Депутат ва ҳаёт

ДЕПУТАТ ХАЛҚНИНГ ОРАСИДА ЯШАЙДИ

Туман кенгашининг депутати бўлиб сайланганимдан буён ҳар доим сайловчиларимнинг яшаш шароитлари, оилавий ҳаёти, ютуқ ва муаммолари билан танишиб, ечимларини топишга ҳаракат қиламан. «Узунқишлоқ» маҳалласининг сайловчилари овоз бериш чоғидаёқ юксак ишонч билдиришиб, ўзларининг таклиф ва талабларини баён этган  эдилар. Халқ ишончини оқлаш, сайловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, раҳматларини эшитиш ҳар бир депутат учун шарафдир. «Узунқишлоқ» маҳалласида 4080 нафар аҳоли яшайди. Жумладан 2217 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар, 420 нафар пенсионерларни ташкил этади. 59 нафар 2 ёшгача фарзанди бўлган оналар, 49 нафар 14 ёшгача фарзанди бўлган оналар нафақа олишмоқда.  Маҳалла маъмурияти билан ҳамкорликда боқувчисини йўқотган 13 та оиланинг аҳволидан мунтазам равишда хабар олиниб, амалий ёрдамлар бериб келмоқдамиз. 

«Учтепа» маҳалласининг 3644 нафар аҳолисининг ҳолидан хабар олиш барча мутасадди раҳбарлар қаторида депутатларга катта масъулият юклайди. Маҳалланинг «Аёллар дафтари»га 43 нафар хотин-қизлар рўйхатга олинган бўлиб, барчасининг оилавий шароити ўрганиб чиқилган ва тегишли тавсия ҳамда чоралар белгиланган. «Ёшлар дафтари»га киритилган 16 нафар йигит-қизлар иш билан таъминланди, тўрт нафар ёшларга имтиёзли кредит берилди, ишсиз ёшларга  битта тикув машинаси ҳамда  мультикультиватор тақдим этилди. 5 киши  ер билан, 12 нафар ёшлар пул маблағлари билан таъминланди. 

Сайловчиларимнинг барча сўровларига  амалий жавоб бериб, халқ таълими,  соғлиқни сақлаш ҳамда  маҳалла ва ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Депутатлик сўровларига ўз вақтида ечим топиш, сайловчиларнинг таклиф ва талабларини, ҳудуддаги долзарб муаммоларни туман кенгаши муҳокамасига қадар олиб чиқиш, чора-тадбирлар белгиланишини ташкил этиш бугунги кун депутатларидан биринчи галда фидойилик, тажриба, билим ҳамда ташкилотчилик маҳоратларини талаб этади.  

Нусрат ҲАСАНОВ, 

туман кенгашининг депутати.

Мавзуга оид: