Одамлар борки, ўлганида ҳам тирикдир.


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: