Онахонни хотирлаб
ФИДОЙИ ПЕДАГОГ, МЕҲРИБОН ОНА ЭДИ
Дунёда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг бутун умрини ўзгалар ташвиши, қувончи ва келажаги учун бахшида этишни муқаддас бурч деб билади. Улар ҳаётлиги пайтидаёқ оиласи, яқинлари, ҳам- касблари, ҳамқишлоқлари ўртасида ўзининг қилган эзгу амаллари, инсонийлик фазилатлари билан ўзгалар қалбидан жой эгаллашиб, эътибори ва эътирофларига сазовор бўлишади.
Мавжуда она Исоқулова ҳам ана шундай бағри кенг, меҳри дарё инсонлардан бири эди. У 1951 йил 6 март куни Жар қишлоғида туғилган. 1967 йилда ўрта таълим мактабини тугаллаб, 1970 йилда ўзи ёқтирган касби педагогликни эгаллаш мақсадида Самарқанд хотин-қизлар билим юртининг сирт-қи бўлимига ўқишга кириб, 34-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ўз иш фаолиятини бошлади. 1977 йилда эса Самарқанд педагогика институтига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тугаллаб, олий маълумотли педагог дипломига эга бўлди.
Мавжуда Исоқулова 30 йил давомида туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган 34-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида самарали меҳнат қилди. Кўплаб шогирдлар етиштирди. Тажрибали, фидойи педагог сифатида ҳамкасблари, жамоаси, ҳамқишлоқлари, қолаверса, туман миқёсида ҳам юксак ҳурмат ва эътибор қозонди. Ўз умрини ёш авлод тарбиясига бахшида этган фидойи педагог келажагимиз ворисларига таълим-тарбия бериш билан бир қаторда маҳаллада яшайдиган катта-ю кичик ҳамқишлоқларидан ҳам ўзининг қимматли маслаҳатини аямасди, маҳаллада ўтадиган ҳар бир тадбирга бош-қош бўлишни ўзининг бурчи деб ҳисоблар эди. Шунингдек, М. Исоқулова ўз оиласида ҳам меҳрибон она сифатида 4 қиз ва 2 нафар ўғилларини рисоладагидек тарбиялаб вояга етказди, уйли-жойли қилди.
2021 йилнинг 5 март куни меҳрибон она, фидойи педагог Мавжуда Исоқуловани 70 ёшида бевақт ўлим орамиздан олиб кетди. Унинг оила-аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Мавжуда Исоқулованинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди.
Бир гуруҳ ҳамқишлоқлари.