Сессия таассуротлари

Шахсий фикр

ДИРЕКТОРЛАР АДОЛАТЛИ ТАСДИҚЛАНАЯПТИМИ?

Жорий йилнинг бошидан мактаб директорлари халқ депутатлари туман кенгашлари сессияларида тасдиқланадиган бўлди. Бу яхшими ёки ёмон? Кузатишлардан шу нарса маълум бўляптики, бу тизимда ҳам ҳали мукаммаллик йўққа ўхшайди. Сабаби мактаб директорлигига учта номзод тавсия этилмоқда. Халқ таълими бўлимлари томонидан кўрсатилган номзодлар ўзаро келишув асосида иш юритишаётганлиги ҳам баъзан сезилиб қолади. Дейлик, мен мактабга директор бўлмоқчиман. Номзодлар сафига ўзимга яқин бўлган ҳамкасбларимни тавсия этаман. Албатта халқ таълими бўлими билан келишган ҳолда. Ваҳоланки, мен тавсия этаётган номзодлар директор бўлишни асло исташмайди. Халқ таълими бўлими томонидан тавсия этилган номзодлар туман ҳокими, аниқроғи кенгаш раиси билан суҳбатдан ўтказилади. Шундан сўнгина номзодлар халқ депутатлари туман кенгаши сессияларида ўзларининг дастурлари билан қатнашиш имкониятига эга бўлишади. Агар туманларда ўртача 30 нафардан депутат бўладиган бўлса уларнинг кўпроқ овозини олган номзод ғолиб чиқади. Шунда мен таниш-билишларимни ўртага солиб ҳар бир депутат билан юзма-юз гаплашиб, менинг номзодим учун овоз беришларини илтимос қиламан. Шундан сўнг депутатлар менинг номзодимни директорликка тасдиқлашади. Албатта бунгача туман ҳокими ҳам менга хайрихоҳ бўлмоғи лозим.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, сессияда ўзингизнинг  дастурингизни аъло даражада эълон қилганлигингиз билан тасдиқланмай қолишингиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки халқ таълими раҳбари, кенгаш раиси ва депутатлар сизнинг номзодингизни қўллашмаса, барча ҳаракатларингиз зое кетади. Шундай экан, энг аввало сиз халқ таълими бўлими раҳбари ва туман ҳокимига, кейин эса депутатларга маъқул бўлишингиз керак чамамда. Шу боис, бу борада бошқача бир низом қабул қилиш лозимга ўхшайди. Ґозирги директорларнинг тасдиқланиши ҳам гўёки сайловларда бўлаётган айрим "ғирромликлар"га ўхшаб кетади. Чунки сизни халқ таълими раҳбари ва ҳоким сессияда номзодингизни тасдиқламайдиган бўлса, у ҳолда ҳеч нарса қилолмайсиз…

Халқ таълими тизимида ислоҳотлар бўлиши учун кенг йўл очилмоқда. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Жумладан биз ҳам. Сабаби, кўриб гувоҳи бўляпмиз. Ґозирги   пайтда мактабларнинг юқори синфларида ўқиётган ўғил болаларнинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари ва ўқишларига, лозим бўлса улар билан худди отасидек суҳбатлашадиган директор эркак кишилардан бўлиши керак, деган фикрдаман. Афсуски, ҳозирги пайтда тахминимча мамлакатимизда мактаб директорларининг аоссий қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Бу билан аёллар мактаб директори бўлмасин, демоқчи эмасмиз. Фақат бу борада адолат бўлиши лозимлигини айтаяпмиз, холос. Гендер тенглиги бўйича директорларнинг 50 фоизи аёллардан бўлса, 50 фоизи эркаклардан бўлиши лозим эмасми? Шуми бизда гендер тенглик дегани? Масалан, бизнинг туманимизда мавжуд 57 та умумтаълим мактабларининг 30 тасида аёллар директорлик вазифасини бажариб келишмоқда. Шуниси ачинарлики, айрим мактабларни бошқараётган аёлларнинг на тажрибаси бор, на ўз касбига бўлган фидойилиги. Ваҳоланки, мактаб директорлигига ташаббускор, ўз фанини чуқур биладиган, етарли тажрибага эга бўлган педагоглар қўйилиши лозим-ку. Халқ таълими вазирлигидаги масъул раҳбарлар бу масалага эътибор беришса, мақсадга мувофиқ бўларди.


Мавзуга оид: