Меҳнат фахрийлари
Меҳнат фахрийлари ҳақида ҳикоялар
ЭЛ ЭЪЗОЗЛАГАН ОНАХОН
Жаннат оналар оёғи остидадир. Ҳадисдан.
Бу онахонни қарийб қирқ йилдан буён яхши танийман. Сабаби қадрдон дўстимиз Собир Амиров ўтган асрнинг ўрталарида район комсомол комитетининг биринчи секретари вазифасида фаолият кўрсатар, биз у билан истироҳат боғида "Балли, қизлар!", Балли, йигитлар!" сингари бир қатор кўпчиликка маъқул бўладиган танловларни ўтказардик. Шу билан бир қаторда бу ерда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари хўжаликларда ташкил этилган ансамбллар томонидан концерт дастурлари намойиш этиларди. Таҳририят билан биргаликда "Нафосат" номи билан аталувчи клуб ҳам ташкил этилганди. Кўпинча ишдан бўш пайтларимизда Собир дўстимиз вақтингиз бўлса қишлоққа бориб онамни бир йўқлаб келайлик, дерди. Мен ҳам бажонидил рози бўлардим. Чунки бир умр колхозларда фаолият кўсатган бу меҳнаткаш аёл билан суҳбатлашиш мен учун ҳам ғоят мароқли эди. Онахон суҳбатларида турмуш ўртоғи Амриддин Қувондиқов ҳам кўп йиллар хўжаликда табелчи, бригада бошлиғи вазифаларида фаолият кўрсатганлигини, биринчи тракторчилардан эканлигини ҳам фахр билан сўзларди. Онахоннинг айтишига қараганда, унинг болалиги ўша машъум уруш даврига тўғри келган. Барча эркаклар урушга кетганлиги туфайли даладаги барча ишлар хотин-қизлар ва болаларга қолган эди. Далада ишлаётганлар гарчи қорни тўйиб нон емасаларда, ғалаба учун меҳнат қилишарди. Тошбуви она ҳам пиллачилик, ҳам даладаги ишларда доимо фаол эди.
- У кунларни эслаш ниҳоятда оғир эди, - дейди онахон ўша оғир дамларни хотирларкан. - Ҳозирги пайтда келинларимиз фарзанд кўргандан сўнг 2-3 йил уйда ўтириб дам олишади. Бизнинг пайтларимизда эса болалик бўлганимиздан сўнг 2-3 кундан кейин далага чиқишга мажбур эдик. Сабаби ишчи кучи кам эди. Ҳали қирқи чиқмаган болаларимизни ҳам далага олиб бориб беланчак ясаб ўша жойда катта қилардик. Энг машаққатлиси, ҳар биримиз кунига 100-150 ғалтакдан далага нури чиқарардик. Асло тиним йўқ эди. Мана шу дўстингиз бўлган Собиржонни ҳам далада катта қилганман. Турмуш ўртоғим билан 60 йил бирга яшадик. Аҳилликда гап кўп, деганларидек, бир-биримизни яхши тушунардик. Оилада эр-хотин бир-бирини қўллаб-қувватласа, фарзандларига яхши тарбия берса, бундан ортиқ бахт борми?
Онахон билан суҳбатлашар эканмиз, бугунги фаровон турмушидан мамнун эканлигини, 10 нафар фарзандлари доимо уни қўллаб-қувватлашларини ва мададкор бўлганликларини фахр билан тилга олади.
Дарвоқе, ҳикоямиз қаҳрамони Тошбуви она Худойназарова Турон маҳалласининг Арпа қишлоғида истиқомат қилади. Бир умр меҳнат қилиб келган ҳикоямиз қаҳрамони ҳали ҳам тетик, уй ишларини ўзи бажаради. Вақти бўлганда эса ҳовлидаги ишларга ҳам қарашиб кетаверади. Бевосита онахоннинг ва у кишининг турмуш ўртоғи марҳум Амриддин аканинг тарбиялари билан оиладаги фарзандларнинг барчаси ўқимишли ва эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишган.
Катта ўғли Собир Тошкентдаги ирригация институтини тугаллаб, кўп йиллар туман ҳокимлигида ва бошқа бир қатор масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатган бўлса, иккинчи ўғли Ҳусан (2020 йил 20 август куни вафот этган) ҳам ўша олийгоҳни муваффақиятли битириб, то умрининг охиригача Лойиш МТПда цех бошлиғи вазифасида самарали фаолият кўрсатди. Кейинги фарзандлари Ҳабиба Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти тугатган бўлса, Манзура СамДУнинг математика факультетини тугаллаб, қатор йиллар 1-ўрта мактабда директор вазифасида самарали фаолият юритди. Фарзандлари Анзират, Азим, Насим, Малоҳат, Одил, Умарлар ҳам ўз мутахассисликларига эга бўлиб, айни пайтда халқимизга муносиб хизмат қилиб келишаяпти. Уларнинг барчаси ўзларига таълим-тарбия берган ота-оналаридан ниҳоятда мамнун эканликларини алоҳида таъкидлашади.
- Отам билан онам бизнинг ёшлигимиздан меҳнатга ва билим олишга ўргатишган, - дейди ўғли Собир Амиров. - Шу сабабли, суягимиз меҳнатда қотди. Оилада кўп китоб ўқилганлиги туфайли ёшлигимиздан билим олишга қизиқдик. Шу боисми, кам бўлганимиз йўқ. Фарзандларимиз ҳам бизнинг изимиздан бориб, илмли ва билимли бўлишга ҳаракат қилишаяпти. Онажонимиз бу йил ўзининг 85 ёшини нишонламоқда. Бу табаррук ёш билан у кишини муборакбод этмоқчиман. Доимо бахтимизга соғ ва саломат бўлишсин.
- Ҳар бир ишимда онамнинг насиҳатларига амал қиламан, - дейди туман кадастр идорасида бош ҳисобчи вазифасида фаолият кўрсатаётган ўғли Одил Қувондиқов. - Чунки онамиз бизга доимо ҳалолликни, меҳнатсеварликни ўргатиш билан бир қаторда одамларга хушмуомала бўлишни уқтириб келади. Чунки ота-онани насиҳатини олган, уларни ардоқлаган фарзандлар ҳеч қачон кам бўлмайди. Онажонимизни юзларга киришини Яратгандан сўраб қоламан.
Биз ўзининг 85 ёшлик юбилейини нишонлаётган, фарзандлари, 34 нафар набира ва 32 нафар чеваралари ардоғида гашли ҳаёт кечараётган табаррук онахон Тошбуви Худойназаровага доимо сиҳат-саломатлик тилаган ҳолда умрингиз зиёда бўлсин, юз билан юзлашиб юринг, элда эъзоз топаётган азиз онахон, деймиз.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
журналист.

Маданият ва истироҳат боғи
- 06 фев, 22:46

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Таълим ва тарбия
- 21 дек, 11:11