Фан ва таълим

АНИҚ ФАНЛАР ОЙЛИГИ МАЗМУНЛИ ЎТДИ

Маълумки, умумтаълим мактабларида ташкил этилаётган фан ойликлари ва фан ойлиги доирасида олиб борилаётган турли хил қизиқарли тадбирлар, очиқ дарслар ўқувчиларнинг билим ва ижодкорлигини ошириш билан бир қаторда уларнинг фанга бўлган қизиқишларини, меҳр-муҳаббатларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боисдан мактабимиз ўқувчилари барча фанлар сингари аниқ фанлар ойлигини ҳам ўзгача қизиқиш ва кўтаринкилик билан кутиб олишади. 

Фан ойлиги доирасида ўқувчилар томонидан тайёрланган фанга оид кўргазма қуроллар, синфлар кесимида деворий газеталар, ижодий ишлар кўргазмалари тайёрланиб, ўқув йили давомида олган билимларини синовдан ўтказиш мақсадида қизиқарли беллашув ва викториналар ташкил этилди.Бу беллашувларда 5 "В"-синфнинг "Аланга", 8 "А"-синфнинг "Ал-Хоразмий", 9 "А"-синфнинг "Беруний" гуруҳлари ғолиб чиқишди. 

Шунингдек, аниқ фанлар ойлигига бағишлаб ўтказилган фестивалда 9, 10, 11-синф ўқувчилари ўртасида "Математик билимдон"шоуси ташкил этилди. Ушбу тадбирга фахрий ўқитувчиларимиздан Ойшакар  Тошқулова, Шоди Холмоновлар таклиф этилди. Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилган ушбу тадбирда 8,9-синф ўқувчилари рақамлар сирлари ҳақида, 10-синф ўқувчилари  "Ал-Хоразмий" ҳақидаги шеърлари билан барчага манзур бўлишди. Айниқса, 7 "А"-синф ўқувчиси Ш.Бурхоновнинг Ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб айтган шеъри барчани ҳайратга солди. 8,10-синф қизлари ўзларининг гўзал рақслари, дуторда чалган куйлари билан ушбу тадбирга байрамано кайфият бахш этишди.

Тадбир якунида "Математик билимдон"шоуси ғолиби деб топилган 9 "А"-синф ўқувчиси Фирдавс Сапаров фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Ушбу совғани фахрий ўқитувчи О.Тошқулова топширар экан, барча ўқувчиларга келгусидаги ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилади.

Биз ўқитувчилар эса бу каби қизиқарли тадбирларимизни нафақат фан ойликларида, балки доимий равишда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ва қизиқарли ўтишини таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилишни ўз бурчимиз деб ҳисоблаймиз.


 Г.САФАРОВА,

29-мактабнинг математика фани ўқитувчиси.