Муқаддас аёл
АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ БУЮКЛИК РАМЗИ
Барчамизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўъжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур эта олмаймиз.
Ана шундай эзгу мақсадлар билан юртимизга ташриф этган баҳор фасли ўзи билан бирга Халқаро хотин-қизлар байрамини олиб келиб, бу байрам шукуҳи бутун мамлакатимиз бўйлаб баралла янгради, дилларга қувонч ва шодлик бахшида этди. Шуни эътироф этиш керакки, бу йилги байрам шодиёналари ҳар йилгидан ўзгача ўтганлиги билан алоҳида эътиборга моликдир. Айниқса, республикамиз миқёсида бўлиб ўтган байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минбардан тушиб, дастурхон атрофида вилоятлар, чекка қишлоқлардан келган аёллар билан суҳбатлашганидан барчамиз таъсирландик: "Мақсадим энг чекка қишлоқдаги хотин-қизларнинг ҳам оғирини енгил қилиш, кўзида ёш кўрмаслик", деди давлатимиз раҳбари.
8 Март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан туман ҳокимлиги ташаббуси билан туман марказидаги "Бўстон она" базмгоҳида тумандаги аёллар ва латофатли қизларимиз учун байрам дастурхони ёзилди. Тадбирда туманимиз равнақи йўлида фаолият олиб бораётган барча хотин-қизлар, мунис онахонлар иштирок этишди. Соҳа меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган байрам тадбирида туман ҳокими Н.Сулаймонов иштирок этиб, барчани айём билан қутлади.
Тадбир давомида туманимиз равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ аёллар муносиб тақдирландилар. Байрам тадбирида туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастурлари ҳамда таниқли эстрада хонандаси Анвар Санаев ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Дарҳақиқат, Аёл деганда кўз олдимизга энг аввало мўътабар онамиз, қадрли бувижонларимиз, мунис опа-сингилларимиз келади. Уларга қанча эътибор, ғамхўрлик қилсак, қувонтиришга уринсак барибир оздир. Шундай бўлсада, ана шу буюк зот қаршисида таъзим қилиш, уларни йўқлаш, ҳолидан хабар олиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Бу борада ўзининг бутун умрини келажагимиз ворислари бўлган ёшлар тарбиясига бахшида этишдек машаққатли, аммо шарафли касб эгаси бўлган халқ таълими фидойиларининг номини ҳам ҳурмат билан тилга олсак арзийди.
Роҳатой Нурматова ана шундай фидойи устоз педагогларимиздан биридир. Бугунги кунда ўзининг етмиш еттинчи баҳорини қарши олаётган онахон қарийб ўттиз йиллик умрини ўзининг севимли касби бошланғич таълим ўқитувчиси соҳасига бахшида этиб, 30-умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритди. Она сифатида ўзининг 8 нафар ўғил-қизларини тарбиялаш билан бир қаторда у ўз шогирдларига таълимнинг ўзига хос мураккаб жараёни ҳисобланган бошлан-ғич таълим сабоқларини бериб, кўплаб шогирдлар етиштиришга, уларнинг жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритишига замин яратди. Бугунги кунда фахрий педагог Роҳатой Нурматова жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган шогирдлари нафақадаги педагог М. Умрзоқова, туман меҳнат бандлигидан Н.Усмонов, туман экология бўлимидан М.Сайдуллаев ва бошқа юзлаб шогирдларини фахр билан тилга олади. Юртимизда бу каби онахонлару фидойи педагоглар эса кўплаб топилади.
Байрам арафасида вилоят Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи А.Болиев ва туман халқ таълими бўлими ходимлари тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатган, айни вақтда кексалик гаштини сураётган фахрий педагоглар хонадонларига ташриф этишди. Жумладан, 1-умумтаълим мактабида 35 йил география фанидан дарс берган 88 ёшли фахрий педагог Муҳтарам Извошева, 30-умумтаълим мактабининг нафақадаги бошланғич таълим ўқитувчиси Роҳатой Нурматова ҳамда 45-ИДУМнинг нафақадаги рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Таскира Батриддиноваларни баҳор байрами билан қутлашиб, ўзларининг совғаларини тақдим этишди.
Шунингдек, 18-умумтаълим мактабининг ижтимоий ҳимояга муҳтож 2-синф ўқувчиси Беҳрўз Зокировнинг онаси Ҳилола Ҳайдаровага тикув машинаси совға қилинди.
Ўз мухбиримиз.